Аррозий ўрта махсус билим юрти

ХОТИРА АЗИЗ, ҚАДР МУҚАДДАС

 

         Мустақиллик неъмати туфайли жонажон юртимизда тарихий хотирани улуғлаш, инсон қадр-қимматини жойига қўйиш каби фазилатлар янгича аҳамият касб эта бошлади. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан 9 майни «Хотира ва қадрлаш куни» деб эълон қилиниши ҳам юқоридаги фикримизнинг исботидир. Бугунги дориломон кунларда кексалик гаштини сураётган фахрийларимизни иззат-ҳурмат қилиш, уларни қадрлаш ҳам энг эзгу ишлардан бири саналади, шу боисдан ҳам ўтганларни хотирлаш ва кекса-нуроний ва фахрийларни қадрлаш туйғулари ўзаро ҳамоҳанг бўлиб, олам-олам маъно касб этади. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Бугун сафимизда омон бўлиб, ҳаётимизга файз бағишлаб келаётган уруш қатнашчилари, муҳтарам фахрийларимизга юксак эҳтиромимиз бор. Уларнинг умри ғанимат эканини унутмаслик, айни ҳаёт бўлган пайтида уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, қадрлаш ва эъзозлаш барчамиз учун, аввало, ҳукумат ва ҳокимият раҳбарлари учун ҳам қарз, ҳам фарз десак, ҳеч қандай хато бўлмайди»  .

         Беаёв жангу жадалларда, тахликали кунларни бошидан кечирган, ушбу дориламон кунларимиз учун жонларини фидо қилган, Ватанпарвар, мард аждодларимизни хотирлаш биз авлодлар учун  шарафли бурч бўлмоғи лозим. Зеро, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадиси шарифларида: “Ўтганларингизни яхши сифатлари билан ёдга олинглар”,  деб марҳамт қилганлар. Шундай экан, фикри теран, мулоҳазали инсон ўтмишда бўлиб ўтган воқеа ҳодисотлардан тўғри хулоса қилиши, жангоҳларда ватани озодлиги  ва фарзандлари бахту камоли йўлида жонларини фидо қилган аждодлари хотирасини қалбига абадий муҳрламоғи лозим. Шу билан биргаликда, ҳозирда орамизда ҳаёт кечираётган Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва ёши улуғ отахон онахонларимизни қадрлаб, уларнинг дуои хайрларини олиш,  уларнинг ҳолидан хабар олиш баҳонасида бир дам ширин суҳбат қуриб, ибратли насиҳатларига амал қилишимиз, биз ёшларнинг камолотимиз заминидир.

 Тарихий хотирасиз келажак бўлмайди. Шундай экан, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Нажмиддин Кубро каби аждодларимизга муносиб ворис бўлайлик. Мана шундай осойишталик, тинчлик ҳукмрон бўлган кунларимизни қадрлаб, Ватанимиз истиқболи учун сидқидилдан муносиб меҳнат қилайлик.

 

Рахимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти маънаний ва маърифий ишлар бўйича мудир муовини.