Аррозий ўрта махсус билим юрти

Муаллимларнинг фазли ҳақида

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак , шунча оз. Инсон ким бўлишидан қатъий назар қайси соҳа вакили бўлмасин билим олиш учун устозга муҳтож. Инсоният тарихида фақат пайғамбарларгина муаллимдан дарс олмаганлар. Чунки уларнинг илмлари ваҳий асосида ҳосил бўлгандир. Агарчи пайғамбарларга замондош бўлган жоҳиллар ва кейинги айрим билмдонлик даъвосидаги кишилар, пайғамбарларнинг таълимотлари олдида ожиз қолганларидан, уларнинг, жумладан, Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг кимдандир дарс олганликларини исботлашга ҳаракат қилган бўлсалар­да, буни илмий асосда тушунтириб бера олмаганлар. Уларнинг сўзлари туҳмат, фараз ва хомҳаёлликдан нарига ўтмаган. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина дийний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз Исломда илмлар диний­ дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Шу боис ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билмларни ўрганиши лозим. Шу билан бирга, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухравий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафининг устун келиши эса, инсоннинг ўзига, ниятига боғлиқдир. Демак, ҳар қандай инсониятга манфаатли билим ўргатувчи киши муаллим деб эътибор қилинади ва динимизда кўрсатилган ҳақ­ҳуқуқ ва эъзозларга сазовор ҳисобланади. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал­Ҳазрамий ўзининг «Уқудул лаал фи асанидир рижал» номли китобида шундай дейдилар: «Машойихларимиз айтар эдилар: «Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу — шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки ундан­да юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади». Имом Суютий «Жомиъус сағийр»да келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: «Илм олинглар ва илм учун виқор ва сокинликни ўзлаштиринглар ҳамда муаллимларингизга тавозуеъли бўлинглар», деган эканлар. Бу ҳадисни Имом Табароний ва Ибн Адийлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Аллома Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида жумладан шундай дейдилар: «Чунки илмга тавозеъ ва қунт ила тинглаш орқали етилади. Толиби илмнинг устозга тавозеъси олийликдир, унга бўлган хокисорлиги иззатдир, унга бўйин эгиши фахрдир. Ислом маданияти бу борада фақатгина назарий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этибгина қолмай, юксак даражадаги амалий намуналарни ҳам кўрсатиб берган. Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо буюк мартаба Расулуллоҳга қаробат соҳиби бўлишига қарамай, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб, «Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз», дедилар. Шунда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг қўлларини ўпди ва: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дедилар. Муваффақ Хоразмийнинг «Имом Абу Ҳанифа маноқиблари» номли китобида келтирилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман», деган эканлар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен ота­-онамдан олдин Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қиламан», дер эдилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Мен Моликнинг ҳузурида унга эшитилмасин деб китобни оҳисталик билан варақлар эдим», деганлар. Имом Шофеъийнинг шогирди Рабийъ раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган бўлса, сув ичишга журъат қила олмадим», деган эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: «Ўттиз йилдан бери Шофеъийнинг ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтмай туриб уйқуга ётмадим». Улуғ муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний доимо устозининг исмини айтмай, уни Имомлар имоми, Буюк Устоз каби номлар билан тилга олар эди. Ислом тарихи олтин саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шу билан бирга бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос. Аллоҳ таолодан ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олишини ва бизларни уларга муносиб авлод бўлишимизни насиб этишини сўраб қоламиз. Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари У.Рахимов