Аррозий ўрта махсус билим юрти

ИСЛОМ МЕҲР-ШАФҚАТ УСТИГА ҚУРИЛГАН ДИН

Жаҳон динлари тарихий тараққиёти тажрибасидан маълумки, улар ривожининг муайян бир босқичида турли йўналиш ва оқимларга бўлинган. Шунингдек, ислом динида ҳам VII асрнинг иккинчи ярмидаёқ даставвал хорижийлар йўналиши шаклланган (ҳозир улар мавжуд эмас). Кейинчалик шиалик ажралиб чиққан. Бу йўналишларнинг ҳар бирида турли масалалар бўйича, турли қарашларга эга бўлган мазҳаблар келиб чиққан. Мазҳаб сўзи арабча «йўл, таълимот, йўналиш» ёки бирор диний масала бўйича маълум бир мужтаҳид уламолар йўналишидан бориш мазмунини англатади. Илк исломда мазҳаб тушунчаси асосан фиқҳий (ҳуқуқий) мактабларга нисбатан қўлланилган ва ҳозир ҳам шундай тушунмоқ лозим. Фикхий мазҳаб тушунчаси Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад с.а.в. орқали нозил қилган шариат ҳуқуқшунослигида Қуръони Карим ва Пайғабаримизнинг суннати бўлган ҳадисларга таяниб ҳукм чиқаришни кўзда тутади.

Ислом меҳр-шафқат динидир. Аллоҳ таолонинг энг улуғ сифатларидан бири ҳам Раҳмондир. Раҳмон сўзининг маъноси барча махлуқотларга раҳм қилувчи, мўминга ҳам, кофирга ҳам неъматларни берувчи дегани. Ҳа, Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги чексиз. Ўзига итоат қилмаган гуноҳкор бандаларига ҳам ризқ бераверади. У Зот охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Қуръони каримда: "(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, деган. (Анбиё 107). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақиқатни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканликларидан хабардор бўлган инсонларгина тушуна олади.

Киши ўз биродарига етган қийинчилик ва ҳурсандчиликларда у билан бирга бўлиши шу раҳматдан бўлади. Меҳрибон киши раҳм-шафқатга ҳақли одамни билса унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Агарда, ёрдам бериш қўлидан келмаса, ёки бунинг умуман иложи йўқ бўлса ич-ичидан қийналади. Бу ҳудди Пайғамбаримиз айтганларига ўхшайди: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишларида бир жисмга ўхшайдилар. Бирон аъзо оғриса қолган аъзолар ҳам бедор бўлиб, истмаланиб биргаликда азоб чекади”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ниҳоятда меҳрибон эдилар. Кунларнинг бирида саҳобалари билан масжидда ўтирганларида бир саҳролик аъробий келиб ўтиради. Икки ракат намоз ўқигандан кейин масжиднинг бир томонига ўтиб бавл қила бошлайди. Уни кўрган саҳобалар қаттиқ ғазабланиб, тохтатиш учун унга ташланмоқчи бўлишганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уни тек қўйинглар. Бавлини устига бир челак сув қуйиб юборинглар. Сизлар осонлаштирувчи бўлинглар, қийинлаштирувчи бўлманглар”, дедилар ва аъробийни чақириб, юмшоқлик билан: "Бу масжидлар бундай бавл, нажосат нарсалар учун ярамайди. Бу ерда Аллоҳ зикр қилинади, намоз ўқилади, Қуръон қироат қилинади”, дедилар. (Бухорий ривояти)

Бундай мисолларни жуда ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик мулойим бўлишларининг сабаби бор эди. Уни Аллоҳ таоло Қуйидагича баён қилади: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар. (Оли Имрон 159)

Имом Бухорий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди", деганлар. У зот ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлишни таъкидлаганлар. Жумладан, ҳайвон сўймоқчи бўлган киши пичоғини ўткирлаб олиши, унинг жонини оғритмаслиги, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб соғишлари, ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр борлиги, яъни унга ем ёки дон берса савоб бўлишини айтганлар.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Одамларни аёвсиз ўлдириб, шаҳарларни вайрон қилаётган, аёллар тул, болалар етим бўлиб, уларни ўз ватанларини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлишига сабаб бўлаётган инсонларни мусулмон деса бўладими?! Уларнинг ишини исломдан деса бўладими?! Қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?! Ўзини билган, Муҳаммад алайҳиссалом умматиман деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Ана шундагина оламда доимо тинчлик барқарор бўлади.

Рахимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари.