Аррозий ўрта махсус билим юрти

НОТЎҒРИ АҚИДАГА ТАЯНГАН ҲАЛОК БЎЛАДИ!

Ҳар қандай ақлли инсон қаердан, қандай маълумот олмасин уни албатта текшириб кўриши унга кўр – кўрона эргашиб кетавермаслиги керак.

Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36), — деган хитобига қатъий амал қилиш лозим.

Бу борада Абдллоҳ ибн Муборак (раҳмаҳуллоҳ): “Дин – бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг”, — деганлар.

Шундай экан ҳар биримиз ҳар қандай кўринишдаги маълумотлар ҳоҳ у интернет тармоқларида бўлсин ҳоҳ матбуотда бўлсин уни текшириб кўрмасдан кўр – кўрона эргашиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши билишимиз керак.

Ислом дини таълимотига кўра, ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади.

Улуғларимиздан бирлари ақида хусусида шундай ёзганлар:

“Ақида билмаган Шайтона элдир

Гар минг йил тоат деб қилса елдир ”

Эътиқод илмини билишлигимиз нихоятда зарур эканлигига бу байт далолат қилмоқда.

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобои киромлар билан ўтирган холларида ерга узун чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар.

Кейин ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36 та чизиқ тортиб, “Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошидан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир” дедилар – да, сўнгқуйдаги ояти каримани ўқидилар:

“Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс холда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир”(Анъом, 153).

Исломий низомлар (Исломнинг тизими) асосий икки қисмга бўлинади. Улар ақида ва шариатдир.

Шариат – бу Муқаддас Ислом дини келтирган ибодатлар ва муомалотларни ўз ичига олган таклифотлардир.

Ақида – бу мўмин қалбан эътиқод қилиши вожиб бўлган илмий асослардир.

Ислом ақидаси бошқа эътиқодлардан бир неча жиҳатдан афзаллиги билан ажралиб туради.

У Раббоний ақида бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан Жаброил алайҳиссалом воситаси билан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий қилингандир. Шунингдек, у инсоннинг пок табиатига мувофиқдир.

У собит ақидадир. Замонлар ва маконлар ўзгариши билан ўзгармайди. У инсонлар томонидан яратилган назариётлар эмас. У инсоннинг шароити ва барча талабларига мос келади. У рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ва ўта ишончли далиллар устига қурилган асослардир.

Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолатут Тавҳид» китобида: «Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади”, дейди.

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва қисқаси Аллома Али Қорининг “Ал-Фиқҳул Акбар”га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”. Аллоҳ таоло: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир»(Исро сураси, 81-оят), деб марҳамат қилади.

“Ботил” сўзи луғатда ёлғон, беҳуда, пуч, асоссиз деган маъноларни англатади.

Фиқҳ энциклопедиясида: «“Ботил” шариатда асли ва васфи бўлмаган нарсадир», деб таърифланган.

Уламолар, ботил ибодат ва муомалотда бўлади, худди “ботил намоз”, “ботил савдо” каби, дейишган.

“Ботил” кўпроқ “ҳақ” сўзига зид маънода ишлатилади. Масалан, ботил ақида, ботил йўл, ботил далил, ҳужжат.

Қуръони каримда “ботил” сўзи ҳаққа тескари маънода келган: «Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб ҳақни яширасизлар»

(Оли Имрон сураси, 71-оят).

“Ботил” сўзи Аллоҳ таолога бирор нарсани тенглаштириш маъносида ҳамда шариат ҳукмларига зид нарсаларга ҳам ишлатилади: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», (Бақара сураси,188-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади. Мана шунга ботил дейилади”, деганлар.

Балоғат ва мантиқ олимлари наздида ботил – сўзда ёлғон ишлатиш ирода қилинадиган нарса.

Ирфон (тасаввуф) уламолари наздида эса ботил деб Аллоҳ таолога тенглаштирилган нарсага айтилади. Улар: “Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарса ботилдир”, дейишади.

Азизлар ҳаммамиз бандамиз камчилликларимиз бисёр, шунга қарамасдан тўғри йўлни танлаш учун ақлимиз етарли, Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг тўғри йўлидан айирмасин.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ Мудир муовини