Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ УЛКАН ГУНОХДИР

Инсон ўзига берилган барча илохий неъматларга доимо шукр қилиб, хаётда дуч келадиган хар қандай синов, қийинчилик, муваффақятсизлик, мусибатларга сабр қилиши ва Аллох таолонинг рахматидан доимо умидвор бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак. Шунга қарамай, кейинги вақтда жамиятимизда айрим кишилар билиб билмай, айниқса, хотин қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллох таоло ато қилган хаёт нурини бевақт ўчиришга, ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гунох қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади, ушбу ишни қилган осий банда жаханнам ўти билан азобланиши таъкидланади. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Аллох таоло хадиси қудсийда мархамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим. ” Ушбу хадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий махрум қилинар экан. Бу мудхиш холатлар Аллох таолонинг қазою қадарига туғён қилишдан иборатдир. Ўзини ўзи ўлдириш Аллох таоло хузурида энг оғир гунохлардан бўлиб, шу йўл билан ўлганлар, юқорида айтилгандек, охиратда хам оғир аъзобга қолишади хамда ота оналарини хам оғир мусибатга солиб қўйишади. Аллох таолога шукрки, биз – мусулмонлар инсон учун хамма хаёт шароитлари тўлиқ мухаё қилинган фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров бировнинг хақ ¬хуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг ватанимизда ўзини ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ. Баъзи кимсалар ўзини портлатиш билан гўё “шаҳидлик” мақомига сазовор бўлишни иддао қиладилар, аммо улар ўзларининг бу ғайриинсоний харакатлари билан қанчадан қанча бегунох инсонларнинг қони тўкилишига, майиб ¬ мажрух бўлишларига сабаб бўладилар. Ислом таълимоти бундай холатни кескин қоралайди ва бегунох бир инсонга қилинган тажовуз деб билади. Бундай қабих ишни қилган кимса бу дунёда хам, қиёматда хам аъзоб уқубатда қолади, деб таъкидлайди. Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар. Жорий йилнинг 27 июл куни муҳтарам Президентимиз иштирокида жиноятчиликни олдини олиш бўйича бўлиб ўтган видеоселекторда таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган. Шундан ярми вафот этган. Охирги икки ҳафта ичида 79 та шундай ҳодиса рўй берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бир она ўзини икки фарзанди билан каналга ташлаб юборган. Ўзи омон қолган, лекин икки фарзанди ҳалок бўлган. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир аёл ўз уйини ёқиб юборган, оқибатда болалари ҳалок бўлган. Бир аёл поезднинг тагига чақалоғи билан ўзини ташлаган. Юқоридаги мудҳиш воқеалар ҳар қандай мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солмай иложи йўқ. Сабрсизлик эса, ана шундай оқибатларга олиб келишлигини воқеълик кўрсатмоқда. Собит ибн Заххок (р.а) дан ривоят килинади. Росулуллох (с.а.в) шундай деганлар Ким узини бирор бир нарса билан халок килса уша нарса билан азобланади. Динимизда, ўзини ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, ҳар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд қилишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Бир-бирларингизни (яъни, мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир” (Нисо, 29). Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаром ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташида абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди. Аллох таоло хар бир бандасига ато этган умр неъматларига шукр қилишга ва синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насиб айласин!

Рахимов Учқун Имом

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий – маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари.