Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЯҲШИЛИК ҚИЛИШГА ШОШИЛАЙЛИК

Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. Имом Тобароний ривоят қилган. Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар. Муттафақун алайҳ. Ушбу ҳадисда барча мўмин-мусулмонлар ҳар доим бир бири билан ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдамда бўлишлари ҳамда бирор мўмин-мусулмонга етган мусибатга қолган мусулмонлар ҳам мазкур мусибат худди ўзларига етгандек бефарқ бўмаслиги лозим экани баён қилинмоқда. Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳмат қилган: وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ яъни: “Ва эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят) Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин деганидир. Шунингдек, “шоядки, нажот топсангиз!” сўзи билан эзгу иш қилиш бандаларнинг нажот топишига сабаб экани баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг “шояд” дейиши аниқ амалга ошадиган нарсани ифодалайди. Яъни, эзгу иш қилган бандалар аниқ нажот қучади, деганидир. Чунки Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсалар амалга ошмасдан қолишининг мутлақо эҳтимоли йўқдир! Бандаларнинг нажот қучиши эса дунёда ҳам охиратда ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло дунёнинг ҳам охиратнинг ҳам раббисидир. Шунинг учун У зот халқига хизмат қилган ва яхшилик қилган бандаларга дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот беради. Демак, жамиятда биз билан бирга яшаётган барча инсонларга яхшилик қилсак, уларни рози қилсак, оғирларини енгил қилсак, орзу интилишларини рўёбга чиқарсак, албатта ажру мукофотлар олар эканмиз. Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларни қилишга шошилишни буюрган: …فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ… яъни: “…Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!…” (Моида сураси, 48-оят) Ушбу оятга кўра, инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”. (Каҳф сураси, 30-оят) Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз ва инсонлар манфаати йўлида қилган холис хизматларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳмат қилганлар: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деётганларини эшитганман”, деди. Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган хайрли ишларимиз, барча инсонларга қилган яхшиликларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши ҳамда унга ажр-савоб олишимиз учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир хайрли ишни амалга оширишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласак, ажр-савобга эришамиз. Агар ниятимизда Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмаса-да, бирор хайрли ишни амалга оширишга киришсак, гарчи мазкур ишни амалга оширишга эришсак-да, лекин унга бериладиган ажр-савобдан бебаҳра қолиб кетамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади. Масалан: Касб қилишдан мақсад диним касб қилишга буюрган, оиламнинг таъминоти менинг зиммамдаги фарздир, деган ниятда бўлиши ҳам мумкин ёки фақат мол-дунё орттиришни ният қилган бўлиши ҳам мумкин. Ушбу ҳолатларда ниятнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло буларни ниятига кўра мукофотлайди. Ният ва ихлос агар инсоннинг ҳаёти давомида доим тўғри қўлланса, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ибодатга айланади. Динимиз яхши ниятлар ва яхши амаллар динидир. Мусулмон киши яхши ниятли, солиҳ амаллар қилувчи саодатманд инсондир. У нияти орқали ҳаётининг ҳар нафасини, ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ учун ибодатга айлантиради. Имонли банда шундайин бахтлики, у динимиз кўрсатмаларини бажара бориб, ниятини уларга мослаб ҳаёт кечирса, унинг оддий турмуши ҳам ибодатга, охиратда ажр-мукофотларга эришиш имкониятига айланади. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир» (Имом Байҳақий ривояти). Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиш энг афзал амал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаром этганидан қайтиш парҳезкорлик (диёнат)дандир. Бу Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларда тўғри, рост ният қилишдир». Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ва холислик билан адо этаётган хизматларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. Яъни, дунёвий ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажариб ибодатга айлантира оламиз, худди шунингдек, ихлоссиз қилинган ибодат сабабли ажр-савобдан бенасиб қолиб кетишимиз ҳам мумкин. Аллоҳ барчамизни бундай маҳрумликдан Ўзи асрасин! Демак, Аллоҳ таоло йўлида қилган яхши амалларимизда, халққа қилган холис хизматларимизда, эзгу ниятларимизда асло умидсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки сизнинг қилган яхши ишингизни ва уларга кўрсатган ғамхўрликларингизни бандалар унутиб юборса ҳам Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб албатта, тақдирлайди. Амалнинг яхши бўлиши унинг шариатимиз кўрсатмасига зид бўлмаслигидадир. Ундаги ниятнинг тўғри бўлиши эса у амалдан Аллоҳ таолонинг розилиги ният қилинган бўлишидадир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Сўз амал билан бирга бўлмаса фойда бермайди. Сўз ва амал ҳам ният билан бирга бўлмаса, фойда бермайди. Сўз, амал ва ният ҳам агар суннатга мувофиқ бўлмаса, фойда бермайди”. Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Бугунги кунда ҳукуматимиз Ҳурматли Президентимиз етакчилигида эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Бунга жавобан фуқароларимиз халқимиз элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътиқодан қўллаб–қувватлашлари, жамиятимизнинг ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики: وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا … яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин….”- дедилар. (Қасос сураси, 77-оят). Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкилини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. …”, дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган). ... Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қарши чора-тадбирларни кучайтиришга бағишланган видеоселектор мажлисини ўтказди. Мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев: Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Шу сабабли, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладим, дедилар. Президентимиз халқимизга қилган мурожатида: Ишончим комил, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз бундай ҳолатга тушиб қолишни ҳеч қачон истамайди. Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз, дедилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўла олмайди", деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқий мўмин, тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаган кишидир. Коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйиши мумкин. Давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбилар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини олдини олишга қаратилгандир. Буни барчамиз чуқур англаб етишиз зарур. Чунки тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чоралар, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин. Барчамиз карантин қоидаларига қатъий амал қилсак, албатта бу балони енгиб чиқамиз. Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ҳайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин! Юртимизни ва дунё мусулмонларини каронавирус балосидан ўзи асрасин, бу дардга чалинганларга ўзи шифо берсин! Каронавирус балосига қарши жадаллик билан курашаётганларга Ўзи куч-қувват ато қилсин! Азизлар! Ўзингизни ва яқинларингизни бу балодан асраш учун уйда қолинг! Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ишлари бўйича мудир муовини У.Рахимов