Аррозий ўрта махсус билим юрти

“БУТУН УМРЛИК ҚАЗО” ДЕБ АТАЛГАН ҚАЗО НАМОЗИ БОТИЛДИР!

Ҳозирги кунда ва ҳар йили рамазон ойида ижтимоий тармоқларда ва телеграммларда қайсидир манбадан олинган “қазои умрий” (“бутун умрга татийдиган қазо”) деб аталган намоз тўғрисидаги маълумот тарқалади. Одамлар унинг аслини суриштирмай, бир-бирларига тарқатишиб ётибди. Рамазоннинг охирги ҳафтаси жумъа куни айрим одамлар ўзи ёлғиз ёки жамоат бўлиб тўрт ракъат намоз ўқишар эканлар. Бу “қазойи умрий” деб аталар экан, у қазо бўлиб кетган, ўтган барча намозларга, балки 400 йиллик ва ҳатто 700 йиллик намозларга каффорат бўлар эмиш. Яна ортиғи билан ота-оналаримизнинг ҳам намозларига каффорат бўлар эмиш. Бу нарса эски айрим китобларда бор, унга доир ҳадиси шариф ҳам мавжудлиги айтилади. Бироқ, БУ МАЪЛУМОТ ЎТА ИШОНЧСИЗ, ҲАДИС ДЕБ АЙТИЛАЁТГАН НАРСА ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ НОМЛАРИДАН ТЎҚИМА, СОХТА ВА МАВЗУЪДИР. БУНДАЙ СОХТА МАЪЛУМОТ ТАРҚАТИШ ГУНОҲИ КАБИРА ҲИСОБЛАНАДИ. Энди, бу масалага батафсил тўхталиб ўтамиз: Тўғри, “қазойи умрий” деган намоз ҳақида китобларда зикрлар учрайди. Жумладан, “Зод ул-лабиб”, “Авроди роҳати обидин”, “Фатовойи Вожидуддин Насафий”, “Мифтоҳ ул-жинон”, “Анис ул-воизин”, “Дуррат ун-носиҳин”, “Мажмуъ ул-латойиф” каби китобларда мазкур. Яна шу хилдаги, асосан, XVIII аср - XX аср бошларида ёзилган бир қанча форсий ва туркий асарларда ҳам учраб қолиши мумкин. Уларда келишича, “қазойи умрий”нинг икки хил кўриниши бор. Рамазон ойининг охирги жумъасида беш вақт намозни азону иқомат билан жамоат бўлиб ўқилади. Жаҳрий намозлар қироати жаҳрий, махфий намозлар қироати махфий ўқилади. Ниятида: “Ўтган умримдаги жами қазо намозларига каффорат бўладиган тўрт ракъат фарз намоз ўқийман”, дейилади. Баъзилар эса тўрт ракъат нафлни жамоат бўлиб ўқийдилар. Ниятида эса: “Ўтган жами умримдаги қазо бўлган намозларимга каффорат бўладиган тўрт ракъатли нафл намозини ўқийман”, дейдилар. Бунга Ҳазрати Али, Халаф ибн Айюб, Шайх Рукниддин разийаллоҳу анҳум сингари зотлардан нақллар келтиришади. Уларда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ деган эканлар: “Кимнинг қазо намозлари бўлса, уларнинг қанчалигини билмаса, жумъа куни бир салом билан тўрт ракъат нафл намоз ўқисин, ҳар ракъатида сураи фотиҳадан сўнг етти марта “Оят ул-курсий”, ўн беш марта “Инна аътойнака-л-кавсар”ни ўқисин. Шунда унинг етти юз йиллик қазо намози бўлса-да, уларга каффорат бўлади”. Айрим ҳолатда бу амаллар озроқ ўзгарган бўлиши мумкин. Шунда, саҳобаи киромлар: “Инсоннинг умри етмиш ёки саксон бўлар. Бунчалик дейишнинг маъноси нима?”, дейишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзининг намози, ота-онасининг намозлари, фарзандларининг намозлари ҳам бор-ку!”, дедилар. Баъзи бир нодонлар юқоридаги китобларга алданиб, юқоридаги сохта ва тўқима ривоятларга учиб, намозларини қасддан ҳам тарк қилар эканлар, наъузу биллоҳи мин золика! Баъзи бировларнинг мана шундай қилиб намоз ўқиб юришлари ҳамда сохта маълумотни ўзаро тарқатиб юришлари, улар келтираётган ривоятлари бир неча жиҳатдан ботилдир!!! Биринчидан, энг катта хато ва нодонлик намозларни қасдан тарк қилишдир. