Аррозий ўрта махсус билим юрти

ОГАҲИЙ АСАРЛАРИДА ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Ўзбек мумтоз адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган, уни ворисийликка таянган ҳолда янги тараққиёт поғонасига кўтарган маданиятимиз, тарихимизда чуқур из қолдирган ижодкорлардан бири Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийдир.

У ислом дини билан боғлиқ Қуръони каримда зикри келган Пайғамбарлар образини ўзининг лирик ва тарихий асарлари орқали ёзма адабиётга кўчирган.                 

Қуръони каримда зикр этилган пайғамбарлардан бири Юсуф алайҳиссалом бўлиб, у ҳақдаги тасвирларда, даставвал, ташқи гўзаллиги ва солиҳ амаллар қилганлиги: айрилиқ ва мусибатга бардошли, золимлик ва зинокорликдан сақланувчи, руҳ покизалигини асрагувчи, хушмуомала, олиҳиммат, Аллоҳнинг ибодатига берилган, маънавий юксак садоқатли ошиқ  пайғамбар сифатида тилга олинади.

Огаҳий ўз шеърларида Юсуф (а.с) га хос бўлган мазкур сифатларни алоҳида байтлар қатига сингдириб, маъшуқани улуғлаш учун қиёсан қўллайди. Мажозий ва ҳақиқий ишқ изтиробларини ёритиб беради:

                   Хирадур сансиз кўзум, кўргуз юзингниким, эрур

                   Кўрса Юсуфнинг жамолин дийдаи Яъқуб хўб.

Қуръон ва бошқа диний-тарихий манбаларда ўғли ҳажрида куйиб-ёнган Яъқуб (а.с) нинг кўзи кўр бўлиб қолгани, Юсуф (а.с) унга кўйлагини суртгач, кўзи очилгани айтилади.

         Қуръонда зикри келган пайғамбарлардан яна бири Нуҳ (а.с) бўлиб, у ҳақдаги қарашларнинг кенг тарқалишида Ислом динининг роли катта бўлган.

Бунинг асосий белгиси сув тошқинидан кемада тирик жонзотларни асраб қолгани ва узоқ умр кўргани билан характерланади. Огаҳий асарларида мазкур образ алоҳида ўрин тутиб, у инсоният тарихини баён этишда, ҳаёт сабоқлари ҳақида одамларга насиҳат беришда катта аҳамият касб этади:

                   Еру кўкни не тонг ашким суви ғарқ этсаким, йўқтур

                   Қошида Нуҳ тўфони бир-икки қатра шудрингча.

Байтда шоир даҳшатли тўфон воқеасига ишора қилиб, қаҳрамоннинг қисматини ёрқинроқ акс эттириб беради. Тинимсиз кўз ёш тўкаётган ошиқнинг муболағали тасвири орқали у чекаётган ғам-аламларнинг чексиз эканлиги кўрсатиб берилган.

Огаҳий асарларида фаол мурожаат этилган пайғамбарлардан бири Айюб (а.с) бўлиб, мумтоз шеъриятимизда Айюб образи энг кўп Огаҳий лирикасида учрайди. Шоир орифона, ошиқона, диний мазмундаги шеърларида бу образга мурожаат этган. Муҳаббат ва висол йўлида Айюб (а.с) дек балога сабр этишга ва шу йўл билан мақсадга етишга ундайди:

                   Эй кўнгул, васл истасанг сабр эт балоу дардга

                   Ким муқарраб Тангрига бу шевадин Айюб эрур[1].

Огаҳий ўз шеърларида киши руҳий бойликка маърифат орқали эришмоғи мумкинлиги ҳақида уқтириб, нодонлик-жоҳилликка қарши жамиятни илм-маърифатга чақиради:

                   Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамгаким,

                   Кимда ул бўлса, ики олам бўлур обод анго.

                   Касби илм этмай киши гар қолса маҳзи жаҳл ила,

                   Ики олам обрўйи бўлғуси барбод анго.

                   Сарфу наҳву мантиқ ичра токи саъй этти аён,

                   Сибавайҳ қилур таҳсин ҳам имдод анго.

                   Қилғали илму калому ҳикмат ашколини ҳал,

                   Ҳаддин афзунроқ берибдур Тангри истеъдод анго[2].

