Аррозий ўрта махсус билим юрти

ИЖТИМОИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИДИР

Бугунги глобаллашув даврда, дин байроғи остида инсоният тинчлигига раҳна солаётган, инсониятга ҳар томонлама зарар етказаётган ҳаракатлар дунёда ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори унда қарор топган тинчлик-тотувлик, бағрикенглик муҳитига боғлиқдир. Турли миллат ва элат, дин ва конфессия вакиллари дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат шароитида бир оила бўлиб яшаётган Ўзбекистон айнан шу жиҳатлари билан ажралиб туради.

Ҳаммамиз учун қадрли бўлган тушунчалар бор: Имон, Ватан ва Истиқлол.  Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан чуқур ҳис этиб турибмиз. Ижтимоий тараққиёт мураккаб ва ўта зиддиятли характер касб этган бугунги кунда жамият ва фуқароларда бағрикенглик маданиятини шакллантириш, тажавузкорлик ва муросасизликнинг турли кўринишлари келиб чиқишига йўл қўймасликнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолмоқда. Жамият ҳаётида тенглик ва адолат ғояларининг устувор бўлиши фуқаролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратади. “Бағрикенглик тамойиллари” Декларациясида таъкидланганидек, “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”. Шундан келиб чиқиб, бағрикенглик маданиятини камол топтиришнинг йўллари, имкониятлари ва бу борадаги устувор вазифаларнинг моҳияти билан боғлиқ бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Ҳозирги мураккаб ва нотинч дунёда, ҳаётимизнинг барча соҳаларида, демократик жамият қуриш йўлидаги изланишларимизда бағрикенглик нечоғли муҳим ўрин тутишини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Ижтимоий бағрикенглик масаласи жамият социал структурасининг мураккаблашиб боришига ҳамоҳанг равишда ҳамиша долзарб бўлиб келган. Сиёсий бағрикенглик жамиятдаги сиёсий жараёнларни ташкил этишнинг инсонпарвар кўринишидир. Бу жараёнда биринчи ўринда инсон омили ётади. Инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, бу борадаги фаолиятни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари асосида ташкил этиш мамлакат сиёсатининг асосий йўналиши ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Омбудсман институти, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий Маркази каби инсон ҳуқуқларини давлат даражасида ҳимоя этадиган тузилмалар ишлаб турибди. Биз мамлакатимизда инсонпарвар ҳуқуқий жамият қурар эканмиз, бунда ҳар бир инсонга яшаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиб беришимиз, миллати, дини, эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро учун тенг муносабатларни шакллантиришимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ диний ташкилотларнинг сони ва фаолият муддати чекланмаган. Юртимизда диний таълим тизими йўлга қўйилган. Тошкент ислом институти, мадрасалар ҳамда Проваслав ва Протестант семинариялари шулар жумласидандир. Шунингдек, юзлаб масжид, черков ва сенагога ҳамда диний ибодатхоналар барпо этилди, эскилари қайта таъмирланди.

2001 йилда Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси ўзининг 130 йиллигини нишонлади.

2002 йилда Юнон-католик чекови Марказий Осиёда католисизм тикланишининг 100 йиллигини нишонлади.

2003 йилнинг октябр ойида Самарқандда Арман Апостол черковининг 100 йиллиги нишонланди.

Энг қувонтирадиган жиҳати шуки, бу тадбирларда барча конфессия вакиллари бирдек иштирок этмоқдалар. Барчамиз шу жаннатмакон юрт – Ватаннинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз. Бу эса бизга катта масъулият ва вазифалар юклайди. Юрт равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топиши учун ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишимиз лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир!” (Моида, 2) дея марҳамат қилади. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” - дея (Мумтаҳана сурасини 8-оятида) баён қилган. Мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муносабатлари нафақат Ислом дини таълимотларида балки, Республикамизнинг қонун ҳужжатларида ҳам ўз аксини топган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “... Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб таъкидланган.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, инсониятнинг кўп маданиятлилик хусусиятига эга эканини тушуниш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш билан бир қаторда, маданий қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда тегишли ташкилий асосларнинг яратилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги ишларни тизимли ва изчил олиб бориш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори билан Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Бугунги кунга келиб, мазкур ташкилот барча этнослар манфаатларини уйғунлаштирган мамлакат ижтимоий-маданий тизимининг муҳим элементи ҳисобланади. Шунингдек, сўнгги йилларда миллати ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оғишмай амал қилинишини кафолатловчи ҳуқуқий асослар яратилди ва этник эҳтиёж ва манфаатларни қондириш учун зарур шароитларни яратишдек муҳим стратегик вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётган Ўзбекистоннинг миллий сиёсати ана шу асосга таянади. Бундай вазифаларнинг энг муҳимлари маданият, таълим ва этник гуруҳларнинг ўз она тилларини ривожлантириш каби соҳаларга тегишли. Миллий маданиятлар ютуқларини тарғиб қилишда “Миллий хор қўшиғининг энг яхши ижроси”, “Миллий анъаналар ва маданиятнинг фаол тарғиботчиси”, “Энг яхши халқ чолғу асбоблари оркестри”, “Миллий қўшиқнинг энг яхши ижрочиси”, каби ўнлаб номинациялар бўйича ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивали ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда эришилаётган ютуқларнинг барчаси Мустақилликнинг шарофатидир. Бу ўринда халқимизнинг бағрикенглиги, бир-бирига беминнат ёрдам бериши ва дўстона яшаши ҳамда  барча миллат ва дин вакиллари билан тинч-тотув ҳаёт кечираётгани ҳақиқатда мақтовга сазовардир. Бугунги мураккаб бир даврда ҳар бир инсон тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғи керак. Шундай экан, ҳаммамиз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, шу азиз Ватан, шу улуғ халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайлик.

Қосимов Ахрор

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси.