ИМОМ ФАХРИДДИН АР-РОЗИЙ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ БИЛИМ ЮРТИ

Имом Фахриддин ар–Розий ислом билим юрти 1992 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан таъсис этилиб, шу йилдан ўз фаолиятини бошлаган.

Билим юртида таълим жараёни 2003 йилда тасдиқланган диний таълим стандарти асосида ва 2006 йилда 3220403-код билан белгиланган “Диншунослик” таълим йўналиши ўқув режаси асосида олиб борилмоқда.

2005 йилда билим юрти Урганч шаҳар И. Дўсов кўчасида жойлашган иккита янги бинога кўчиб ўтгандан сўнг билим юртида иш фаолияти ва дарс бериш жараёнлари йилдан-йилга яхшиланиб, моддий техник базаси йил сайин бойитиб борилди. Талабаларнинг ҳам илмий савиялари яхшиланиб борди.

Билим юртига Республиканинг барча худудларидан талабалар келиб таҳсил ола бошладилар. Талабалар Республика босқичидаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам иштирок этиш бахтига муяссар бўлишди. Жумладан, Республика қорилар мусобақасида билим юрти талабаси Акбаров Билолиддин 2013 йилда 2-ўринни, Ҳасанов Муҳаммадвали 2014 йилда 1-ўринни эгаллаб, Қувайт давлатида ўтказилган Халқаро қорилар мусобақасида иштирок этиб қайтди. Рўзиев Асадулла 2016 йилда мужаввидлик йўналишида Республикада фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Москва шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада иштирок қилиб қайтди. Ҳамидов Муҳаммадюсуф 2017 йилда мужаввидлик йўналишида Республикада фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. 2017 йилда билим юрти талабалари “Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз” кўрик танловида Республикада фахрли 3-ўринни қўлга киришди.

Спорт йўналиши бўйича ҳам талабаларимиз 2012 йилда шахмат бўйича, 2013 йилда кураш бўйича биринчиликларни қўлга киритишди.

Сўнгги йилларда таълим тизимида илғор педагогик технологиялар жорий қилиниб, мударрисларнинг малакалари доимий равишда ошириб борилмоқда. Талабаларга бугунги кунда малакали олий маълумотга эга бўлган 15 нафар асосий ва 8 нафар ўриндош мударрислар дарс беришмоқда.

Талабаларнинг ҳам илмий савиялари кўтарилиб, 2-курсдан бошлаб талабаларимиз, араб тилидаги матнларни мустақил равишда грамматик таҳлил қила олиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Талабалар билан дарслардан кейин ҳам қўшимча машғулотлар олиб борилиб, уларнинг билим савияларини ошириш йўлида доимий ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, талабаларнинг Ислом динининг соф ақидасини мустаҳкам эгаллашлари, ҳар томонлама чуқур диний ва дунёвий билимларга эга бўлишлари, бир нечта чет тилларини биладиган, компьютер саводхонлигини эгаллаган, адашган ва ёт фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қарши раддиялар бера оладиган етук қадрлар қилиб тарбиялаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ақида ҳамда фиқҳ дарсларида фақатгина матнларни ёдлатиш билан кифояланмасдан ханафий мазҳабида кўзга кўринган уламоларнинг уларга ёзилган шарҳлари асосида ўқитилиб, матнларни қувватловчи ханафий мазҳаби ушлаган далиллар билан ўқитилмоқда.

Шунингдек, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида махсус стипендиялар ҳам жорий қилинган. Ҳар йили ҳомийлар кўмагида кам таъминланган ва иқтидорли ўнлаб талабаларга ўқув шартнома тўловларини тўлашда моддий ёрдам бериб келинмоқда.

Талабаларнинг ўзлари учун зарур бўлган маълумотларни осонлик билан олишлари учун Ахборот ресурс маркази ташкил қилинган бўлиб, у доимий равишда янги адабиётлар ва кераклик техник жиҳозлар билан бойитиб борилмоқда. Талабаларнинг керакли фан дарсликлари билан таъминланганлик 99.5% фоизни ташкил қилади. Сўнгги уч йил давомида АРМ фонди 6200 адабиётдан 381 хил номдаги 10264 китобга кўпайди.

Шунингдек, талабаларга қўшимча дарс ва касб-ҳунар ўргатиш мақсадида дарсдан кейин “Компьютер сабоқлари”, “Хаттотлик” ҳамда махсус фанлардан “Араб тили”, “Қуръони карим”, “Фиқҳ”, “Тафсир” фанлари бўйича тўгараклар иш олиб бормоқда. Шу билан биргаликда ётоқхонада сартарошхона ҳам ташкил қилинган бўлиб, хоҳловчиларнинг сартарошлик касби билан шуғулланишлари ҳамда ўрганишлари учун шароит яратилган.

Билим юрти моддий техник базаси ҳам йилдан-йилга тобора бойитиб борилмоқда. Бугунги кунда билим юртида 120 ўқувчи сиғимига эга бўлган 1 та ўқув биноси, 85 ўринлик 1 та талабалар турар жойи, 2 та тахоратхона, ошхона, овқатланиш хонаси мавжуд. Шунингдек, 25 та компьютер, 4 телевизор, 8 та кузатув камералари, 1 видеопроектор, 1 автомашина мавжуд.

2005 йилда Хоразм вилояти ҳокимининг қарори билан Хоразм вилояти телевидениясига тегишли бўш турган 2 та капитал таъмирга мухтож бинони билим юртимизга беркитиб берилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда хомийлар кўмагида ётоқхона ва ўқув биноси капитал таъмирланиб ўқув хоналарига мослаштирилиб, талаб даражасига олиб келинди. Талбаларимиз учун барча шарт шароитлар яратиб берилди. Бугунги кунда ислом билим юртларига талабалар қабул квотлари оширилганлиги, ўқув хоналари ва ётоқхона торлик қилиб қолаётганлиги, шу билан биргаликда билим юрти ўқув биноси айнан таълим олиш учун мўлжаллаб қурилмаганлиги сабабли билим юртини янада кенгайтиришга ҳамда замон талаблари даражасида ўқув биноси, ётоқхона ҳамда спорт зал қуришга эҳтиёж туғилмоқда. Шуларни эътиборга олиб қўшимча билим юртимизга замон талаблари даражасида ўқув корпуси ҳамда ётоқхонани ўз ичига олган қўшимча янги бино ҳамда спорт зал янгидан барпо қилиш зарур.

Билим юртида бугунги кунда Республиканинг барча худудларидан келган жами 117 нафар талабалар таҳсил олмоқда.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида бугунги кунгача жами 349 нафар ёшларга диний ва дунёвий билимлардан сабоқ берилди. Шулардан 22 нафарига Қорақалпоғистон Республикаси қозиётига 52 нафарига бошқа вилоят вакилликларига йўлланма берилди. Қолган битирувчиларимиз эса, воҳамиз ҳудудидаги жомеъ масжидларда имом хатиб ва ноиб имом вазифаларида фаолият кўрсатиб, халқимизга соф ислом дини ғояларини етказишда хизмат қилмоқдалар. Шунингдек, битирувчилардан Тошкент юридик институтини, Тошкент ислом институтини ва Урганч Давлат Университетини тамомлаганлари ҳам бор. Ҳозирги кунда билим юрти тугатган талабалардан 12 нафари Тошкент ислом интитутида, 3 нафари Бухоро Мир Араб олий мадрасасида, 1 нафари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида, 1 нафари Тошкент ислом университетида ўқишни давом қилдирмоқдалар.

Ёшларни маънан баркамол қилиб тарбиялаш, динимизга ёт экстремистик оқимлар таъсиридан ёшларни асраш, бутун ислом оламининг қарийб ярмини ташкил этувчи ҳанафийлик мазҳаби асосида ёшларимизга таълим тарбия бериш, аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – улуғ мақсадимиздир.

Билим юрти мудири: Д.Абдуқодиров