Аррозий ўрта махсус билим юрти

РАМАЗОН ОЙИ – НАФСНИ ТАРБИЯЛАШ ОЙИДИР.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, шаҳвати синади ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

 

"إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَلِلَّهِ عُتَقَاءُ مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Демак рўза тутган киши фақат нафси билан қолар экан унга ҳеч қандай шайтон васваса қилмас экан. Бир ўйлаб кўрингга инсон ўз ихтиёри ила оч қолади, чанқайди турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлади. Бу эса нафсни хоҳишларига Аллоҳ учун қарши тура олиш дейилади. Нафсининг хоҳишларига қарши тура олган бу киши оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади. Ва нафси яхшилик қилиш ва Аллоҳнинг тоатида бўлишни севадиган бўлиб қолади. Бу эса улуғ мақомдир ва мўъмин банданинг нафси устидан ғалабасидир. Аллоҳ таоло бизларни нафсимиз устидан ғалаба қиладига ва ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин.

 

 

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси

 Қ.Машарипов