Аррозий ўрта махсус билим юрти

СЕҲР – ИСЛОМГА ЗИД АМАЛ

Ислом динида сеҳр ва фолбинликка бўлган муносабатни англаш учун Қуръони Карим ва Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат этиш муҳим. Сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буриш демакдир. Бунда сеҳргар ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган.

Арабларда сеҳрни “сеҳр” деб аташлик соғлиқни беморликка буриш ва яхши кўришни ёмон кўришга буриш учун ишлатилган.

Имом Фахриддин Розий: “Шариат истилоҳида “сеҳр”, деб сабаби номаълум бўлган, ҳақиқий кўринишидан бошқа ҳолатга ўтказилган, уни кишиларга безаб кўрсатилган ва алдов йўлида ишлатиладиган ишларга айтилади”, деган.

Яна бошқа уламолар тарафидан берилган таърифда “сеҳр” - сеҳргар билан жин ўртасидаги келишувдан иборат бўлиб, жин сеҳргарга итоат қилиб, ёрдам бериши ва сўраган нарсасини бажариши учун сеҳр қилмоқчи бўлган киши жинга атаб баъзи ҳаром бўлган, ширкий амалларни бажаришидир, дейилган.

Юқоридаги таърифлардан шуни англаш мумкинки, сеҳр-исломда ўрганиш қайтарилган илм бўлиб, шайтонни рози қиладиган, шариъатда ҳаром қилинган баъзи амалларни бажариб амалда тадбиқ этиладиган ишдир.

Фолбинларга ва фол кўрувчиларга эса шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ Таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

 “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас... [1]” деб марҳамат қилган.

Яна бошқа бир оятда эса:

 “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар). Бас, албатта, У (Аллоҳ) (ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи (фаришта) йўллар[2]”, –деб марҳамат қилган. Демак Алло таоло ҳатто пайғамбарларига ҳам барча ғайб ишларни билдирмас экан. Фолбинларга батириқа аъло билдирмайди.

Абу Довуд Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди”, -деб айтдилар.

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргардир, сеҳргарлик эса кофирлик аломатларидандир” – деганлар.

Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор бўлиб, буни ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар: “Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир”. Ўша вақтларда турли чизиқларни чизиб, шунингдек, майда тошларни ташлаб, уларни турли томонларга қимирлатиб фол очиш ҳоллари учраган. Қуш билан фол очиш эса, махсус боқилган қушлар орқали амалга оширилар экан. Фол очирмоқчи бўлган шахс бир ишни қилмоқчи бўлса ёки бунда иккиланиб қолса, фолчининг олдига келиб, пул бериб, ундан ўзи учун фол очиб беришини сўрар экан. Шундан кейин фолбин қушини олиб осмонга отар, қуш ўнг томонга учиб кетса ўша ишни қилиш, чап томонга учиб кетса қилмаслик, агар тўғрига учса, яна қайта фол очиш керак бўлар экан. Фолбинликнинг булардан бошқа турлари ҳам бўлган. Ҳозирги пайтда фол очишнинг тури сон-саноқсиз бўлиб кетди. Қарта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказолар... Юқорида айтилгандек буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир.

Жинлар сеҳргарга қуруқдан-қуруқ эмас, балки бирон нарсанинг эвазига ёрдам бериб, хизмат қилади. Сеҳргар қанчалик ашаддий кофирнинг амалини қилса, шайтон ҳам унга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради. Агар сеҳргар шайтон буюраётган куфр ишларни бажаришда нўноқлик ёки бўшлик қилса, шайтон ҳам унинг хизматидан бўйин товлаб, айтганларини бажармайди. Сеҳргар ҳам, шайтон ҳам Аллоҳга осийлик йўлида бирлашган шериклардир.

Аллоҳ Таоло “Бақара” сурасида: “Яна, (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар. (У икки фаришта): “биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!”, – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”, деб айтган.

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳиссаломни яҳудий Лабид ибн ал-Аъсам сеҳр қилгандан кейин Аллоҳ таоло “Фалақ” ва “Нас” сураларини нозил қилди.

Абу Ҳурайра  розийаллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳ)лардан четланинглар! Аллоҳга ширк келтириш, Сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, Судхўрлик, Етимнинг молини емоқ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод соатида жангдан қочмоқ, Иффатлик, мўмина ва фаҳш ишлардан бехабар пок аёлларга зинода айблаб туҳмат қилмоқ”, дедилар.

Ушбу ҳадисда Пайғамбар саллалоҳу алайҳи васаллам умматларни сеҳрдан четлашишга буюрдилар ва бу иш ҳалокатга олиб боргувчи гуноҳи кабира эканини баён қилдилар. Бу эса сеҳрнинг ҳам инсоннинг ўзига, ҳам жамиятга зарарли ва динимизда қатъий ҳаром қилинган ишлардан эканилигини билдиради.

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ароқхўр киши, сеҳрга ишониб қолган киши ва қариндошликни узган киши жаннатга кирмайди”, дедилар.

Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни “ўзича таъсир қилади” деган эътиқоддан қайтардилар. Мўъмин киши сеҳр ҳам бошқа нарсалар ҳам Аллоҳнинг иродасисиз таъсир қилмайди, деб эътиқод қилиши шарт. Аллоҳ Таоло айтади:

“Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар”[3].

Демак, шариатимизда сеҳр ва фолбинлик ҳаром ва гуноҳи кабирадир. Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган шахс кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Уламоларлар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир дейишган. Жумҳур уламолар сеҳргарни қатл этиш лозимлигини айтганлар.

Бугунги кун одамлари сеҳргарлик ва фолбинлик балоси билан балоланган. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Айрим инсонлар дунёдаги барча муаммоларни мазкур фолбинлар ёки дуохонлар ҳал қиладигандек хаёл қиладиган бўлишди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам уларга мурожаат қила бошлашди. Кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган савдогарлар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир фолбин чиқибди, борганлар фойда топяпти экан, у фалончига ундай депти, пистончига бундай депти, деган маънодага шов-шувлар тез-тез тарқалиб, одамлар ўша томонларга чопишадиган бўлди.

Лекин ўша фолбин ва сеҳргарларнинг ишқибозлари ақлни ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайдилар. Ўзлари эътиқод қилиб, кўтар-кўтар қилаётган шахслар кимлар, улар содир қилаётган “мўжиза”ларнинг ҳақиқати нимадан иборат, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева эканлигини ёки оиласи бузилганлигини ёки фарзандларида, яқин кишиларида худди шу муаммонинг борлигини ўйлаб кўрмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, менинг ўрнимга ўзи бўлиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини яхши бир мансабга кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб ҳам кўрмайди.

Фолбин, дуохон ва бошқалар эса, ўзларининг таъбирлари билан айтганда, бу одам овора бўлиб шунча йўлдан келибди, ноумид бўлмасин, деб келганларнинг ҳаммасини қабул қилиб, уларнинг бошини айлантиришда давом этаверадилар. Уларнинг кўплари жин теккан шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, элу юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар. Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун кўпчиликда йўқ баъзи нарсалар уларда пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу теккан нарсалар касб қилиб олиниб, одамларнинг бошларини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир. Фолбин ва сеҳргарларнинг келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар ундан ҳам катта, айтиш мумкинки, улкан зарарларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир.

Баъзи кишилар фолбинларнинг қаллобона башоратлари ўлароқ бошига мусибат тушган бирор-бир кўнгилсизликни яқинларидан, ёки қўшниларидан кўриб, натижада ўртада душманчилик, бадгумонлик ва уларга нисбатан адоват пайдо бўлмоқда.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.

Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас, бир вақтлик намозининг қабул бўлмаслиги ҳам чексиз мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик тавбаси эмас, бир онлик тавбасининг қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусибатдир. Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир.

Мана, фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимликнинг ҳукми ва уларга тегишли хулосалар билан танишиб чиқдик. Ислом дини бўйича бу ҳақда кўрсатилган таълимотлар билан танишдик. Энди эса, амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса эшиттириб, билдирсинлар. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин.

 

Ғофуроф Толибжон

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси

 


[1] Анъом сураси 59-оят

[2] Жин сурас 26-27-оятлар

[3] Бақара сураси 102-оят