Аррозий ўрта махсус билим юрти

МЕҲМОН ОДОБЛАРИ

Барчамизга маьлумки Ислом дини инсонларни нимага бўюрган бўлса бунинг барчасида инсон учун жуда кўплаб манфаатлар ва гузал хулқлар бордир.Шундай гузал амаллардан бири меҳмондустлик алоқасидир.Абу Ҳурайра разиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз (с.а.в)  шундай марҳамат қиладилар:

ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه (رواه البخاري)

“Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса меҳмонини хурматини жойига  қуйсин.”  Ҳа ушбу набавий таьлимот жамиятдаги инсонларни бир-бирлари билан боғлаб турадиган  ҳамда уларни ораларидаги дустона муносабатларни  қамраб оладиган кўрсатмадир.Биздан олдин яшаб утган аждодларимиз бу кўрсатмага оғишмай амал қилганлар.Шу сабабли қадим-қадимдан то хозирги кўнимизгача  ўзбек халқи ўзининг  меҳмон дустлиги билан барча халқларни лол қолдириб келмоқда.  Буюк ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий  меҳмонга барадиган киши  тўрт нарсага амал қилиши лозим бўлади деганлар.

1. Меҳмон мезбон қаердан жой кўрсатса, ўша жойга ўтириши.

2. Мезбон нима таом келтирса унга рози бўлиб тановул қилиши.

3. Меҳмон агар туришни хоҳласа уй эгасининг рухсати ила туриши.

4. Меҳмон қайтаётган вақтда мезбоннинг ҳаққига дуо қилиши.

Энди ушбу тўрт ҳолатни бир озгина ўрганадиган бўлсак, аввало биринчи ҳолат.

  1.Меҳмон  мезбон қаердан жой кўрсатса уша жойга ўтириши.

Фуқаҳоларимиз бу шартни қўйишларида катта бир исломий одоб бўлиб бу иш орқали меҳмон ва мезбон ўртасидаги ришта мустаҳкамланади. Чунки мезбон ўзини ва аҳли ҳонадони ҳолатини яхши билгани учун ҳам меҳмонни қаерга ўтқазиш кераклигини яхши билади. Бу энг муҳим ишлардан бири ҳисобланади. Чунки уй эгаси ўзининг ўй шароитини яхши билгани учун ҳам меҳмонни ҳижолатга қўймаслик ва қолаверса ўзига ҳам ноқулайлик туғдирмаслиги учун ҳаракат қилади. Меҳмон бўлувчи киши мезбон кўрсатган ўринга ўтириши билан турли туман келиб чиқиши мумкин бўлган ноқулайликларни олдини олган бўлади.

  2. Мезбон нима таом келтирса унга рози бўлиб тановул қилиши.

Бу ҳам исломий одоблардан бири ҳисобланади. Чунки мезбон ўзининг имкониятидан келиб чиқиб меҳмонни олдига таом ҳозирлайди. Агар меҳмон мезбондан у таомни ёки бошқа нарсани сўрайдиган бўлса хонадон аҳлини қийин аҳволга солиб қўяди. Бу эса мезбон билан меҳмоннинг орасидаги риштага путур етказиши мумкин. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам агар бирор бир саҳобийнинг уйига меҳмон бўлиб борсалар уй эгалари қайси таомни олдиларига қуйсалар ўша таомдан тановул қилар эдилар. Бу бизнинг миллий урф одатларимизда ҳам ўз аксини топган.

  3.Меҳмон агар туришни хоҳласа уйнинг эгасининг рухсати ила туриши.

Бу ҳам исломий одоблардан ҳисобланади. Бировнинг уйида меҳмон бўлиб турган киши тўсатдан қайтишни хоҳлаб қолиши бу мезбонни кўнглини ранжитади. Қолаверса, бу иш хонадон эгаларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бунинг энг гўзал ечими меҳмон бўлган киши мезбондан агар ижозат берса қайтишлигини билдиришидир. Ушбу иши орқали ўзини мезбонга нисбатан ҳурматини яна бир бор кўрсатган бўлади. Ўтган салаф солиҳларимизни тутган йўллари ҳам шундай бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд бир саҳобийга шундай деб таълим берганлар: “Агар бирор-бир кишининг уйига меҳмон бўлсанг фақатгина унинг рухсати билан қайтгин. Чунки сен унинг уйида бўлиб турган вақтингда у сенга амирдир.”

  4. Меҳмон қайтаётган вақтда мезбоннинг ҳаққига дуо қилиши.

Зиёфатнинг одобларидан яна бири меҳмон қайтаётган пайтда хонадон аҳлининг ҳаққига дуо қилишидир. Бу ислом дини буюрган гўзал амаллардан бири бўлиб,  мана шу сабабли кишилар бир-бирларининг ҳақларига чиройли дуолар қилиш билан ораларидаги алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Меҳмон хонадон аҳлининг ҳаққига дуо қилиши сабабли ўзига ҳам яхши тилакларни тилаган бўлади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор-бир хонадонга меҳмон бўлиб келсалар зиёфатни охирида таом эгалари ҳақида дуо қилар эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Саьд ибн Убода р.а. хонадонларига меҳмон бўлганларида зиёфатнинг охирида “Таомингизни яхши кишилар тановул қилди, хонадонингизда рўзадорлар ифторлик қилди, фаришталар сизларга саловат айтди. Аллоҳим, ўзингни раҳматингни Саъднинг оиласига ёғдиргин”, деб дуо қилдилар.Аллоҳ барчаларимизни исломнинг гузал одоблари билан зийнатланишимизни насиб этсин!

 

“Фатовои Ҳиндия” асосида таёрланди

Рахимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари