Аррозий ўрта махсус билим юрти

НИКОҲНИНГ ФОЙДАЛАРИ

Аллоҳ таоло ўз бандаларини нимага буюрган бўлса, бунинг барчасида инсонлар учун манфаат ва фойдалар бордир. Никоҳнинг ислом динида машруъ бўлиши жуда кўплаб манфаатли жиҳатларни мужассам қилгандир. Имом Ғаззолий ўзинг “ Иҳёу улумид-дин ” китобида никоҳнинг фойдалари тўғрисида жуда кўплаб фойдали маьлумотлар келтирганлар. Шу билан бирга никоҳнинг фойдалари бешта эканлигини санаб ўтганлар. Улар қўйидагилардан иборат:

1. Фарзанд қолдириш.

2. Шаҳватни синдириш.

3. Уй ишлари тадбирини қилиш.

4. Қариндошчилик алоқаларини кўпайтириш.

5. Қўл остидаги кишиларнинг ҳақ-хуқуқлари учун ҳаракат қилиш.

Булар хақида бироз тўхталиб ўтамиз:

1. Фарзанд қолдириш.

Никоҳдан асосий кўзланган мақсадлардан бири бу- инсон ўзидан сўнг зурриёт қолдиришидир. Чунки ортимизда қолдираётган фарзандларимиз бизнинг ишларимизни давом эттирувчилари ҳамда ўзлари яшаётган жамиятнинг келажаги ва ривожини белгилаб берувчи шахслар ҳисобланишади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини уйланишга даъват қилиб шундай марҳамат қиладилар:

“Уйланинглар. Чунки мен қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”. Ҳа, Пайғамбаримизнинг бу тавсияларининг фойдасини ҳозирги вақтда барча кишилар англаб етишмоқда. Ҳатто ислом динидан бошқа диндаги кишилар ва жамиятлар ўзларининг келажаги ҳақида бош қотиряптилар.

Имом Шотибий ўзларининг “Ал-Мувофиқот ” номли китобларида “Албатта, дин ва дунё ишларининг асоси бешта зарурий нарсаларни муҳофаза қилиш устига қурилгандир. Улар – дин, жон, насл, мол ва ақлни сақлашдир. Агар юқоридагилардан насл йўқолса бошқалари ҳам барбод бўлади”,-деганлар.

Имом Сарахсий айтади: “Аллоҳ таоло оламни то қиёмат кунигача боқий туришлигини ҳукм қилди. Бу боқий туришлик насл қолиши билан бўлади. Одатда зурриёт қолишлиги эркак ва аёл ўртасида қовушиш риштаси сабабидан  бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу қовушишлик йўлини шаръий никоҳ асосида амалга оширишга буюрди. Агар никоҳ шариат кўрсатмасига мувофиқ амалга оширилмас экан,бунда насабларнинг аралашиб кетиши охир оқибат инсон наслининг йуқолиб кетишилигига сабаб бўлади.

2. Шаҳватни синдириш.

Аллоҳ таоло яратган жонзотларининг кўпчилигида шаҳватни ҳам қўшиб яратди. Лекин инсонга ато қилинган ушбу шаҳват агар ислом таълимоти асосида қондириладиган бўлса, мана шу иш ибодат даржасига кўтарилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда “Сизларга аҳли аёлларингиз фаржида ҳам садақа бордир”, дедилар. Шунда Саҳобалар “Ё Расулуллоҳ, биз аёлимиз билан қўшилишимизда ҳам ажр борми?” деб сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ўйлаб кўрингларчи, агар у шаҳватини харом нарсага қуйганида гуноҳ бўлар эдими?! Шунга кўра, у ўз шаҳватини ҳалолга қўйишлигида ҳам савоб бордир”, дедилар.

3. Уй ишларини тадбирини қилиш. Яъни, инсон уйланишидан олдин уйларини тартибга солиши ва оилага керакли бўладиган анжомларни сотиб олиши ҳамда яшаш учун шароитларни ҳам тайёрлаши зарур бўлади. Аслида ҳам шундай. Уйланадиган йигит никоҳдан олдин ўзи ва оиласига керакли бўладиган ишларда ҳаракат қилади. Шу сабабли ўзини оила бошлиғи сифатида билиб, ўзига юклатилган масъулиятни ҳис қилиб олдинги ҳаракатидан ҳам кўпроқ ўзига ва қарамоғидаги инсонларнинг ҳолатларини яхшилашга ҳаракат қилади.

4. Қариндошчилик алоқаларини кўпайтириш. Никоҳдан кўзланган асосий мақсадлардан бири қариндошчилик ришталарини йўлга қуйишдир. Чунки икки ёшни турмуш қуриши сабабли иккала тарафдаги оилалар ўртасида қуда-андачилик ва қариндошлик алоқалари амалга ошади. Бу эса, жамиятдаги инсонларнинг бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишларини таьминлайди. Тарихда жуда кўплаб ўзаро жанжаллар, тортишувлар, давлатлар орасидаги низолар икки тараф соҳибларининг қуда андачилик ришталари орқали барҳам топган.

5. Қўл остидаги кишиларнинг ҳақ-хуқуқлари учун ҳаракат қилиш.

Оила бошлиғи бўлган киши қарамоғидаги аҳли аёли ва болаларини нафақа билан таъминлаш, одобларини  гўзал қилиш ҳамда  улардан содир бўладиган азиятларга сабр қилиш, қолаверса, оила аьзоларига  тегишли бўлган ишларда адолат билан ҳаракат қилиши лозим бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Огоҳ бўлинглар! Ҳар бирингиз бошлиқдирсиз. Ҳар бир бошлиқ ўзининг қўл остидаги инсонларга масъулдир”, деб марҳамат қиладилар.

Ҳозирги кунимизда жуда кўплаб юртларда никоҳга эътибор бермаганлари сабабли турли-туман касалликлар, оилавий можаролар,норасида гудакларни қаровсиз қолиши ҳамда  инсоний фазилатларга тўғри келмайдиган ишлари билан берк кўчага кириб қолганини кўрамиз. Шунинг учун ҳам биз ўзимизнинг миллий қадриятларимиз ва диний кўрсатмаларга амал қилишимиз керак бўлади. Тарихга бир назар ташласак, ўтган аждодларимиз ўзларининг миллий қадриятларига ва ислом дини кўрсатмаларига оғишмай амал қилганлари учун  ўзлари ва жамиятлари соғлом шаклда сақланиб қолган. Шу сабабли ҳам Президентимиз ўзларининг жуда кўплаб маърузаларида ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятларимизга мос ҳолда тарбиялаш тўғрисида куйиниб гапирадилар. Чунки қайси бир жамият ўзининг тарихий меросини ва миллий қадриятларини маҳкам тутса, ўша халқнинг келажаги, авлодлари, жамияти кучли бўлади. Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни тинч-тотувлиги, осойишталигини,файз-у баракасини зиёда қилсин.

 

Собиров Муҳаммадсиддиқ

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.