Аррозий ўрта махсус билим юрти

АРАБ ТИЛИНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

Мустақилликнинг қўлга киритилиши нафақат иқтисодий ва ижтимоий муносабатларда, балки ғоявий мафкуравий соҳада хам катта ўзгаришлар бўлишига олиб келди. Биз тарихимизга, ўтмиш маданиятимизга, чуқурроқ эътибор бера бошладик. Унитилаёзган қадриятларимиз тикланмоқда. Барча мусулмон халқлари каби ўтмиш маданиятимиз, таълим тарбия, санъат ва маънавиятнинг бошқа томонлари ислом ақидалари билан, шунингдек, араб тили билан узвий боғлиқ эди. Биз ўтмиш маданиятимиз ва қадрятларимизни тиклар эканмиз, шарқ тилларига, хусусан араб тилига такрор ва такрор мурожат  қилишга тўғри келади. Шунинг учун араб тилини ўрганиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, бугунги кунда диёримизда Тошкент Ислом Университети, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти, ўрта махсус ислом билим юртлари, фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Урганч шаҳрида жойлашган Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ихтисослик фанларига асосий восита бўлган араб тилини ҳам мукаммал ўрганмоқдалар.

Араб тили тарихига назар солсак, араб тили сомий гуруҳининг жанубий шахобчасига тааллуқлидир. Араб тили тараққиёти уч босқичга бўлиб ўрганилади.

  1. Қадимги араб тили         
  2. Классик араб тили 
  3. Ҳозирги замон араб тили

Қадимги тил бизгача баъзи ёдгорликларда етиб келган. Тадқиқотчилар шу ёдгорликлардаги ёзувлар орқали унинг грамматик қурилмасини ва қисман сўз бойлигини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Классик араб тилининг намуналари эса бизгача жуда кўп миқдорда етиб келган. Биз уларда муккаммал грамматик қурилишга эга бўлган кенг лексик таркибли, жоҳилият даври назми ва таъсирдор қабилалар лаҳжаларининг нодир хусусиятлари ва энг асосийси Қуръони каримнинг нозил бўлиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари араб адабий тилининг янада ривожланиши ва таъсир доирасининг кенгайишига олиб келганини кўрамиз.  Шу сабабли, Ислом дини ва унинг манбаларини ўрганиш борасида араб бўлмаган бошқа халқлар томонидан ҳам араб тилини ўрганишга кенг йўл очилди.

Классик араб тили такомиллашишида муҳим роль ўйнаган қабила лаҳжалари орасида энг эътиборлиси Қурайш лаҳжасидир. Қурайшлар яшайдиган жой Маккаи Мукаррама ва унинг атрофи савдо маркази сифатида қадимги арблар ҳаётида катта аҳамиятга эга эди. Маккага ҳар йили турли қабилаларнинг вакиллари келиб кетар, уларнинг суҳбатларида қурайш лаҳжаси қабилалараро тил вазифасини ўтар эди.

Шунингдек, сайиллар, байрамлар пайтида шоирлар куч синашардилар. Барча қабила вакиллари иштирок этган бу тортишувларда ким ютиб чиқса, ўша шоирнинг қасидаси теридан ишланган саҳифаларга битилиб, Каъбага осиб қўйиларди. Классик араб тилининг шаклланишида бу манбаларнинг ҳам сезиларли таъсири бор.

Классик араб тили ислом дини ривожланиши натижасида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалган. Ўрта Осиёда у узоқ вақтларгача халқаро ва билим тили бўлиб келди. Шу кунларда ҳам ўзбек тилининг 33% ни араб тили ташкил қилади. Ўзларининг чуқур  ва илмий мулоҳазалари билан дунё фанининг равнақига сезиларли таъсир кўрсатган фан даҳолари, буюк ватандошларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Муҳаммад Хоразмий ва араб тилига улкан ҳисса қўшган, ҳатто “Жаруллоҳ” яъни Аллоҳнинг қўшниси Муҳаммад аз-Замахшарийлар ушбу тилда самарали ижод қилишган. Натижада классик тил ҳозирги замон араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди. Ҳозирги замон адабий араб тили Арабистон ярим ороли ва ундан шимолроқдаги ҳамда Шимолий ва Шарқий Африкадаги 20 дан ортиқ давлатнинг расмий тили. Кундалик газета ва журналлар,китоблар нашри ушбу тилда босиб чиқарилади. Радио ва теле ахборотлар ҳам шу тилда берилади. Бу холат араб давлатлари бўйлаб ўтган аср охирида шаклланган.

Барча араб давлатлари учун умумий бўлган араб тилидан ташқари, ҳар бир араб давлатида маҳаллий лаҳжалар мавжуд. Улар қуйидагилар -  Саудия, Яман, Сурия, Фаластин, Ироқ, Миср, Судан, Мағриб (Марокаш) лаҳжаларидир.

Олимларнинг фикрига кўра, араб тили қадимги самимийлик хусусиятини бошқа тиллардан кўра ўзида сақлаб қолган. 14 асрдан буён ўзгаришсиз, фақат ривожланишга юз тутган ягона тилдир.

Собиров Маҳмуджон

Имом Фахриддин ар Розий ИЎМБЮ мударриси