Аррозий ўрта махсус билим юрти

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮда ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.Тадбирни билим юрти мудири Д.Абдуқодиров очиб бериб, Ўзбек тилининг жамиятдаги ва Ўзбек халқи учун нақадар аҳамияти ҳақида гапириб ўтиб, Ўтган асрнинг 80-йилларида буюк аллома Алихонтўра Соғуний ўзининг “Туркистон қайғуси” китобида шундай ёзган эди: “Одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани қўлдан бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини. Ватанимизни бой бердик. Динимизни ҳам йўқотдик. Энди тилимизни ҳам унутсак, биз ким бўламиз?” Бу сўзлар айни ҳақиқат эди деб таъкидлади билим юрти мудири Д.Абдуқодиров ва сўз навбатини Туризм ва иқтисодиёт факультети бухгалтерия хисоби аудит кафедраси доценти  М.Гулмановга бердилар. М.Гулманов “1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.

Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади” деб, сўзларини тугатиб, сўз навбатини Урду Филология факультети Ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти ф.ф.д.А.Д.Ўразбоевга бердилар.

Д.Ўразбоев “Улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиб ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Унинг мўътабар номи, ижодий меросини доимо фахрланиб тилга оламиз. “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган пурмаъно сўзларининг мағзини англаймиз. Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик, унга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллиги нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам кенг нишонланмоқда. Бу қувончли дамларни биз бундан ўттиз йил муқаддам қонун қабул қилинган кунлардагидек ҳис қилмоқдамиз. Давлатимиз раҳбарининг эътибори, бу қутлуғ санани энг юксак даражада нишонлаш бўйича берган кўрсатмалари ўзбек тилининг нуфузини, унинг аҳамиятини янада оширади, деб ўйлаймиз. Ҳаммамизга миллатимизнинг қутлуғ ўзбек тили байрами муборак бўлсин” деб нутқларини тугатиб талабалар томонидан берилган саволларга жавоб бердилар.

Тадбир сўнггида билим юрти мудири Д.Абдуқодиров сўзга чиқиб, меҳмонларга мазмунли суҳбатлари учун устоз ва талабалар номидан миннатдорчилик билдириб, илмий ишларига барокатлар тилаб ҳақларига дуо қилдилар.

 

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ матбуот хизмати