Аррозий ўрта махсус билим юрти

МОВАРОУННАҲР УЛАМОЛАРИНИНГ ДИНИМИЗ СОФЛИГИ ЙЎЛИДА ТУТГАН ЎРНИ

Мовароуннаҳрдан ўтган ўн тўрт аср мобайнида Ислом тамаддунига катта ҳисса қўшган минглаб олимлар етишиб чиққан ва ўзларидан бой маънавий мерос қолдирганлар. Мазкур олимлар саъйи-ҳаракатлари билан турли даврларда пайдо бўлган дин борасидаги тушунмовчилик ва ихтилофларни олдини олиш ҳамда уларни бартараф қилишга алоҳида ҳисса қўшганлар.

Маълумки, Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Мазҳабнинг бу ҳудудга кириб келиши ва тарқалишида албатта, Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-217/767-832)нинг ўрни катта бўлиб, у бу ҳудуддаги ҳанафий мазҳабининг дастлабки олими ҳисобланади. У илм олиш мақсадида Бухородан Бағдодга боради ва у ерда имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 188/804 й.)га шогирд тушган. Олим буюк фақиҳ даражасига етишган ва “Усул ал-фиқҳ”ни яратган йирик олим бўлган. Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро “Қуббат ул-ислом” (Ислом динининг гумбази) унвонини олган.

Аҳли сунна ақидасини муҳофаза қилишда бу ўлкадан етишиб чиққан олимларнинг ҳиссаси жуда каттадир. Жумладан, бу борада “Аҳл ас-сунна вал-жамоа”даги йирик таълимот – мотуридийлик асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ўрни беқиёсдир. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий (256-332/870-944) бўлиб, у фиқҳ, калом, ҳадис ва бошқа илм соҳалари бўйича йирик олим. У “Имом ал-ҳудо” (Ҳидоят йўли имоми) ва “Имом ал-мутакаллимин” (Мутакаллимлар имоми) номлари билан улуғланган. У ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан ҳисобланиб, устозлари силсиласи бевосита Имом Абу Ҳанифага (80-150/699-767) боғланади. Имом Мотуридийнинг асосий асарлари “Китоб ат-тавҳид” (Яккахудолик ҳақидаги китоб), “Таъвилот аҳл ас-сунна” (Суннийлик анъаналари шарҳи)дир. “Китоб ат-тавҳид” билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳиётининг биринчи асари ҳисобланади. У соф дин доирасидан чиқмаган ҳолда акл-идрокни улуғлайди ва мантиқан асосланган билимнинг аҳамиятини таъкидлайди. Имом Мотуридий Абу Ҳанифа(р.а.) қарашларини тушунтириб бериб, уни ривожлантирди.

Ақоид илмида мотуридий мактабнинг Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган йирик олимларидан қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш керакки, улар ҳанафийлик мазҳабининг йирик намоёндаларидан бўлишлари билан бир қаторда, мотуридия таълимоти бўйича ақоид илмига атаб алоҳида асарлар ёзганлар. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин Абул Баракот ан-Насафий (ваф. 710/1311 й.). “Ал-Умда” номли асари матуридия таълимотига асосида ёзилган.

Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожуш-шариъанинг бизгача калом илмига оид “Таъдил ал-улум” номли асари етиб келган. Икки қисм ва еттита мавзудан иборат бўлган ушбу асарнинг биринчи қисми мантиқ илмига оид бўлса, иккинчи қисми бевосита ҳанафия-мотуридия ақидавий таълимотига бағишланган.

Бу даврда ижод этган ҳанафий мазҳабининг йирик олимларидан яна бири Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Ҳанафий бўлиб, у Аллома Тафтазонийнинг шогирдларидан ҳисобланади. Алоуддин Бухорий айни пайта Нақшбандия тариқатининг йирик ваклларидан бўлиши билан бир қаторда фиқҳ, ақоид ва бошқа шу каби илмларнинг етук олим бўлган[1].

Яъқуб Чархий Усмон ибн Муҳаммад тахминан 764/1363 йили Ғазнадаги Чарх қишлоғида таваллуд топган. Чархий бошланғич таълимни аввал Чархда, сўнг Ғазнада олгандан кейин 762/1380 йили Ҳиротдан Бухорога келади. Бухорода у Баҳоуддин Нақшбанд (718-791/1318-1389) билан учрашади, Чархийни муридликка қабул қилиб, зикр айтиш қоидасидан таълим беради. У Нақшбанд вафотидан сўнг Бадахшонда, сўнг Алоуддин Аттор (ваф. 802/1399 й.) таклифи билан Чағониёнда яшади. Аттор вафотидан сўнг то умрининг охиригача Ҳалғату қишлоғида (Душанбе яқинида) яшаб, ўз асарлари ва фаолияти билан нақшбандия тариқатининг йирик шайхларидан бўлиб, мазкур тариқат ривожига улкан ҳисса қўшган ва 851/1447 йили Душанбеда вафот этган.

Имом Фасиҳуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ал-Марвазий 759/1358 йили туғилган. Ҳанифий мазҳаби етакчиси ва фиқҳ бўйича имомларнинг бошлиғи бўлган[2].

Ҳанафий мазҳабининг таниқли олимларидан бири аллома, фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ҳазратларидир. Бурҳониддин Марғиноний шайхулислом, имом, фақиҳ бўлиб, Қуръон, усул ул-фиқҳ, ҳадис ва бошқа ислом илмларни ўрганган уламолардан бири бўлган.

Олимнинг қачон ва қаерда вафот этганлиги тўғрисида ҳам манбаларда турли хил маълумотлар келтирилган. Жумладан, турк олими Шамсуддин Сомий “Қомусул-аълом”да бу ҳақда қуйидагидек маълумот берган: “Чингиз хуруж қилган чоғларида у (Марғиноний) Бухорода дарс ўтиш билан шуғулланаркан. Бухоро аҳолиси фақиҳни ушбу жаҳонгир билан сулҳ тузиш учун ўз томонларидан вакил қилиб юборади. Лекин шартнома айрим кишилар томонидан бузулганлиги сабабли Чингиз шаҳарга ўт қўйиб, аҳолини қатл этиш жараёнида “Ҳидоя” муаллифи ҳам ҳаётдан кўз юмган экан[3].

Фиқҳ илми ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан олимларнинг ҳиссалари катта бўлган. Мазкур олимлар орасида Бурҳониддин Марғиноний ҳам ўзига хос юксак мавқега эгадир. У нафақат Мовароуннаҳ фиқҳ илми ривожига, балки ислом ҳуқуқшунослигига катта ҳисса қўшган. Унинг энг муҳим асари ҳисобланган “ал-Ҳидоя” асари XII асрдан буён Ҳанфий фиқҳида энг мўътабар ва мукаммал ҳуқуқий манбалардан бири сифатида қўлланиб келиб, унинг устида жуда кўп шарҳ ва ҳошиялар ёзилган.

Бурҳониддин Марғинонийнинг ислом оламида катта ўринга эгалиги ўз даврининг таниқли олимлари томонидан эътироф этилган. Жумладан, “Бурҳон уд-дин вал-милла” деган шарафли ном билан аташган. “Милла” дегани олимни улуғлаб, уни мусулмон дунёсидаги ҳалқлар ҳамда ислом динининг “далили”, “исботи” деб мадҳ этишган[4].

Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ бўйича асосий асари “Бидоят ул-мубтадиъ” (“Фиқҳ ўрганишни бошловчилар учун қўлланма”)ни ҳанафийлик мазҳаби вакилларидан Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний (ваф. 270/884 й.)нинг “ал-Жомеъус-сиғар” ва Абулҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қудурий (ваф. 420/1029 й.)нинг “ал-Мухтасар”асарларига таяниб ёзган. Кейинчалик “Кифоят ул-Мунтаҳий” асосида “ал-Ҳидоя”ни яратади (573/1178 й.). Мазкур китоб нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом Шарқида бир неча тилларга таржима этилиб, маълум ва машҳур бўлиб кетди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фани Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади.

Энди Мовароуннаҳр олимларининг ҳадис илмига қўшган ҳиссалари Ислом оламида энг катта деб эътироф этилади. Хусусан, бу борада Имом ал-Бухорийнинг хизматлари бебаҳодир. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256/810-870) бўлиб, ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис, муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони деб улуғланади.

Имом Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидага машойихлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825 йилда Имом Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган машойихларнинг илмий йиғинида қатнашади. Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади.

Имом Бухорий жами 600 мингга яқин ҳадис тўплаган бўлиб, шундан 100 минг “саҳиҳ” ва 200 минг “ғайри саҳиҳ” ҳадисни ёддан билган. У ўзининг ноёб қобилияти, иқтидори, қувваи-ҳофизасининг ўта кучлилига билан илм аҳлларини лол қолдирган. Имом Бухорий 20 дан ортиқ китоб тасниф этган. Улардан айримлари бизгача етиб келган. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишончли тўплам) деб номланган 4 жилд (жузъ)дан иборат ҳадислар тўплами ислом оламидаги бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Асар бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. Имом Бухорий яратган “Ал-Адаб ал-муфрад” (Адаб дурдоналари) асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўпламдир. Уда 1322 ҳадис келтирилган.

Имом Термизий ҳам Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк муҳаддис олимлардан бири бўлиб, унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғай Термизий (ваф. 278/892 й.)дир. У Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилди. Имом Термизий кўплаб асарлар ёзган бўлиб, улардан “Шамоили Набавия” (Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари), “Китоб уз-зуад” (Зоҳидлик китоби), “Асмоъ ус-саҳоба” (Саҳобаларнинг исмлари), “ал-Асмоъ вал-куно” (Исмлар ва кунъялар), “Китоб ул-илал” (Иллатлар китоби) кабиларни келтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан ҳанафий мазҳаби олимлари ўзларининг илмий-маънавий мерослари билан Ислом динини тўғри тушуниш ва англаш борасида беқиёс хизмат қилганлар. Шунингдек, улар турли фитна ва ихтилофларнинг олдини олишга ва адашган фирқаларнинг ботил ақидаларини тўғрилашга ҳаракат қилганлар. Шу сабаб уларнинг бой илмий мероси бугунги кун учун ҳам ўта муҳимдир.

 

Неъматулло Аминжон эшон

Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси

 

[1] Абдулҳусайн Навотий. Рижоли китоб ҳабиб ас-сияр. – Теҳрон: Ширкате Само, 1324/1946. – Б. 65.

[2] Фасих Ахмад ибн Джалал ад-Дин Мухаммад ал-Хавафи. Муджмал-и Фасихи. – Т.: Фан, 1980. – С. 88.

[3] Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Бурҳониддин Марғиноний ва унинг издошлари. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2000. – Б. 11.

[4] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. – Т.: Адолат, 2000. –Б. 4.