Ёмонликлар яхши амалларни йўқ қилади

Инсоннинг яратилиш табиатида гунох қилишга мойиллик бор. Ислом шариати томонидан қайтарилган ҳар бир ёмон нарса инсонлар томонидан ёмон кўрилган ёки жамият учун бирор-бир зарарли иллат ёки бошқа инсонлар учун зулм бўлиши мумкин. Жумладан: ўғирлик, талончилик, зинокорлик, фохишалик, хиёнат, бировни хақорат қилиш, бировни уриш, сўкиш, айшпарастлик, такаббурлик, зулм қилиш ва бошқа динимизда харом қилинган ва таъқиқланган нарсалар. Бу иллатларни қилишда инсониятни нафсида мойиллик мавжуд. Ислом шариати эса бунақа нарсаларни инсониятга харом қилган. Кўриниб турибдики, инсон ўз нафси истаб турган нарсадан воз кечиши, ўзига-ўзи қарши боришидир. Ўзига-ўзи қарши бориши, ўзи нафси билан жиҳод қилишликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом нафсга қарши курашишни катта жиҳод деганлар.
Инсон ўз нафсини шариатимиз кўрсатмалари асосида тарбиялар экан унда комил инсонийлик, гўзал хулқ, ёрдамсеварлик, тавозеълик, меҳр-шафқат, қадр-қиммат каби гўзал хислатлар шаклланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим”, дея марҳамат қилганлар.
Хақиқатдан ҳам нафс истакларига қул бўлиш инсонни турли тубанликларга олиб боради. Бунинг натижасида жамият учун энг хавфли зарарли иллатлар юзага келади. Мисол учун, зинокорлик оилаларнинг дарз кетишига, хиёнатга, фахшга, ўртада фарзандларни сарсон-саргардон бўлиб етим, қаровсиз қолишига ёки зинодан инсонийлик фазилатларидан йироқ фарзандлар туғилишига олиб келади. Ўғирлик, талончилик инсонларни умр бўйи меҳнат қилиб топган мулкини харом йўл билан ўзиники қилиб олишга, зулмга олиб боради. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилиб:
اني حرمت الظلم علي نفسي و جعلته بينكم محرما فلا تظالموا
“Албатта, Мен зулмни ўзимга харом қилдим. Сизларнинг ўрталарингизда ҳам зулмни харом қилдим. Шундай экан бир бирларингизга зулм қилманглар”, дея марҳамат қилади.
Мана шулар эътиборидан инсон ҳаётида қилган қилмишлари учун Яратганнинг ҳузурида яхшилик қилгани баробарида мукофот, ёмонлик гунох қилгани баробарида жазо олади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло “Аммо кимики туғёнга кетиб, хаддидан ошган бўлса ва бу дунё хаётини устун қўйган бўлса, Бас, албатта Жахим ўрин бўладир. Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса, Бас, албатта жаннат ўрин бўладир.” (Назиот сураси 36-41 оятлар) бу ерда келтирилган энг асосий нарса инсон гунох қилишга қодир бўлиб нафси хакалак отиб гунох қиламан деб турганда, иймони билан Роббисидан қўрқиб ўзини гунохлардан тийиши инсонни жаннатга киришига сабаб бўлиши келтирилмоқда.
Шулардан билишимиз мумкинки, Ислом шариатида буюрилган ишларнинг барчаси яхшиликка олиб боради. Қайтарилган ишлардан тийилиш эса инсонларни гўзал хулқ эгаси бўлишга олиб келади. Жумладан, ибодатларни самараси ўлароқ инсонда гўзал хулқлар шаклланиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эхсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”, дея марҳамат қилур. (Нахл сураси 90 оят) . Шунингдек, бошқа ояти каримада: “Сизга китобдан вахий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта намоз фохиша ва мункар (қайтарилган) ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз билур.”, дейилур. (Анкабут сураси 45 оят). Ушбу оятлар мазмуни ўлароқ инсоннинг қилаётган ибодатларининг самараси унда намоён бўлиши унда гўзал ахлоқ, комил инсонийлик шаклланиб, ёмон ишлардан тийилиши лозим.
Аммо бугунги кунда ушбу Қуроъни каримдаги таълимотларга зид тарзда ер юзида бузғунчилик қилиш, террор амалиётларни амалга ошириш, суиқасд қилиш, талончилик қилиш каби ислом шариати қайтарган нарсаларни исломдан деб қилаётган кимсалардан ислом ва мусулмонлар мисли кўрилмаган кулфатларни кўришмоқда. Исломда бундай амаллар буткул харом қилинган. Буни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда кўриб ўтамиз: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муфлис кимлигини биласизларми дедилар.” Сахобалар муфлис бизни ичимизда дирхами ҳам, матоси ҳам йўқ киши деб биламиз дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “умматимдан бўлган муфлис қиёмат кунида намоз, рўза, закот билан келади. Ва лекин бировга сўккан ва бировга тухмат қилган ва бировни молини еган ва бировни қонини тўккан ва бировни урган. Унинг хасанот амаллари унга ва бунга берилади. Унинг зиммасидаги нарсалар тугамасдан хасанот амаллари тугаб қолса хақдорларнинг хатолари олиниб унга юкланади. Сўнгра дўзахга ташланади.” (Муслим ривояти)
Хулоса ўрнида авваллари ибодатлик одамга нисбатан одамларда ишонч бор эди. Чунки улар бир-бирларининг омонатларига хиёнат қилишмасди. Йўлда бирор кимсанинг хамёнини топиб олса унга етказиб беришга харакат қиларди. Шунингдек, мусулмон кишидан бировга ёмонлик етмаслигидан одамлар хотиржам эдилар. Аммо бемазҳаблик ақидасидаги қаттоллар юзага келдию улар мусулмонликка зид дағаллик, қўполлик, таънакорлик, талончилик, қотиллик каби нарсаларни ўзларига касб қилиб олдилар. Ва буни ўзларича ислом ва мусулмончилик шу деб кўрсатишмоқда. Бу эса ғарбда динимизга нисбатан турли таъна тошлари отилишга сабаб бўлишмоқда. Аллоҳ таоло юборган пок ислом дини бундай тубанлик пасткашликдан йироқдир. Шундай экан динимизни соф ушлайлик. Бундай динбузарлардан хазар қилайлик.

Имом фахриддин Ар-Розий ислом билим юрти мудири Д.Абдуқадиров

You may also like...

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan