Аррозий ўрта махсус билим юрти

ҲАЛИМЛИК МЎМИНЛАР СИФАТИ

Халималик инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Халималик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззат ва даражаси етук ва мукаммал булади. Ибн Аббосдан (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. Аъша Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳалимлик ва босиқликдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Шунингдек, ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в): «Сизларга дўзахга ҳаром кишини ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозеъли ва мулойим кишидир», дедилар (Имом Термизий ривояти). Бу хислат "Мулойимлик билан илон чиқар инидан", "Камтарга камол, манманга завол" каби халқимиз мақолларида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, халқимиз шоирларидан бири камтарлик тўғрисида чиройли ташбеҳ қилиб хокисорлик ҳақида шеър битганлар:

Гарчи мағрур турса, анда чойнак,

Пиёлага эгар бошини.

Бас, шундай экан манманлик Нечун,

Кибр-ҳаво нимага керак.

Камтарин бўл ҳатто бир қадам,

Утма ғурур остонасидан.

Шунинг чун пиёлани инсон

Упар доим пешонасидан.

Биз ҳар қандай мартабага эга бўлмайлик, бизларни Аллоҳ таоло мақомга кўтариб қўйган бўлмасин, биз умматлар учун Расуллулох (с.а.в)нинг чиройли насиҳатлари Қулоғимиздан кетмаслиги лозим, чунки, у Зот шундай марҳамат қилганлар: “Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ таоло уни пасайтирур",

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбарингиз (с.а.в) Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар: "Аллоҳ таоло деди: Кибриё - ҳамма нарсадан устун бўлишлик кўйлагимдир ва Азамат - ҳамма нарсадан кўра улуғ бўлиш изоримдир. Бас, кимийки мана шу иккала сифатимдан бирида мен билан талашса, уни дўзахга улоқтираман"

Парвардигори олам бизларга Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб, шундай марҳамат қилади: "Эй ўғилчам, намозингни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму-қарор билан адо этиладиган ишлардандир. Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру-хаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кебру-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда муътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир” (Луқмон, 17-18).

Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): “Кимки мулойимликдан маҳрум булса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллох (с.а.в): "Мен учун энг севимли ва менга қиёмат кунида мақом жиҳатидан энг яқин зот кимлигини айтайми?”, деб уч маротаба сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг, Ё Расулуллоҳ”­­­­­-дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в): "Хулқи яхшиларингиз ва ҳалимларингиздир”, деб башорат бердилар.

 "Бир куни ҳазрати Умар р.а. бозорга чиқдилар. Бозордан бир қоп пиёз сотиб олибдиларда, ўша бир қопни елкаларига олиб кетаверибдилар. Ўша пайтнинг подшоҳи, амирул муъминин бир қоп пиёзни елкаларига олиб кетмоқдалар. Сотувчи дарҳол қопга ёпишиб: "Эй амирал мўминин, қопни менга беринг, сиз қопни кўтаришлигингиз уят бўлади, менга беринг”, деди. Ҳазрати Умар р.а. дедилар: “Бу қопни кўтаришликда бир нечта хислат бор: Аввало, ўзим учун, оилам учун хизмат қилаяпман. Иккинчидан, мен ўзим кўтариб биламан. Ҳожати йўқ яна бир кишини орқамдан эргаштиришим, чунки унинг ҳам ўзига яраша бир фойдали меҳнати бор албатта. Учинчидан, сиз олдин кетсангиз мен орқангиздан борсам. Кибрланиб кўкрагим кўтарилади. Агар кўтарилган кўкрагимни Аллоҳ босса дунё ва охиратим куйиб кетади, пиёзни кўтарсам, кўкрагим пасаяди, Аллоҳ таоло кўради ва мендан рози бўлади. Яни бир нарса эсимдан чиқмасинким, кечагина Умарча эдим, бугун Умар бўлдим. Умар бўлиб қолишим, Умар бўлгандан кейин ҳам ўзгармаслик керак", деган эканлар.

Ушбу воқеага гувоҳ бўлган саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. шундай дейдилар: "Ким ўз юкини ўзи кўтарса, кибрдан холи бўлибди". Абу Дардо р.а. эса: "Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади", дедилар.

Албатта, ушбу оят ва ҳадисларда келган насиҳатлар ҳар бир ўсиб келаётган ёшлар учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз илоҳий ҳикматни англаб етган бўламиз.

Рахимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари.