Аррозий ўрта махсус билим юрти

ОГАҲИЙНИНГ ИҚТИБОС ҚЎЛЛАШ МАҲОРАТИ

Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий XIX аср мумтоз адабий муҳити намояндаларидан бири бўлиб, у бадиий адабиётнинг лирика-шеърият, тарихнавислик ва таржимонлик йўналишларида самарали ижод қилган. Сал кам 20 минг мисрадан иборат бу назм хазинасидаги маъно дурлари чорак кам икки асрдан бери кишилар қалбига шуур, дилига зиё бағишлаб келмоқда. Огаҳий тарихимизнинг йирик билимдони сифатида ҳам машҳур бўлиб, унинг 6 та йирик тарихий асарлари Хоразмнинг ярим асрдан ортиқроқ даври (1825 дан 1872 йилгача) нинг сиёсий тарихи баён қилинган йилномадир. Бу асарлар фактик (ҳаққонийлиги) ва далилларга бойлиги билан ажралиб туради

Ислом динининг таъсири бошқа соҳаларда бўлгани каби бадиий адабиётда ҳам муҳим аҳамият касб этган. Шоирлар шаклан ишқи мажозийни куйлашсада, моҳиятан ишқи ҳақиқийга мурожаат қилишган. Баъзан маънавий-лафзий санъат турларидан иқтибосни қўллаб, Қуръон ёки ҳадисдан айнан ёки мазмунан кўчирмалар келтирганлар ва ўз фикрларини диний нуқтаи назардан далиллаб ўтганлар.

         Иқтибос, араб тилида “قبس” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “илм ўзлаштирмоқ”, “цитата келтирмоқ” ва “ўт олмоқ” маъноларини билдиради. Иқтибос Қуръон ёки ҳадисдан керакли кўчирмани айнан олиб, олинган манбага ишора қилмаган тарзда қўллашдир. Бундан мақсад, биринчидан, келтирилаётган фикрни диний асослаш бўлса, иккинчидан, уни муқаддас калом нури билан зийнатлаш бўлган.

Лафз ва маънога дахлдор иқтибоснинг икки хил, дарж ва ҳалл кўриниши ҳақида фикр юритилади[1].

1. Дарж – оят ёки ҳадис айнан келтирилган иқтибос тури. Огаҳийнинг тарихий асарларида оят ва ҳадислар ниҳоятда катта санъаткорлик билан қўлланган. Улар ифода ва баён учун оддий безак, зийнат эмас, балки муаррих фикрини қувватлаб, кучайтиришга хизмат қилувчи муҳим восита ҳисобланади.Масалан, “Риёз уд-давла” асарида шаҳзода Раҳмонқули тўранинг ўз аъёнларини маслаҳатга чақириш баёнида “...алтофи подшоҳона ва аътофи бекарона изҳоридан сўнг аларнинг ҳар бирига “ва шовирҳум фил амр” амрининг муқтазоси била машварат юзидин хитоб қилиб”,[2] жумлалари битилади. Матндаги ( وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ) калимаси Оли Имрон сурасининг 159-ояти ҳисобланади.

2. Ҳалл – оят ва ҳадиснинг маъно ва мазмуни келтирилади[3].

Бориб ўқ дамодам қўрғон сориға, Шиҳоб ул навъким, шайтон сориға[4].

Мазмуни: Шиҳоб (кулранг юлдуз, метиор) шайтонга отилгани каби ўқлар дам-бадам қўрғон томонга отилади. Байтнинг мазмуни ҳамда унда “шиҳоб” ва “шайтон” (кўплиги “шаётин”) сўзларининг ишлатилишидан  “Мулк” сурасининг 5- оятига ишора борлиги яққол кўринади.

Машҳур шарқшунос олим В.В.Бартолд фикрича, “Мунис ва Огаҳий томонидан яратилган адабий ва тарихий асарларнинг қанчалик камчилиги бўлмасин, тарихий воқеаларни баён этиш ва уларда келтирилган фактик материалларнинг кўплиги жиҳатидан Қўқон ва Бухоро хонликларига доир бизгача етиб келган ҳамма асарларни ўзидан ортда қолдиради”[5].

В.В.Бартолд Мунис ва Огаҳий каби муаррихлар услубидаги жимжимадорлик, бадиий бўёқдорлик кўплиги, айниқса, Қуръон оятлари билан жумлаларнинг уйғунлиги, шунингдек, солномаларда бадиий унсурлар устунлиги каби жиҳатларни “камчилик” ҳисоблаган. Ҳолбуки, бу Шарқ муаррихларининг хос услубларидан саналади.