Ушбу байтларда Огаҳий таълим-тарбияга жамият ҳаётидаги энг аҳамиятли масала тарзида қараб, инсон илм-маърифат билан азиз бўлиши ва мутолаа учун тинмай саъй-ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлайди.           

Шоирнинг бу байтлари илмнинг фазилати ҳақида ворид бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларларнинг назмий талқини, изоҳи сифатида ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَاب                  

“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”.

                                                                                                         (Бақара, 176)

Ушбу байт қуйидаги оятнинг ҳам мазмунини ифодалаб келган:       

                  

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”..      (Мужодала, 13)

Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расул (а.с.)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.

Сулаймон (а.с.) га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб беради[3].

Огаҳий инсон руҳиятини зўр маҳорат билан тасвирлайди. Нафс шундай бир золимки, инсон баъзида ундан ўзини тия олмай қолади ва гуноҳга ботади. Шу сабабли шоир ўз ижодида нафс ислоҳи учун у билан гоҳ урушиб, гоҳ ярашиб яшайди. Чунки, нафс фириб ва макр билан яқин алоқада бўлиб, нафс балосига гирифтор бўлган киши албатта фириб ва макрга қўл уради. Натижада нопок йўлга киради. Шайтон шундай бир маккорки, у инсонни жисмига кириб бориб, киши қалбида васвос қўзғайди. У кишини йўлдан ураётган пайтда оддийгина ҳаракат билан эмас, балки ўз йўлига бошлаганида инсон уни сезмай ҳам қолади:

                            Ҳар неча фирибу макр бирла ханнос,

                            Одам баданиға кириб айлар васвос.

                            Озғурмоқ ишида кишини эрмастур,

                            Талбис қилур чоғида андоқким ун-нос.[4]

Ушбу байт Қуръони каримнинг энг машҳур ан-Нос сурасига ишора бўлиб, шоир бунда олдинги мисоллардаги каби иқтибос санъатининг ақд (қофияли насрнинг мазмунини назмда баён қилиш) турини қўллаган:

أَعُوذُ قُلْ بِرَبِّ النَّاسِ (1) مَلِكِ النَّاسِ (2) إِلَهِ النَّاسِ (3) مِنْ شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ (4) الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ (5) مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ (6)

 

“(Эй Муҳаммад), айтинг: “Паноҳ излайман: одамлар          Парвардигоридан; одамлар Подшоҳидан; одамлар Илоҳидан; Яшириниб оладиган васвасачининг ёмонлигидан; одамлар дилига васваса солувчи- жинлар ва инсонларнинг шайтонларидан”[5].

Огаҳий Алишер Навоийнинг “Чекти” радифли ғазалига боғлаган мухаммасида Қуръони каримнинг “Вашшамс” ва “Валлайл” сураларига ишора қилиб, шундай дейди:

         Қазо қилки музайян қилғоли кўк тоқи таъмирин,

         Ёзар гоҳ анго Валлайл, гоҳ Вашшамс таъбирин,

Бу дам кун тиғи бирла Ҳақ этуб Валлайл таҳририн,

         Китоба сунъ қилки сураи Вашшамс тафсирин,

         Фалак тоқи ҳавошисида зарҳалдин рақам чекти.

         Аллоҳ ўз қудратини намойиш қилиш, англатиш учун оламни ранго-ранг қилиб яратди. Осмонга оройиш бағишлаш учун кеча-кундуз алмашинишини таъминлади.

Кундуз бор экан, кечанинг бўлиши муқаррар. Валлайл- кечага қасам демакдир. Бу ўринда Қуръони каримнинг 92-сурасига диққат қаратилади. Кечага қасам илоҳий жумласи билан бошланувчи бу сурада сўз кишиларнинг феъл атвори, юриш туриши ҳар хил эканлиги ҳақида бориб, эзгу амаллар тақдирланишини тасдиқлаганларга жаннат ато этилиши, кимки имон ёғдусидан бебаҳра, бахил бўлса, гўзал оқибатни ёлғонга чиқарса, у дўзахий эканлиги ҳақида гап боради. Энди банд учун асос бўлган байтдаги Вашшамс тафсирига диққат қилсак, бу сурада асосий эътибор нафсни жиловлашга қаратилган.

Маълумки, Қуръоннинг бир неча сурасида мўъжизавий қудрат зуҳуроти бўлган самовий сайёраларга қасам қилинади. Огаҳий ва Навоийнинг шулар орасидан айнан юқоридаги сураларга мурожаат қилишлари ўз мантиқий асосига эгадир.

