Аррозий ўрта махсус билим юрти

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА!

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат, насл давомчиси, эртанги кунимизнинг эгалари. Ушбу жиҳатларни чуқур мулоҳаза қиладиган бўлсак, ҳар бир ота-она, жамият, давлат учун ёш авлод тарбияси муҳим ва долзарб вазифадир. Чунки ўтмиш тарихни таҳлил қиладиган бўлсак қайси замон ва маконда ушбу масъулиятли вазифа ўзи бўларликка ташлаб қўйилган бўлса, албатта бунинг салбий оқибатларини татиб кўришга, бошқа миллат ва элатлар қўлида қарам бўлиб яшашга маҳкум бўлганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат бўйича тарих, ҳатто ўз тарихимиз ҳам мисоллар ила тўлган десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Инсон ёшлигидан илм олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаб бормас экан, маърифатдан узоқлашиб, жаҳолат батқоғига ботиб боради, бақувват ва эгилмас дарахтга айланолмай, нимжон, ожиз ниҳол каби қолиб кетади. Зеро муқаддас Ислом динимизда ҳам бешикдан қабргача фойдали илм ўрганишга чақиради.

Бу масъулиятли ишнинг бошида биринчи навбатда ота-оналар туради. Агарда ота-оналарнинг ўзлари илму маърифатдан, касби ҳунардан узоқ бўлсалар, аксарият ҳолларда фарзандларини ўзлари каби жаҳолат батқоғига ботиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўладилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қиладилар: «Ҳар бир фарзанд аслида исломий фитрат билан туғилади, сўнгра ота-оналарнинг таъсири билан яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб етишади».

Бундан кўрамизки, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни жуда муҳимдир. Ота-оналар фарзандларини ёмонликка, нотўғри йўлга бошласалар, ўзлари ҳам икки дунёда бунинг жабрини тортишга, Яратганнинг олдида жавоб беришга мажбурдирлар.

Бундай ҳолатлардан сақланиш учун дастлаб ота-онанинг ўзи илму-маърифат ҳосил қилиши, ўзи учун зарур бўлган диний билимларни ҳамда маълум бир йўналиш бўйича дунёвий билимларни чуқур ўрганиб, ҳаётига тадбиқ қилиб, бу нарсаларни фарзандларига ҳам ўргатиб, уларнинг қалбига сингдириши лозим.

Ота-она боланинг ёшига қараб, фикрлай олиш, тушуна олиш қобилиятига қараб, унга диний ва дунёвий билимлар бериб боришлари лозим.

Инсонлар моддий ҳаётда ҳар етти йилда бир даврни босиб ўтадилар.

Илк босқич - 7 ёшга қадар бўлган давр. Буни араб тилида «субён» даври дейилади. Бу давр хали руҳ вужуддаги мураккаб жараёнларни идрок эта олмайдиган бир даврдир.

7 ёшдан 14 ёшгача бўлган иккинчи босқич - «болалик» давридир. Бу босқичда боладаги ақл, фаҳм-фаросат, дунёқараш доираси аввалги даврга нисбатан анча кенгайган бўлади.

14 ёшдан 21 ёшга қадар «ёшлик» даври.

28 ёшгача бўлган давр «навқиронлик» босқичи,

35 ёшгача «ўрта ёш даври»,

42 ёшга қадар юксак тажрибалар билан камолга эришиш - «камолот даври»,

49 ёшдан 56 ёшга қадар бўлган давр «кексалик»,

63-70 ёшгача «интиҳо» («сўнг») босқичи номини олган.

Ушбу босқичларда инсонлар турли синовлар ва машаққатли йўлларни босиб ўтадилар. Ҳар бир даврда ўзига хос синовлар бўлади. Бу имтиҳонлардан баъзилар гоҳи билим ва имонларига таяниб, нафсларини енгиб, руҳ ва тан камолотага эришадилар, баъзилар эса, Аллоҳ асрасин, ботил туйғулар оғушида қолиб, тўғри йўлдан адашиб кетадилар.