“Фирдавс ул-иқбол” асарининг Огаҳий қаламига мансуб қисмида 70 та, “Риёз уд-давла” асарида 47 та, “Жомеъ ул-воқеоти султоний” асарида 59 та, “Гулшани давлат” асарида ҳам 59 та, “Шоҳид ул-иқбол” асарида 67 та оят мавжуд. Шунингдек, бу асарларда 200 дан ортиқ ҳадислар қўлланган. Бу оят ва ҳадисларни ислом динининг чуқур билимдони бўлган Огаҳий ўз фикрини диний далиллаш, таъсир кучини ошириш мақсадида келтирган. Огаҳий муаррих сифатида яратган тарихий асарларида пайғамбарлар, халифалар, ҳукмдорлар, сарой амалдорлари, мамлакатнинг нуфузи баланд инсонларининг таърифини батафсил келтириб ўтган. “Жомеъ ул-воқеоти султоний” асарининг муқаддима қисмида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида келтирилган наътда қуйидаги жумлаларни кузатишимиз мумкин:

          “Дуруди номаъдуд ул маҳбуби оқибат маҳмудғаким, “Вама арсалнака илла роҳматан лил ъаламин” оятидур, онинг шаънида нозили “Лавлока лама холақтул афлок” мадҳидур, онинг тавсифиға шомил кўзи “Ма зоғал басор” сурмасидин равшан, юзи “Вашшамс, ваззуҳо” ғозасидин музайян, “Қоба қовсайни ав адно” майдонининг шўх жавлони. Ул ҳазратнинг нури комил ус-сурури махлуқот фитратининг мабдаидурким, “Аввалу ма холақоллоҳу нури” фаҳвосидин маълум бўлур ва силсилаи рисолат шароиъи даъватининг зуҳуриға мунтаҳодурким, “Валакин расулаллоҳи ва хотаман-набиййин” муқтазосидин мафҳум қилинур. Вужуду-зижуди раҳмат мазраъсининг маҳсулотиға ҳорис зотдур”[6].

Мустақилликдан олдин нашр қилинган Огаҳийнинг тарихий асарларида жуда кўп ўринларда оятлар тушириб қолдирилган. Уларнинг ўрни, аксар ҳолларда, кўп нуқта (...) билан очиқ қолдирилган. Бу ҳолатни ўша давр сиёсий муҳити деб изоҳлаш мумкин. Лекин мустақиллик шарофати билан кейин нашрга тайёрланган “Фирдавс ул-иқбол” ва “Шоҳидул-иқбол” тарихий асарларида оят ва ҳадислар тўлиқ ҳолда келтирилган.

Огаҳийнинг тарихий –бадиий асарларини ўрганиш бизга нима беради?, деган савол туғилиши мумкин.

Буни қарангки, америкалик тарихчи олим Брегель 1988 йил Огаҳийнинг тарихий асарлари устида тадқиқотлар олиб борган, ҳаттоки Россия ФА қўлёзмалар фондида сақланаётган “Фирдавс ул-иқбол” асарининг ягона қўлёзма нусхасидан инглиз тилига таржима қилган.

Чунки бу асарларда тарихимизнинг  Одам атодан то 1870 йилларгача бўлган саҳифаси ҳам тарихий ҳам бадиий йўсинда ёритилган. Шунингдек минтақанинг тарихи, географик жойлашуви, қазилма бойликлари, маданияти адабиёти, олиму шоирлари, давлат арбоблари, тили қомусий тасниф топган. У асарлардаги Қуръони карим оятларини ўрганиш эса, ўша даврдаги диний эътиқод, мумтоз адабиётнинг Қуръон билан уйғунлиги, 14 асрдан бери шажаравий анъанага айланган иқтибос олиш санъатининг моҳияти, қолаверса, Огаҳийнинг Қуръондан иқтибос қўллаш маҳорати ва муаррихнинг диний илмларнинг  билимдони, Қуръонга моҳир эканлиги, тасаввуф ҳам мумтоз адабиёт билан бевосита уйғунлиги, иқтибослар туфайли асарларнинг қадр- қиммати            юксак баҳоланаётгани каби кўплаб янги қирраларини очиб беради.

Собиров Маҳмуджон

Имом Фахриддин ар Розий

ўрта махсус ислом билим юрти АРМ раҳбари

 

 

[1]Исҳоқов Й. Сўз санъати сўзлиги. -Тошкент: Зарқалам, 2006 йил. –Б.  26.                  .

[2] Огаҳий. Асарлар. 6 жилдлик. 5-жилд. -Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978 йил.  –Б. 25.

[3] Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадойи ус-санойи. –Тошкент: 1989 йил. –Б.  243.

[4] Огаҳий. Асарлар. 6 жилдлик.5- жилд. –Б. 59.

[5] Бартолд.В.В. Сочинения. Том 2, част- 1. –Москва: 1963 г. С. 285.

[6] Мунис ва Огаҳий. Фирдавс ул-иқбол. Нашрга тайёрловчилар Н. Жумахўжа, С. Рўзимбоев. –Тошкент: Ўқитувчи,  2010 йил.  –Б. 14.