Аррозий ўрта махсус билим юрти

САБР ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТ

Буюк исломий ахлоқлардан бири сабрдир. Сабр сўзи: икки ҳил маънода  бўлиб, биринчиси “ўзига маҳбуб нарсадан ўзини тийиш”,иккинчиси эса “Нафсни танглик пайтида тўғри ушлаб туриш” маъноларига эга. Руҳий тарбия устозлари, қийинчилик пайтида ўзингни ўзинг уриб ҳалок қилмагинда сабр қилиб тургин дейди, қийинчилик ҳолатга тушиб қолганингда бардошли бўл дейди. Шариатимиз доимо ақл билан ёнма-ён юради, соғлом ақл шариатда келган ҳар бир нарсани тасдиқлайди. Яна бир таърифда: “Сабр – нафснинг сиқилмаслиги, тилнинг шикоят қилмаслиги, аъзоларнинг нотўғри ҳаракат қилмаслиги”- дейилади. Аллоҳ тақдир қилиб бирон-бир мусибат ё қийинчилик етса нафс бежо бўлиб, ҳар-хил бўлмағур хаёлларга бориб, ўзида қон босими ошиб ёки бошқа ҳолатлар бўлиб кетмасин. Тили билан - менга у бўлди, бу бўлди деб дод вой солиб тилида шикоят қилмасин, аъзолари ҳам нотўғри ҳаракатда бўлмасин дейилади.

Қуръони каримда сабр жуда ҳам юқори даражада мақталган. Сизу-бизни, ҳар бир  кишини доимо сабрга чақириб келган. Аллоҳ таоло: “Албатта Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради”-деб марҳамат қилган. Ким сабрли бўлса Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозонади. Яна бир ояти каримада эса: “Ва сабрлари сабабли Аллоҳ уларни жаннат ва ипак (либослар) ила мукофотлайди”.

Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни жаннатга киргизиши ва уларга ипак либослар кийгизиши мукофотлашидир. Уларни жаннатларда ипак либослар ила мукофотлаши эса, улар бу  дунё ҳаётида Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўзларини тийганлари учундир.

Муфассирлар ушбу ояти каримадаги сабрдан мурод фақирликка қилган сабрларидир, деганлар. Имом Қуртубий: “рўзага қилган сабрлари”, деганлар. Бир қавлда: Аллоҳнинг тоатига бўлган сабрлари, унинг қайтарган нарсаларидан ва унга осий бўлинадиган ишлардан тийилишга қилган сабрлари”, дейилган.

Қуръони каримда сабрни улуғлашда, сабрни ниҳоятда олий мақом бир сифат эканлигини баён қилишда 105 та оят келган. Бу оятларда бандаларни сабрга чақириш, сабрли бўлиш  яхши экани, сабрнинг оқибати хайр-барака бўлиб бу дунёю-охиратда бахт саодатга эриштиришини васфи, баёни келган.      Расулуллоҳ (с.а.в) ўзининг муборак ҳадисларидан бирида: ”Дунёда ҳеч бир кимсага Аллоҳ таолодан сабрга ўхшаш  яхши ва кенг ато берилмаган. Сабр зиёдир”-деганлар. Зиё - бир жисмнинг ўзидан иссиқлик аралаш ёруғлик чиқаришини айтилади. Бир жисм бошқа тарафдан ёруғликни олиб уни қайтариб чиқарса - уни нур дейилади. Қуёш ўзидан зиё чиқарса ой ўша зиёни қабул қилиб кейин нур таратади. Сабр ҳам қуёш каби ўзидан зиё ва ёқимли иссиқ  чиқарувчи бир сифатдир. Сабр - маъсиятлар, гуноҳлар зулмати, қоронғулигидан зиё таратиб одамни ёруғликка олиб чиқади. Сабри йўқ одам гуноҳу-маъсиятга ботади, зулматда қолади. Сабр эса ўзидаги зиё билан одамни ана шу зулматдан ёруғликка олиб чиқади. Сабр бандани қоронғу гўрида ҳам зиёси билан қабрини ёритади. Сабр зиё бўлганлигидан ўз эгасига қиёматда ҳам ўзининг зиёсини, ёруғлигини беради.

Пайғамбарларнинг барчалари сабрда энг катта ўрнак кўрсатган зотлар ҳисобланадилар. Қайсики мўмин-мусулмон банда сабрли бўлса буюк Анбиё (а.с.) лар йўлидан юрган бўлади. Сабр қилиш,  сабрли бўлиш- деймизу, лекин ҳар хил мусибат, қандайдир машаққат ёки яхши кўрган бирон-бир ишимиздан, яқинимиздан айрилсак,  мана шу пайтда бизга катта сабр керак бўлади. Бундай ҳолларда  сабр-бардошли, қаноатли бўлиш осон кечмайди. Лекин чин мўминман деган банда учун сабр осонроқ кечади. Чунки, у Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасини қийинчилик ва машаққатларга мубтало қилиб имтиҳон қилишини  ва бунга қанча кўп сабр қила олса шунча кўп ажру-савоблар олишини билади. “Аллоҳ мен билан биргадир!” деган кучли имон ва эътиқод бўлади, сабр қилишда бардошли бўлишда ғайратли бўлиб ҳаёт йўлида давом этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», деганлар. (Имом Термизий ривояти). Бундан одамларнинг озоридан қўрқиб уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги чиқади. Одамларга аралашиб уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Демак сабр мўмин кишининг эга бўлиши лозим бўлган сифатдир. Чунки Аллоҳ таоло сабрга буюрган, пайғамбарларнинг энг олий сифатлари ҳам сабр бўлган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани ҳукм қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.

Ибн Умардан (р.а) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дан сабр ҳақида сўралганда шундай деганлар: “Сабрнинг тури учта. 1) Аллоҳ таолонинг тоатини бажо келтиришдаги сабр. 2) Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсалардан четланиш йўлида қилинадиган сабр. 3) Аллоҳ таолодан етган мусибатларга сабр.”

Биринчи сабр - бу буюк сабрдир. Ҳақиқатда Аллоҳ таолога соф имон-эътиқодда бўлиш, ибодатда бўлиш, амали солиҳлар қилиш буюк сабр талаб қилади. Солиҳ амалларда сабрли бўлишни асл маъноси инсон то умри борича, Аллоҳ таолога йўлиққунча яҳши ишларда давомли бўлиш англанилади. Сабр бўлмаса бу ишлар охирига етадиган нарсалар эмас.

Иккинчи сабр - Аллоҳ таолонинг ман қилган нарсаларидан тийилиб туриш. Бу сабр ҳам худди ибодатдаги  каби мўмин-мусулмондан катта сабр талаб қилади. Чунки ман қилинган нарсаларнинг кўпини инсоннинг ҳавои-нафси истайди. Шайтони лаин унга тарғиб қилади. Банда булардан ўзини тийиб туриши фақат буюк сабр билангина юзага чиқади. Шаҳват, молу-дунёнинг муҳаббати, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик ва бошқа кўпгина нарсалар борки инсон сабр қилсагина ана шуларга ҳаром бўлганлиги учун қўл урмайди. Шунинг учун нафсини тийганлар, гуноҳдан сақланганлар Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримда кўп ваъдаларга соҳиб бўлишлари баён қилинган.

Учинчи сабр - Мусибатларга сабр қилиш. Бу ҳам олдингиларидек бандадан улкан сабр талаб қилади. Мўмин-мусулмонга етган ҳар қандай мусибатга сабр қилиши Аллоҳ таолонинг амридир, сабрсизлик мўмин-мусулмонга хос нарса эмасдир. Мусибат ҳар хил бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Таъкидлаб айтаманки, албатта Биз сизларни  баъзан  бироз  қўрқинч  ва  очлик  билан,  молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат берингки; Уларга мусибат етганида: “Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз”, дейишади. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир”. (Бақара сураси 155-157 оятлар).

Мазкур ояти карималарда таъкидланганидек, қачонки банда очлик ё қўрқинч ё моли талофотга учраши, қариндошларига ё биродарларига ўлим етиши, мева-мастонларига талофат етиши каби қийинчилик ва машаққатларга учраса сабр қилиши ва  “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дейиши лозим. Ана шундай бандаларга Аллоҳнинг мағфирати, раҳмати ва ҳидояти ваъдаси бордир.

Инсон ҳаётида ўзига рўбарў бўладиган турли қийинчиликларда, ҳаёт имтиҳонларида сабр ўрнига шошқалоқлик қилиб нотўғри қарор қабул қилиб катта хатоларга йўл қўйиб қўяди. Хакимлар айтадиларки, ғазаб, хирсу- шаҳват, хасад  инсоннинг қалб кўзини кўр қилади хамда хато қилишга, катта гунохлар қилишга олиб боради. Инсонга берилган  умрни ҳеч қайсиси ҳисобсиз ёки беҳудага берилмаган. Балки, ҳар бир қилган ишимиз учун яратганнинг хузурида жавоб берамиз. Шундай экан холатимиздан қатъий назар биз қабул қилаётган қароримизни сабр ва мулоҳаза билан қабул қилсак хатога йўл қўймаймиз.

 

Д.Абдуқадиров

Имом Фахриддин Ар-Розий ислом билим юрти мудири