Ушбу ҳаёт даврларининг дастлабки босқичларида ота-оналар фарзандларининг тарбиясига жиддий эътиборли бўлиб, уларнинг илму-маърифатли, гўзал аҳлоқли бўлишлари учун саъй-ҳаракат қилишлари лозим.

Боғбон боғ яратишда қанчалик кўп меҳнат қилса, ота-оналар фарзандларини моддий ва маънавий тарбия бериб, камолга етказгунча, ундан-да кўп меҳнат сарф қиладилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу борада ота-оналарга: «Фарзандларингизга гўзал хулқ-атвор ўргатингиз, уларни ўз ҳолларига ташлаб, ҳой-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўймангиз», дея марҳамат этганлар.

Қуйидаги ҳадиси шарифда ота-оналарнинг фарзандлар билан қандай муомалада бўлиши ҳақида хабар берилган: «Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди». Демак, ота-онанинг фарзандига берган яхши тарбияси энг буюк неъмат экан.

Фарзандлар ота-оналаридан гўзал диний талқинлар, билимлар олиб, камолотга эришадилар. Моддий озуқа инсонга қанчалик лозим бўлса, маънавий озуқа инсон ақлини, руҳиятини юксалтиришда, дунёни билиш, Ҳақни таниш ва ҳақиқатларни англаш қобилиятини ўстиришда шу қадар аҳамиятлидир.

Фарзандлар қалбида Аллоҳга муҳаббат, итоат каби буюк ҳислар уйғотиб, Уни севдирган ота-она Аллоҳнинг ҳам муҳаббатига сазовор бўлади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳни бандаларига севдирингки, Аллоҳ ҳам сизни севсин», дея марҳамат қилганлар.

Ота-она илк даврларда фарзандлар тарбиясига бепарволик қилган бўлсалар, фарзандлар ҳар турли гунохларга юз бурган, турли ёмонликлар ва жиноятлардан ҳам тап тортмайдиган аҳлоқсиз инсонлар бўлиб қолишади.

Қуръони каримда Луқмони ҳакимнинг ўғлига шундай насиҳат қилгани келтирилган. Луқмон сураси 13-оят мазмуни: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир». Луқмон сураси, 16-оят мазмуни: «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у амал бирон харсангтош ичида, ё осмонларда ёки ер остида бўлса ҳам, Аллоҳ сенга қайтаради. Зеро, Аллоҳ сергак ва огоҳдир». Луқмон сураси, 17-оят мазмуни: «Эй ўғилчам» намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил. Албатта, мана шу ишларнинг мақсадга мувофиғидир», дея марҳамат қилинган.

Ҳазрати Али (к.в.) тарбия хусусида: “(Кимнинг ва) қандай одамнинг фарзанди бўлсанг ҳам, одоб-тарбия ўрган. Гўзал хулқ сени бошқа залолатларга дучор этмас”, дея марҳамат қилганлар. Чунки инсоннинг борлиғи, юксалиши тарбия ва одобдан иборатдир. Ҳаётда тарбия кўрмаган инсон ҳаёсиз бир ҳайвон кабидир. Зеро, инсон ўзининг фаҳм-фаросати, ақли, ҳаёси ва билими билан бошқа жонзотлар, жумладан, ҳайвонлардан фарқланади. Ўтган барча улуғ мутафаккирлар Ислом динини, энг аввало, тарбия ва одоб дини дея таъкидлаб кетганлар.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб айтамизки, авваламбор ушбу ўгитлардан ҳар бир ота-онанинг ўзи хабардор бўлиши ва фарзандларига насиҳат беришда ўзи намуна бўлиши даркор. Фарзандларига исломий гўзал исм қўйиш, яхши таълим-тарбия бериш ота-онанинг бурчидир. Уларни едириб-ичириш, келажаги ҳақида қайғуриш, истиқболи учун беғараз ёрдам кўрсатиш, уларни доимо тўғри йўлларга ташвиқ этиб, ҳақларига хайрли дуолар қилишлари лозим. Чунки фарзандларининг бахт-саодати учун ота-оналар масъулдир. Демак, бу масъулият фарзандлар таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, бахт-саодати устида катта эътибор ва ҳассослик билан ҳаракат қилишга ундайди.

 

Шерматов Муҳаммадюсуф

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси