Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЭРКАК КИШИНИ ОИЛАДА ҚАНДАЙ МАЖБУРИЯТЛАРИ БОРЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Муқаддас Ислом динимизда эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади.

Эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида батафсил ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар.

Эрнинг зиммасидаги баъзи мажбуриятлар:

1. Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا   

яъни: Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади.

2. Аёлга маҳр бериш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً 

яъни: “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз”  дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар.

3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши. Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ (رواه الإمام مسلم).

яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади” (Имом Муслим ривояти).

Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан.

4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

ثَلاَثَةٌ لاَ يَدْخُلُونَ الْجنَّةَ أَبَدًا: اَلدَّيُّوثُ، وَالرَّجِلَةُ مِنَ النَّسَاءِ، وَمُدْمِنُ الْخَمْرِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ! أَمَّا مُدْمِنُ الْخَمْرِ فَقَدْ عَرَفْنَاهُ، فَمَا الدَّيُّوثُ؟ فَقَالَ: اَلَّذِي لاَ يُبَالِيْ مَنْ دَخَلَ عَلَى أَهْلِهِ قُلْنَا: فَمَا الرَّجِلَةُ مِنَ النِّسَاءِ

 قَالَ: اَلَّتِي تَشَبَّهَ بِالرِّجَالِ   (رواه الإمام الطبراني والإمام البيهقي).

яъни:  “Уч тоифа киши асло жаннатга кирмайди: даюс, эркаксифат аёл ва хамр ичишга муккасидан кетган киши”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ичишга муккасидан кетганни биламиз. “Даюс” нима дегани?” дейишди. У зот: “Аҳли ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган одам”, – дедилар. Биз: “Эркаксифат аёл ким?” – дедик. У зот: “Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл”, дедилар” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоятлари).

Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади. Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.

5. Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

  أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ 

яъни: “Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз...” (Талоқ сураси, 6- оят).

6. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини  таъминлаши. Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ   

яъни: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!...” (Талоқ сураси, 7-оят).

Мазкур нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: 

(إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ" (متفق عليه

яъни: “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас.

7. Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ   

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).

Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.

8. Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ   

яъни: “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:

إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ اَلرَّجُلُ يُفْضِيْ إِلَى اِمْرَأَتِهِ وَتُفْضِيْ إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا

яъни: “Қиёмат куни Аллоҳнинг даргоҳида энг ёмон мақомда бўладиган одам, ўзи ёки хотинининг ташаббуси билан жинсий алоқа қилган ва хотинининг сирларини ошкора қилган эркакдир” (Имом Муслим ривояти).

Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Еркак киши ҳар доим масъулиятни зиммасига оладиган, оиласини ҳимоя қиладиган, тўла Мусулмон кишини сифатларини ўзида акс еттирадиган киши бўлиши лозим. Айни вақтда баъзи эркаклар аёлларини пул топиш мақсадида ўзлари ватанда, ожиза аёлларини эса Хориж мамлакатларига юбораётганларини онда-сонда эшитиб қолмоқдамиз бундай ишлар на диёнатимизга на урф одатларимизга тўғри келади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзолари яхшилаб тушуниб олиши керак.

Имом Фахриддин ар-Розий

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Мустафо Юнусхўжаев