Аррозий ўрта махсус билим юрти

ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ МОТУРИДИЙ АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА АҚИДАСИНИНГ ҲИМОЯЧИСИ

Муқаддас ислом динимиз эътиқодини бузишни қасд қилган турли оқим ва бидъатчиларнинг хуружларига қарши ўзининг соф таълимотлари билан мардона курашган,  Аҳли сунна вал жамоа йўналишининг диёримизда шаклланишида мислсиз ҳисса қўшиб, турли низо ва ихтилофларни олдини олган, она юртимиз Мовароуннуҳр шуҳратини дунёга таратган тенгсиз ва забардаст алломаларимиздан бири, “Имамул ҳуда” ҳидоятга бошловчилар имоми, “Имомул мутакаллимин” эътиқод-калом илмининг асосчиси ва пешвоси, “Раисул аҳлус сунна” аҳли сунна ва жамоати раиси Ҳазрати Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир.

У киши Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келган. Имом Мотуридий ҳаётида, бизгача етиб келган маълумотлар жуда оз. Имомнинг туғилиш саналари ва устозлари борасида баъзи чалкашликлар ҳам мавжуддир.

Аксарият тарихчилар Мотуридийнинг 333ҳ. (мил. 944) йилда вафот этганликлари ҳақида ягона фикрга эгадирлар. Шунга қарамай, баъзи Оврупо тарихнавислари Имомни 941 йилда вафот этган дейишса, машҳур турк олими Тош Кўпризода эса Мотуридийни 336ҳ. (947) йилда вафот этган, деб фикр билдирган. Кейинги давр манбаларида, жумладан “Ислом” қомусида, Овруполик машҳур исломшунослардан Г.Э. фон Грюнебаум асарида Имом Мотуридий 870 йилда туғилган ва 944 йилда вафот этган, деган фикрларини юртимиз тарихчилари ҳақиқатга яқин деб ҳисоблайдилар. Чунки “Ислом” қомуси ҳамда Оврупо олимлари ўзларида мавжуд ва биздан ташиб кетилган жуда ноёб қўлёзма китоблардан фойдаланганликлари маълумдир. Шунинг учун ҳам Имомнинг туғилишларига 870м.  йилни эталон сифатида белгиланди.

Имом Мотуридий ҳаётларига оид барча маълум манбаларнинг далолат беришича, ул зот Имом Аъзам - Абу Ҳанифа мазҳаби занжиридаги энг юқори турган алломалардан таҳсил ва ижозат олган. Унинг фиқҳшунослик ва илми каломда муқим шаклланишида Самарқандда яшаётган ўша замоннинг забардаст фақиҳларидан Муҳаммад ибн Фазл Балхийнинг таъсири бениҳоя катта бўлган. Тарихий манбалар бўйича, ул зотнинг тариқий устозлари силсиласи қуйидагича: Балхийнинг силсиласи Аҳмад Хизрўйга (ваф. 854м.) бориб етади; у эса Ҳотим ибн Асамнинг (ваф. 852) шогирди; у эса ўз навбатида Шақиқи Балхийнинг; у эса Иброҳим Адҳамнинг шогирди эди.

Ал-Кавофий ўзининг “Китаби аълом ул аҳёр” асарида Имом ал-Мотуридийнинг Абу Наср ал-Иёзийдан ижозат олганлигини ва Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжонийдан фиқҳ илмини ўқиганлигини, у зот эса Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан, у эса Имом Муҳаммад аш-Шайбонийдан, у эса буюк алломалар устози ва мазҳаб асосчиси Абу Ҳанифа - Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан фиқҳ таҳсили олганлигини ёзади.

Буюк Имом Абу Мансур ал-Мотуридий машҳур шогирдларни етиштирганликлари билан ҳам машҳурки, уларнинг барчаси Имомлик даражасига мушарраф бўлишган:

1. 342 (953) йилда вафот этган, исми ва илми ила довруғ таратган Илми ҳикмат асосчиси Имом Абул Қосим Исҳоқ бин Муҳаммад ал-Ҳаким ас-Самарқандий;

2. 350 (961) йилда вафот этган, илми фиқҳ ва каломнинг буюк алломаларидан бири бўлган Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъид ар-Растуғфоний;

3. 390 (999) йилда вафот этган Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ар-Паздавий;

4. 374 (985) йилда вафот этган ва Имом ал-Мотуридийдан кейин “Имамул -илмул ҳуда” (яъни, “ҳидоятга бошловчи олимлар Имоми”) шарафли унвонини олган аллома Имом Абу Лайс Наср бин Муҳаммад ас-Самарқандий;

5. Абу Исмат ибн Абу Лайс ал-Бухорий.

Имом ал-Мотуридий хазратларининг ушбу шогирдларидан ташқари яна ўнлаб салоҳиятли издошлари ҳам бўлишган.

