Аррозий ўрта махсус билим юрти

РАМАЗОН – ҚУРЪОН ОЙИДИР.

Рамазон Қуръон ойидир бу ойда Қуръон нозил бўлган ва бу ойда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойни интиқиб кутар, ва бу ойнинг фазилатлари ҳақида саҳоба розияллоҳу анҳумоларга айтиб берар едилар. Ҳар Рамазонда саййидимиз  Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.  Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эдилар (“Тариху Бағдод”).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича,  машҳур тобеин Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ Рамазонда тунларини ибодат билан ўтказар экан.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида нақл қилинишича, “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса – уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди”.

Робиъ ибн Сулаймон устози Имом Шофеъийнинг Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилишларини нақл қилган. Ҳудди шу каби ривоят Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам нақл қилинган.

Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” – деганлар.

Айни вақтда бутун дунё шундай синов пайтида турибди. Бундай қийин вазиятдан олиб чиқадиган зот, бу фақатгина буюк Аллоҳдир. Ва бизни Роббимиз ойларнинг султони бўлмиш Рамазонга этказди бу ойда ҳар бир амал этмиш баробарга кўпайтириб берилади. Ва бу ойда шундай кеча борки унда дуолар қабул бўлади. Шунинг учун биз бу ойни ғанимат билиб Қуръон, зикр, хайрли ишларимизни кўпайтириб, роббимизнинг розилигини топиш ва бу балолардан қутилишимиз учун қалбимиз ва жисмимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

 

Имом Фахриддин ар-Розий

 ўрта махсус ислом билим юрти

 мударриси М.Юнусхўжаев