Аррозий ўрта махсус билим юрти

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЖАННАТНИНГ НЕЧТА НОМИ ЗИКР ҚИЛИНГАНИНИ БИЛАСИЗМИ?

Қуръони каримда жаннатнинг ўнта номи айтилган:

1. Жаннатул хулд, яъни мангулик жаннати:
«Бу яхшими ёки тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими? (Жаннат) улар учун мукофотдир, қайтиш жойидир» (Фурқон сураси, 15-оят)

2. Мақомул амин, яъни омонлик жойи;
«Тақводорлар омонлик жойидадир. Улар боғ-роғлар ва булоқларда бўлурлар» (Духон сураси, 51, 52-оят).

3. Фирдавс:
«Иймон келтирган ва яхши амал қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлган» (Каҳф сураси, 107 оят).

4. Равза:
«Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар равзада шодланурлар» (Рум сураси, 15 оят).

5. Жаннату адн:
«Адн жаннати. Унга кирганларида тагидан анҳорлар оқиб турур, у ерда улар учун истаган нарсалари муҳайёдир. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар» (Наҳл сураси, 31 оят).

6. Дорус Салом;
«Уларга Робблари ҳузурида дорус-Салом (тинчлик диёри) бордир. У Зот қилган ишлари учун уларнинг дўсти бўлур» (Анъом сураси, 127 оят).

7. Жаннатул маъво:
«Ҳа, иймон келтириб, яхши амал қилганларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир» (Сажда сураси, 19 оят).

8. Жаннату наъим:
«Уларнинг ҳар бири жаннату наъимга киритилишни тамаъ қиладими?» (Маъориж сураси, 38 оят).

9. Дорул муттақийн, яъни тақводорлар диёри:
«Тақводор зотларга: «Роббингиз (Пайғамбарига) нимани нозил қилди?» дейилганида улар: «Яхшиликни» дерлар. Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Лекин шак-шубҳа йўқки, охират диёрни янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг турар жойлари нақадар яхши!» (Наҳл сураси, 30 оят).

10. Дорул муқома, яъни истиқомат диёри:
«У Зот бизни Ўз фазли ила шундай жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам, ҳорғинлик ҳам етмас» (Фотир сураси, 35 оят).

М.Юнусхўжаев

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси