Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЁЛҒОНЧИЛИК ЁМОН ИЛЛАТ

Парвардигори олам бизларни ёлғончиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ таоло) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди ”. Мавлоно Жалолиддин Румий ўзларининг “Маснавий”ларида бир воқеани келтирадилар: Бир ҳоким икки қул сотиб олди. Қуллардан бири чиройли, покиза, тишлари дурдек, нафаси гулдек муаттар, иккинчиси эса бадбашара, тишлари чириган, оғзи бадбўй эди. Ҳоким гўзал юзли қулга эҳсонлар қилди, сўнгра ҳаммомга юборди. Тишлар чириган, бадбўй оғизли қулни ёнига чақириб: Сен менга маъқул бўлдинг, аммо негадир шеригинг сен ҳақингда жуда ёмон гаплар айтди, - дея ҳаммомга кетган шеригининг ёмон хислатлари ҳақида сўради. Бироқ қул ўртоғининг устига гард юқтирмади. Аксинча, уни мақтай кетди: “У доим тўғрисўз. Мен унингдек яхши одамни кўрмадим. Мендаги баъзи айб-нуқсонларни кўрган бўлиши мумкин, бироқ мен бундан бехабарман. Ҳамма аввал ўз қусурларини кўрса, уларни тузатишга ҳаракат қилади. Масалан, мен ўз юзимни ва юзимдаги кирни кўролмайман, бировнинг юзини эса кўраман”. Бу гапларга қарамай, ҳоким қулнинг ҳоли-жонига қўймади: “У сенинг кўп айбларингни айтиб берди. Сен ҳам унинг камчиликларини айтгинки, сенга бўлган ишончим ортсин”! Бироқ хунук юзли қул шериги ҳақида фақат яхши гаплар сўйлади. Ҳоким қанчалар уринмасин, унинг оғзидан шериги ҳақида асло ёмон гап чиқмади. Ниҳоят, иккинчи қул ҳаммомдан келди. Ҳоким уни ҳам синаш учун ҳузурига чақирди, уни алқай кетди: “Қушдай енгил бўл, нақадар зариф ва латиф бўлибсан. Кошки, нариги қул санаган ёмон феълларинг бўлмаса эди. Бу гапларни эшитган қулнинг жаҳли чиқиб, ғазабланди ва шеригини ёмонлай бошлади... Бироздан сўнг подшоҳ, уни гапиришдан тўхтатди ва деди: “Бас, етар, иккингизнинг ҳам аслингизни билиб олдим – унинг оғзи бадбўй, сенинг эса ичиб сасиб кетган. Бундан буён сен у тўғри сўзли ва гўзал ахлоқли қулнинг амридасан. Қани, жўнаб қол энди”. Расулуллоҳ с.а.в. ҳадислари бу воқеага асосдир: “Албатта, Аллоҳ таоло сувратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди ва лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”. Бир қарашда бу воқеа оддий ташқи кўринишга эътибор беришдек ёки гўзаллик ҳақидадек кўринади, аммо Мавлоно Жалолиддин Румий а.р. бу ҳикоятлари ила бизларга шундай нуктани, ажойиб бир ҳикматни билдирмоқчилар. Рисолат паноҳ с.а.в. ўзларининг саҳобалари Авф ибн Моликка шу ҳақда марҳамат қилдилар: “Эй Авф ибн Молик, агар сенинг икки хизматкоринг бўлиб, улардан бири сенга хиёнат қилса, ёлғон сўзласа, бошқаси эса тўғри сўзлаб, хиёнат қилмаса, улардан қай бири сенга суюмлироқ?” деб сўрадилар. Авф деди: “Тўғри сўзлаб, хиёнат қилмайдигани”. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Сизлар ҳам Парвардигорингиз ҳузурида шундайсизлар. Абдуллоҳ ибн Омир шундай дейдилар. Менга ёшлигимда бир куни онам: “Эй Абдуллоҳ, буёққа кел мен сенга бир нарса бераман”, дедилар. Шунда бу ҳолатни кузатаётган Расулуллоҳ с.а.в. онамга дедилар: “Унга нима бермоқчи эдинг?” Онам: “Хурмо бермоқчи эдим”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. : “Агар ўша хурмони бермаганингда сенга бир ёлғон ёзилар эди”, деб марҳамат қилдилар. Оналарга гапирсак, фарзандингизга ёлғонни ўргатманг ёлғончи бўлиб катта бўлади дейилса. Бу бола ҳали ақли ҳеч нарсани олмайди ёки ҳеч иложи йўқ “алдагани бола яхши дейилган” шундай қилмаса, бола гап тушунтириб бўлмайди деб бир нечта субутсиз даллилларни сизга рўкач қиладилар. Аллоҳ таоло ёлғончилик мунофиқлар аломати эканлиги ҳақида деди: “Аллоҳ таолога берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Унга рўбарў бўладиган кунгача (қиёматгача) қалбларида мунофиқликни қисмат қилиб қўйди” . Аллоҳ таоло савдогарларимизни огоҳлантириб дейди: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ “Эй Инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни ёлғончи шайтон алдаб қўймасин!” Ҳакимлар бири деди: “Агар савдогарда 3 хислат бўлмаса, икки дунёда камбағал бўлиб қоламайди: тили 3 нарсадан – ёлғондан, ортиқча сўздан ва қасам ичишдан сақланмаса, қалби 3 нарсадан – кўз бўямачиликдан, хиёнат қилишдан ва ҳасаддан пок бўлмаса, ўзида 3 нарсани – жума ва жамоат намозларини ва Аллоҳ таоло розилигини ҳар нарсадан устун қўймаса”. Бу борада Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам шундай деганлар: “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинглар, чунки молни ўтказади ва (лекин) баракани ўчиради”. “Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёрлари ўзларидадир. Агар улар бир бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмасалар, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди”. Аллоҳ таоло Қуръонда ёлғончиларни лаънатлаб, “Зориёт” сурасининг 10 оятида: “Ёлғончиларга лаънат бўлсин!” , дейди. Чунки ёлғон ҳамма нарсани бузади, барбод қилади. Савдодаги баракани учиради, инсонни гуноҳга ботиради. Бизларнинг ибрат оладиган ота боболаримиз қандай ростгўй инсонлар эдилар. Токи бизлар ўзимизни ўзгартирмас эканмиз Аллоҳ таоло жамиятни аҳволини яхшиламайди. Чунки Қуръонда собит бўлган: “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас" . Хожа Аҳмад Яссавий ушбу ҳикматларида ёлғончи қандай инсон эканлиги ҳақида эслатиб ўтган эдилар: “Ал каззабу ла уммати” деди, билинг Муҳаммад, Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад. Тўғри юрган қулини, излаб Ҳақнинг йўлини, Рост юриган қулини уммат дегай, Муҳаммад. Ҳар ким умматман деса, Расул ишин қўймаса, Шафоат куни бўлса, маҳрум қўймас, Муҳаммад. Тангри таоло сўзин, Расулуллоҳ суннатин, Инонмагон умматин, уммат демас, Муҳаммад. Собиров Маҳмуджон Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси