Аррозий ўрта махсус билим юрти

ХОРАЗМНИНГ БУЮК ТАРИХНАВИСИ

Аллоҳ таолонинг  каломи Қуръони карим 14 асрлик тарих давомида қанчадан – қанча мамлакатлар ва алломалар тақдирида тутган ўрни, бадиий таъсир сарчашмалари , нуфузи туфайли чуқур илмий ва диний таҳлилларга,  тадқиқотларга сазовордир. Қуръони карим инсоният ҳаётининг барча жабҳаларидаги руҳий, ақлий, баданий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий  ва сиёсий мушкулотларни даволайди. Чунки у, ҳикматли ва ҳамдларга сазовор Зотдан нозил қилингандир. Қуръон мавзулари ислом динини қабул этган халқлар адабиётига сингиб, маҳаллий диний ва адабий ақидаю анъаналар билан узвий равишда боғланди ва ўзбек мумтоз адабиётида шоҳ асарлар яратилди.

Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг мумтоз адабиёт тарихида Алишер Навоийдан кейинги қатордаги энг буюк ижодкор эканлиги фанда эътироф этилгани ҳақиқатдир. Унинг асарлари ҳар томонлама чуқур ўрганилгани сари, бу ҳақиқат янада намоён бўлмоқда. Шунингдек, биз ўзбек давлатчилиги тарихини тадқиқ қилмоқчи бўлсак, уни энг аввало, Хоразм тарихнавислари асарларидан изламоғимиз керак. Зеро, фақатгина Хоразмда давлат юритиш қоғозлари ва тарихнавислик ўзбек тилида олиб борилган. Бунга Огаҳийнинг ўлмас тарихий асарлари мисол бўла олади. Бухоро ва Қўқон хонликларида яратилган тарихий асарлар асосан форс тилида ёзилган. Бу фикрни йирик тарихнавис олимларимиз ҳам эътироф қилганлар.               

Хоразм адабий ҳаёти тарихида  XIX асрнинг ўрни ўзгача бўлиб, бу давр мумтоз адабиётимиз такомилидаги юқори босқичдир. Бунга табиийки, шу даврда давлатнинг марказлашуви, ўзаро феодал низоларга бирмунча барҳам берилгани, қўшни мамлакатлар билан иқтисодий-маданий алоқаларнинг кучайиши ва бошқа омиллар ҳам ижобий таъсир этди[1]. Хонликнинг маркази- Хива айни чоқда маданий адабий ҳаётнинг ҳам марказига айланган бўлиб, унда шаҳар номи билан аталувчи мумтоз адабий мактаб вужудга келган эди. Бу мактаб Мунис ва Огаҳий номи билан боғланиб, кейинги давр адабиётида ҳам ўчмас из қолдирди.     

         Огаҳийнинг шоир сифатида узил- кесил шаклланишида ва ижодкорлар даврасига қўшилиб жорий адабий ҳаётда фаоллашувида уни ўз тарбиясига олган Муниснинг ижобий таъсири шубҳасиз катта бўлган. Шоир “Таъвиз ул-ошиқин” девонидаги ғазалларидан бирида:

                   Тонг эрмас, Огаҳий, файзи илоҳийга анис ўлса ,

                   Ки, ул бордур насаб ичра буродарзодаи Мунис.

дейди. Силсила, ҳужжат ва руҳоният йўли ила эришиладиган илоҳий файзга тасаввуфда файзи иснодий номи берилган. Юқоридаги байтда насл ва насабда Мунисга яқинлик фикри ҳам Ҳақ файзига руҳоний силсилавий бир ҳужжат тарзида эътироф этилган.[2]

Огаҳий ижодининг самарали таъсири Муҳаммад Раҳимхон II  Феруз (1844-1910) хонлиги даврида Хива адабий мактаби фаолиятида янада ёрқин намоён бўлди. Шунинг учун бу давр адабий мактаби бевосита Огаҳий ва Феруз номи билан боғлиқдир. Огаҳий бунда бадиий ижод дарғаси, Феруз эса маърифат ҳомийси сифатида анъаналарни давом эттириш ва ривожлантиришга кўп куч сарф қилишди. Бунда, айниқса, Огаҳийнинг роли каттадир. У шоир, тарихчи олим, беназир таржимон ҳамда давлат арбоби сифатида кўп қиррали ижод қилди. Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий 1809 йилнинг 17-декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Хоразмий қўлида тарбия топади. Огаҳий ўсмирлик ва болалик йилларини хотирлар экан, шундай ёзади: “Фазлу камол иктибосиға майлу рағбат кўргузуб, мадрасанишинлик расмин ихтиёр қилдим ва ҳар ердаким, фузало ва шуаро хайлининг мажмаъ ва мажлиси бўлса,         аларни хизматиға бормоқни ўзимға вожиб ва лозим билдим”[3]. 1829 йилда Муниснинг 51 ёшида вафот этиши, ёш шоир учун катта йўқотиш эди. 20 ёшида Оллоқулихон томонидан у мироблик вазифасига тайинланади.                      Огаҳийнинг умр йўли 8 нафар хон ҳукмронлик қилган даврларда кечади. У 8 хил бошқарув  муҳитида ҳам ўзи танлаган саодатли йўлдан оғишмай яшаган, ишлаган ва ижод қилган. У давр Хива хонлигини Муҳаммадраҳимхон I, Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон II, Сайидабдуллохон, Қутлуғмуродхон, Сайидмуҳаммадхон ва Муҳаммадраҳимхон II  Феруз идора қилган давр эди.                                      Огаҳий ижодий- илмий мероси бой ва ранг- баранг бўлиб, кенг кўлами ва мазмунан теранлиги билан кишини ҳайратга солади. Муҳими шундаки, Навоийдан кейин адабиётимиз тарихида бунчалик кўламдор ва бадиий юксак ижод илк бор вужудга келди. Огаҳийнинг шаклан ва мазмунан ранг-баранг асарларидан ташкил топган адабий-илмий мероси ҳақида бизга унинг ўзи аниқ ва ишончли маълумот қолдирган. Ушбу илова Огаҳийнинг ўз сўзлари асосида тузилган.[4] 