Ироқдаги Имом ал-Ашъарийнинг калом илми мактабининг машҳур бўлишига Имом ал-Fаззолий, Имом ал-Боқиллоний, Имом аш-Шаҳристонийлар қандай ижобий рол ўйнаган бўлсалар, Самарқанддаги Имом ал-Мотуридийнинг калом илми мактабларини машҳуру манзур бўлишига Имом Абул Қосим ас-Самарқандий (ваф. 953), Имом Абу Муъин ан-Насафий (1027-1114), Абу Ҳафс ан-Насафий (ваф. 1142), аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний (1322-1389) лар ҳам шундай ижобий роль ўйнаганлар.

Китобат соҳасида Имом ал-Мотуридий ақидаларини баёни ва шарҳи сифатида Абул Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандийнинг “Ал-Эътиқод”, Абу Муъин ан-Насафийнинг “Табсират ад-дилла” ва “Баҳрул калом”, Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий”, аллома Саъдуддин ат-Тафтазонийнинг “Шарҳул ақоид ан-Насафий” асарлари олтин силсила тариқасида бирин-кетин ёзилиб, Мотуридия равияларини кенг тарқалишига, ривожланишига ўзларининг буюк ҳиссаларини қўшдилар.

Калом - сўз, нутқ дегани бўлиб, ўз асосида ислом фалсафасини акс эттирган Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг ўрта асрларда вужудга келган диний фалсафа жараёнидир. Бу илмий таълимотнинг олимларини “мутакаллим” деб атайдилар.

«Илми калом» исмининг ишлатилиши эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳакидаги масала шу илмда ўрганилганидадир. Имом ал-Мотуридий сунний каломнинг асосчиси, унинг барқарор бўлишига ва диний ақида - эътиқоднинг тозаланишига улкан хизмат кўрсатган энг аввалги киши ҳамда аҳли суннат ва жамоатнинг раиси сифатида тан олинганлар.

VIII асрда вужудга келган калом илмининг зарурияти шундан ҳам кўринадики, ўша вақтда вужудга келган турли бидъат оқимлар замирида худолик ва пайғамбарлик даъво этувчилар, Қуръону ҳадисни инкор этувчилар пайдо бўла бошлаган ҳамда баъзи одамларни илоҳийлаштиришлар бошланган эди. Бу каби ишлар эса, ислом динининг, илму маданиятининг ривожланишига, тинчликка халал берар, иймонлиларни эътиқодларидан қайтарар эди. Ўша вақтларда калом илми баҳсларининг асосий мавзулари исломнинг илоҳиётлилиги, Аллоҳ таолонинг зоту сифатлари, оламнинг пайдо бўлиши, набувват (пайғамбарлик) ва охират ҳақида эди.

Имом ал-Мотуридий даврларига қадар ҳам ислом оламида бир-бирига зид бўлган хилма-хил ғояларнинг эътиқодий курашлари авж олган эди. Ислом оламида, жумладан юртимизда аҳли муслим орасида бошланиб кетган ғоявий-фирқавий бўлинишувлардан айниқса, мансух бўлган  динлардан мусовий ва масиҳий ҳамда эски зардуштий дини эътиқодидагилар фойдаланиб қолишмоқчи бўлишар, исломни ичидан емиришга ҳаракат қилардилар. Ўша даврларда вужудга келган қарматийлар, қадарийлар, жаҳмийлар, жабарийлар, хорижийлар ва мўътазилийлар каби бидъат фирқалари орасидаги ақидавий тортишувлар қонли можароларга олиб борарди. Ислом оламида ақида масаласида аҳвол жуда ҳам оғирлашиб қолганди. Ташқи душманларга қараганда, исломнинг ичидан чиққан душманлари васият қилинган ислом бирлигини, ислом ақидасини бузиш билан нисбатан каттароқ хавф туғдирар эдилар. Шу тариқа, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом башорат қилганларидек, яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага, ислом динидагилар эса 73 фирқага бўлина бордилар. Ислом ақидаси бўйича, ушбу 73 фирқадан фақатгина биттаси - “аҳли суннат ва жамоат” (яъни, суннийлар) фирқасигина тўғри йўлдан, нажот йўлидан, Ҳақ йўлидан бормоқдалар. Шунинг учун ҳам бу фирқани “Аҳли ножия” (яъни, нажот топувчилар аҳли) деб юритиб келинади.

“Аҳли суннат ва жамоат”нинг энг машҳур Ҳанафия мазҳаби ақида имоми Абу Мансур ал-Мотуридий ва Шофеъия мазҳаби ақида имоми Абул Ҳасан ал-Ашъарийларнинг ҳар иккаласи ҳам суннатда бир бўлганларидек, услубда ҳам бир эдилар. Фақат мазҳабларигина ўзга-ўзга эди. Олдинги ўтган фақиҳлардан фарқли равишда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий сунний оқим ҳуқуқшунослигини нафақат Қуръон ва ҳадислар асосида сақлайдилар, ҳатто ўзлари кураш олиб бораётган муътазилийларнинг фалсафий қарашларидан уларнинг ўзларига қарши самарали истифода этадилар. Ҳар икки буюк Имом ҳам қуйидаги асосий нуқталарга бир хил фикрда эдилар: “Аллоҳнинг сифатларини исботлашда; Унинг азалий каломида; Унинг жаннатда кўринишининг жоиз бўлишида; Аллоҳ аршининг баёни ва Унинг аршини иҳота ва истилоҳ этишида; Аллоҳ қоидаларининг хусусиятлари ҳақида; Қоидаларига нисбатан оғир гуноҳ қилганларнинг аҳволи ҳақида ва ниҳоят, Аллоҳ расулининг шафоати ҳақида”. Аҳамиятлиси шундаки, мусулмон фирқалари орасидаги ихтилофлар сабаби бўлган бу муҳим масалаларда икки Имом ҳам бир хил фикрда бўлишган.

Имом Мотуридийнинг асарлари илму ирфонда, чунончи исломий ишлардан бўлмиш фиқҳ, усул ва каломда ўта мукаммал эканлигидан далолат бермоқда. Имом Мотуридий, ўша вақтларда асосий аҳли суннага зид  таълимот бўлган мўътазилиянинг барча мулоҳазаларига жавоб бериб, уларни бобма-боб инкор этди ҳамда уларнинг бешта усулини қусурли деб топиб аҳли сунна ақидасини софлигини химоя қилди. Мотуридий, мўътазилийлардан бўлган ва улар томонидан “бутун дунё имоми” номи берилган Каъбийни шахсан қадамма-қадам кузатди ва унинг ҳамма асарларини қусурли топиб, уларни йўққа чиқарди. Мўътазилия мазҳаби илгари сурган фикр-мулоҳазаларга жавоб бериш ва уларни тарқатиш ғоясида Имом Мотуридий ушбу асарларни ёзган:

1.           “Баёни ваҳмил-мўътазила”;

2.           “Раддил-усули хамса ли Абу Муҳаммад ал-Бохили”;

Каъбийнинг фикрларини инкор этиш йўлида эса, қуйидаги асарларини ёзади:

1.           “Радди усулил-адилла лил-Каъбий”;

2.           “Радди таҳзибул-жадал лил-Каъбий”;

3.           “Радди байтул-фусоқ лил Каъбий”.

Шунингдек, рофизий ва қарматийларнинг фикр-мулоҳазаларини рад этиб, ушбу асарларини ёзадилар:

1.           “Ар-радду ала усулил-қарматия”;

2.           “Радди китабул-Имами ли баъзи рафавиз”.

Фиқҳ (ҳуқуқшунослик) усули борасидаги асарлари қуйидагилар эди:

1.           “Маоҳоз уш-шариаъ”;

2.           “Китабул-жадал”.

Шу билан бирга, Ҳазрати Имом Мотуридий тафсир ва калом илмлари соҳасида ҳам аҳли суннат усули ила асарлар ёзганлар. Тафсир ҳақидаги китобига “Таъвилоту аҳли сунна” (ёки бошқача номи “Ат-таъвилотул-Мотуридия фи баёни усули аҳли суннат ва усули тавҳид”) деб ном берган. Ушбу китоб ҳақида Хожи Халифа номлик машҳур олим шундай деган эди: “бу тенгсиз бир китобдир. Ҳатто илми каломда бундан олдин ёзилган китобларнинг ҳеч бири бунга тенг кела олмайди. Бу китоб, бошқа китобларга нисбатан жуда осон тушунилади ва истифода этилади”.

Имом Мотуридий ўзларининг зуҳду тақволари билан ҳам халқнинг эътиборига тушганлар. Баҳдорчилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилганлар.

Имом Мотуридий ва у кишининг аҳли сунна ақидаси асосида яратган Мотуридия мактаби асосида етишиб чиқан буюк уламоларимизнинг ёт оқимларга ўз вақтида берган раддиялари мўътазилия оқими тарафдорларининг буткул йўқолиб кетишига, ислом оламининг деярли ярмида жумладан, Мовароуннаҳар диёрида Мотуридия таълимоти мустаҳкамланишига сабаб бўлди. Бу эса асрлар давомида халқимизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосида эътиқод қилишга хамда турли низо ва ихтилофлар келиб чиқишини олдини олишда беқиёс хизмат қилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки буюк бобокалонимиз  асос солган Мотуридия ақидасида бугунги кунда юзага келган экстремистик адашган оқимларга қарши курашишда ҳам барча асосли далиллар мавжуд.

Бугунги кун авлодлари ушбу ақидада собит туриб ёшларимизни аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосидаги Мотуридий бобомиз томонидан Қуръон ва суннатга мос равишда асос солинган таълимот бўйича тарбиялашимиз, замонамизда юзага келган дин ниқоби остидаги ёт оқимларга ушбу таълимот асосида раддиялар бериб динимиз софлигини асраш муқаддас бурчимиздир.

Давронбек Абдуқадиров

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта

махсус ислом билим юрти мудири.