Аррозий ўрта махсус билим юрти

УЙДАН ЧИҚМАНГ- УЙДА ҚОЛИНГ!!

 

          Инсон – ўзига хос яратилишга эга бўлган борлиқдир. Аллоҳ таоло унга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Айни вақтда бутун дунё COVID-19 деган бало билан курашмоқда. Президентлар халқига касаллик тарқалмаслиги учун кўплаб буйруқ ва фармонларни чиқаришмоқда. Бундай вазиятда, Мусулмонларнинг зиммасига Аллоҳ таоло қиёмат куни сўрайдиган улкан иш тушади, бу иш Бошлиқларга итоатдир. Ислом динининг мўътабар ва мўътамад китобларида бошлиқга итоат вожиб дейилган. Ким итоат қилмаса, гуноҳкор бўлади. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?!

         Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди:

﴿ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ  (سُورَةُ البَقَرَة / 222)

яъни: “...Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

         Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ ، تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ ، فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ (رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)

яъни: Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).

         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳкор умматлар учун катта бир кўрсатмадир.

         Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

" كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ اَلتَّوَابُونَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه)

яъни: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).        

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.

Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.

 

Имом Фахриддин ар-Розий

 ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси  М.Юнусхўжаев