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратгани ва бутун коинотни, еру осмонларни унга бўйсундириб қўйгани ҳақида кўплаб оятлар нозил қилган. Шунинг учун дунёдаги жамики нарса инсон эҳтиёжи учун хизмат қилади. Чунки, инсон махлуқотлар ичида энг азиз ва мукаррам зотдир.

Огаҳий ўз ижодида бу мавзуга алоҳида эътибор билан қарайди:

                            Ўн ақл, тўққиз сипеҳру[6], саккиз жаннат,

                            Ғам етти мунир, ахтару[7] ҳам олти жиҳат.

                            Ғам беш ҳису, тўрт унсуру уч мавлид,

                            Ғам икки жаҳон бир санга айлар хизмат.

Инсонга берилган улуғ неъматлардан бири тил бўлиб, бу неъмат Огаҳий наздида кўнгил денгизидаги энг покиза гавҳардир. Шу сабаб шоир уни “ҳар хуши йўқ ҳайвонга дебон” беҳуда сарф этмасликка чақиради, гар сўз топилса, уни қадрлашга қодир инсонга айтишга ундайди:

         Эй кўнгул одам ҳаёл айлаб дема нодонга сўз,

         Чунки ул инсон эмас, топсанг дегил инсонга сўз.

Сўздир инсон кўнглида бир гавҳари қийматбаҳо

         Они хор этма дебон ҳар ҳуши йўқ ҳайвонга сўз[8].

Огаҳий ушбу шеърини Қуръон оятлари мазмунидан истифода қилиб келтиради:

تَحْسَبُ أَمْ أَنَّ أَكْثَرَهُمْ يَسْمَعُونَ أَوْ يَعْقِلُونَ إِنْ هُمْ إِلَّا كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ سَبِيلًا

“Ёки Сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ёхуд англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Йўқ, асло!) Улар ҳайвонларнинг худди ўзи. Балки, (ҳайвонлардан ҳам) улар кўпроқ йўлдан озганроқдирлар”.

                                                                                              (Фурқон. 44)

Еру осмонлардаги барча нарсалар, шу жумладан, ҳайвонлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтиб, сажда ҳам қиларкан. Онгли мавжудот бўла туриб яратганни тан олмаган ва Унинг неъматларига ношукурлик қилган нодон инсонлар яхшиликни биладиган, эгасининг хизматидан бош тортмайдиган баъзи онгсиз ҳайвонлардан бадтар экани таъкидланмоқда.

Шоир “Таъвиз ул-ошиқин” девони дебочасида ёзади: “... шеър бир неъмати ўзамодурким, Тангри таоло уни ҳар кишига ато қилмамишдур ва они айтмоқ ҳунари ҳар кимнинг қўлидан келмамишдур ва шеър шоирнинг иззат ва давлат неъматин ҳосил қилмоғига сабаб, балки икки дунё манзалати саодатиға восил бўлмоғига боисдур”.

Бу ерда шеър ва шоирлик ҳақида сўз юритилар экан, Огаҳий шеър ва шоирликни Оллоҳ ато қилган, фақат у томонидан бериладиган улуғ неъмат деб тасвирлайди. Шеърни олий неъмат деб баҳолаб, гўё уни икки дунё манзалати саодатига етиштирувчи имконият кўприги эканлигига ишорат қилади.

Собиров Маҳмуджон

Имом Фахриддин ар Розий ИУМБЮ мударриси

 

 

[1] Огаҳий. Таъвиз ул- ошиқин. 1-жилд. –Тошкент, 1960. –Б. 182.

[2] Огаҳий. Таъвиз ул- ошиқин. 1-жилд. –Тошкент, 1960.  –Б. 140.

[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг  таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети Н.М.Б, 2004. –Б.   432.

[4] Огаҳий. Асарлар, 6 жилдлик. 2- жилд. –Т., 1978. –Б. 281.

[5] Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири ирфон. 30-жуз. –Тошкент: Шарқ, 2012. –Б. 366.

[6] Сипеҳр- фалак, осмон, дунё.

[7] Ахтар- юлдуз, сайёра.

[8] Огаҳий. Асарлар, 6 жилдлик. 4-жилд. –Б. 87.