1.БАДИИЙ АСАРЛАР.                                                                 “Таъвиз ул-ошиқин” девони.

1.Дебоча.                                         12.Муламмаъ -1 та.                                   2.Ғазаллар -447                               13.Чистонлар -4 та.                          3.Мустазодлар -3 та.                       14.Муаммолар -80 та.                               4.Мухаммаслар -90 та.                    15.Мусавий ат-торофайн -1 та.                 5.Мусаддаслар -5 та.                       16.Маснавийлар -4 та.                               6.Мураббаълар -2 та.                       17.Баҳри таъвил -1 та.                               7.Мусамманлар -3 та.                      18.Қасидалар -19 та.                                 8.Таржиъбандлар -4 та.                   19.Марсиялар -2 та.                                   9.Қитъалар -7 та.                             20.Фардлар -2 та.                                      10.Рубоийлар -80 та.                       21.Соқийномаи мураббаъ -2 та.                11.Туюқлар -10 та.                                                                                             Форсий тилида:                                                                                                 1.Ғазаллар -23 та.                            3.Муножот -2 та.                                       2.Мухаммаслар -5 та.                      4.Таърихлар -20 та.                 

2.ФОРСИЙДАН ТАРЖИМА ҚИЛИНГАН АСАРЛАР. 

1.Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асари.                                                           2. “Тарихи жаҳонкушойи Нодирий” Муҳаммад Маҳдий қаламига мансуб асар.                                                                                                              3. “Бадоеъ ул-вақоеъ” Восифийнинг бу машҳур асарини Огаҳий Феруз топшириғи билан таржима қилган.                                                                                  4. Хоний Маҳмуд Шайх Алининг “Мифтаҳ ут-толибин”асари.                      5. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний”асари.                              6. Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Равзат ус-сафойи Носирий” асари.                   7. Муҳаммад Юсуф Муншийнинг “Тазкираи Муқимхоний” асари.                 8. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари.                                                9. Низомиддин Аҳмад Ҳиравийнинг “Табақоти Акбаршоҳий” асари.          10. Бадриддин Ҳилолийнинг “Шоҳ ва гадо” асари.                                         11. Абдураҳмон Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо” асари.                               12. Фасиҳ ал-Қасрийнинг “Шарҳи “Далоил ал-хойрот”                                  13. Муҳаммад Вориснинг “Зубдат ул-ҳикоят” асари.                                      14. Кайковуснинг “Қобуснома” асари.                                                             15. Низомий Ганжавийнинг “Ҳафт пайкар” асари.                                                    Булардан ташқари Огаҳий Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Хусрав Деҳлавийнинг “Ҳашт биҳишт”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” ва “Саламон ва Ибсол” асарларини ҳам таржима қилган . Аммо, бу таржималар шу кунга қадар аниқланган эмас.

Шарқ ва ўзбек адабиёти Қуръони каримни асрлар давомида турлича ўзлаштирган ва унинг мавзулари асосида турфа асарлар юзага келган. Бир сўз билангина  олам-олам маънони ифодаловчи иборалар жилоланиб, тарих нафаси жонланди. Қуръоний ибораларнинг ўзбек адабиёти, мақол ва маталларидаги салмоқли ўрнини кўрсатувчи қомус яратиш, тадқиқотлар олиб бориш ҳали олдимизда турган савобли ва баракали ишлардан бири бўлиб келмоқда.

Собиров.М

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти

АРМ раҳбари.

       

 

[1] Ўзбек адабиёти тарихи.4 жилд.Тошкент:ФАН,1978.б 348.

[2] Холлиева Г. Тасаввуф ва мумтоз поэтика. Урганч 2002.б 32.

[3] Огаҳий.Таъвиз ул-ошиқин.Т.:ФАН,1960.б 32.

[4] Қаранг: Муҳаммадризо Огаҳий.Таъвиз ул-ошиқин.ЎЗФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди,инв.№ 938, б 17.