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда иймон билан куфрнинг орасидаги фарқ намоз ўқиш ёки уни тарк қилишда эканлиги очиқ баён этилган. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари якдиллик билан шунга қарор қилганларки, намозни қасддан тарк қилиш куфрдир! Яъни, намоз фарзлигини инкор қилиб тарк қилиш куфрдир. Иккинчидан, рамазонда ўқилган битта фарз намоз (нафлларни гапириш ортиқча) рамазондан бошқа вақтдаги бир неча намозлар ўрнига ўтади, дейиш иккинчи қабоҳатдир: “Фатовойи Баззозийя”да келган: “Бир одам фақат рамазонда намоз ўқиса ва “мана шу менга етарлидир” деса ёки “шунинг ўзи ҳам кўпдир”, деса ёки “бу ўқиганларим рамазондан бошқа вақтлардаги етмиштасининг ўрнини босади” деса, кофир бўлади”. “Фусули Имодий”да келган: “Кимки фақат рамазонда намоз ўқиса-ю, “Мана шу менга етарлидир. Чунки, рамазонда ўқилган намозлар етмиш баробарига ортади, ҳали бу зиёда ҳам бўлиб қолади” деса, кофир бўлади”. Мана шу хилдаги фатволар ҳанафий мазҳабининг мўътабар фатоволари бўлмиш “Хизонат ул-муфтиййин”, “Жомиъ ул-фусулайн”, “Фатовойи Оламгирийя” каби асарларда ўз аксини топган. Тўғри, ҳадиси шарифда рамазонда қилинган ибодатга етмиш ҳисса савоби берилиши айтилган. Аммо, бу фақат савоб берилишидир. Бошқа намознинг ўрнини босиши ёки ўрнига ўтиши эмас. Зотан, бир намоз у ёқда турсин, минг намоз ҳам битта намознинг ўрнига ўта олмайди, унинг ўрнини боса олмайди. Учинчидан, қазо бўлган намоз фақат у ўқилсагина зиммасидан соқит бўлади. Бошқа ҳеч нарса унинг ўрнини боса олмайди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар: مَنْ نَسِىَ صَلَوةً فَلْيُصَلّ اِذَا ذَكَرَهَا لَا كَفَّارَةَ لَهَا اِلَّا ذَلِكَ “Кимки бирор намозни унутиб қолдирса, уни эслаган вақтида ўқисин. Унга мана шундан бошқа каффорат йўқдир”. Мазкур ҳадисни Имом Бухорий Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапига Аллоҳ таолонинг оятидан далил ҳам келтирганлар: مَنْ نَسِىَ الصَّلَوةَ فَلْيُصَلّهَا اِذَا ذَكَرَهَا فَاِنّ اللهَ يَقُولُ: "أَقِمِ الصَّلَوةَ لِذِكْرِى". “Кимки бир намозни унутса, бас, уни эслаганида ўқиб олсин. Зеро, албатта Аллоҳ таоло айтади: “Намозни менинг зикрим учун қоим қил!”. Бунга ўхшаш ҳадиси шарифларни сунан соҳиблари – Имом Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа ҳамда Табароний, Дориқутний раҳматуллоҳи алайҳим каби муҳаддислар ҳам ривоят қилганлар. Тўртинчидан, юқорида айтилган тўрт ракъат намоз билан ота-оналарнинг, фарзандларнинг намозлари ҳам соқит бўлади, деб эътиқод қилиш ҳам ботилдир. Тўғри, бировга қилган ибодатнинг савобини бағишлаш мумкин. У ота-она бўладими, ажнабий бўладими, ибодатнинг савоби аталса, унга етиб боради. Бу аҳли суннат ва жамоат эътиқодидир. Аммо, бировнинг намозини ўқилмайди, унинг рўзасини тутилмайди. Биров учун намоз ўқилса, рўза тутилса, ундан намоз ёки рўза соқит бўлиб қолмайди. Зотан, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: لَا يُصَلِّى اَحَدٌ عَنْ اَحَدٍ وَلَا يَصُومُ اَحَدٌ عَنْ اَحَدٍ “Биров биров номидан намоз ўқий олмайди. Биров биров номидан рўза тута олмайди”. Буни Имом Насоий саҳиҳ санад билан Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Имом Абдурраззоқ ҳам Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган. Бешинчидан, юқоридаги намозни масжидда қазоларимиз учун деб ўқишлари ёки нафл сифатида жамоат бўлиб ўқишлари ҳам бўлмағур ишдир. Чунки, бу амаллари макруҳи таҳримий эканлигини фақиҳларимиз таъкидлашган. Чунки, инсон гуноҳларини яшириши, уларни ошкоро қилмаслиги вожибдир. Қазо намозим бор, деб масжидга келиб намоз ўқишдан қайтарганлар. Нафл намозларни эса жамоат бўлиб ўқишдан жумла фақиҳлар манъ қилганлар. Олтинчидан, бундай намоз, яъни тўрт ракъат намоз билан жумла қазо намозлар соқит бўлиб кетади, деган гап ислом фиқҳининг мўътабар китобларида зикр этилмаган. Жумладан, “Баззозийя”, “Қозийхон”, “Хулоса”, “Захира”, “Заҳирийя”, “Муҳит”, “Мабсут”, “Ҳидоя” ва унинг шарҳлари, “Виқоя” ва унинг шарҳлари, “Канз уд-дақойиқ” ва унинг шарҳлари, “Дурр ул-мухтор” ва унинг шарҳи “Радд ул-муҳтор”, Имом Муҳаммаднинг “Жомиъ ул-кабир ва “Жомиъ ус-сағир”лари, шунингдек, Имом аз-Зайлаъий, Ҳоким аш-шаҳид, Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Имом ат-Таҳовий, Имом ал-Кархий, Имом ал-Қудурий раҳматуллоҳи алайҳим ва шунга ўхшаш мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларининг мўътабар асарларида ҳеч нарса айтилмаган. Агар бу нарсанинг асли бор бўлганда, халққа шу фойдали бўлганда, мана бу зотлар ўзларининг асарларида уни баён қилишга, фазилатларини зикр қилишга шошилган бўлардилар. Мана шундай фазилатдан бебаҳра ва ғафлатда қолмаган бўлардилар. Ҳатто мазҳабимиздаги барча масалаларни олишга, зикр этишга ҳаракат қилган “Жомиъ ур-румуз” ва “Хизотан ур-ривоёт” каби фиқҳий китобларимизда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Ҳатто, фазилатли намозларни зикр қилишга тамоми эҳтимом ва ҳаракат қилган, бу борада заиф ривоятларга суянишни ҳам тарк қилмаган “Иҳё ал-улум ад-дин” соҳиби Имом ал-Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам мазкур намоз ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган. Еттинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гаплар ёзилган китобларнинг ҳаммаси заиф ва ҳеч қаерда эътибори йўқ китоблардир. Мавлоно Алий ул-қори, Ибн Нужайм ал-Мисрий, Ибн Обидийн аш-Шомий, Ибн Камол Пошшо раҳматуллоҳи алайҳим каби мазҳабимизнинг мутааххирийн олимлари орасида энг улуғлари мўътабар матнлар, мўътамад шарҳлар, эътиборли фатоволардан бошқа асарларга фиқҳий масалаларда суяниб бўлмаслигини, тафсир ва ҳадислар борасида эса фақатгина уларнинг ўз аҳли – муфассир ва муҳаддислардан олиниши лозимлигини баён этганлар. Саккизинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гапларнинг далили сифатида келтирилган ҳадислар мўътабар саҳиҳ ҳадис китобларида келтирилмаган. “Сиҳоҳи ситта”, яъни олтита саҳиҳ тўпламда ҳам, “Сиҳоҳи тисъа”, яъни тўққизта саҳиҳ тўпламда ҳам улар ривоят этилмаган. Тўққизинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар йўқ бўлади, деган гапларга далил қилиниб келтирилган ҳадиси шарифларнинг асли бўлмагани, исноди маълум эмаслиги, ровийлари йўқлиги ва ҳоллари маълум эмаслиги сабабли мазкур ҳадислар эътибордан соқитдир. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Санад диндандир”, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Санад мўъминнинг қуролидир”, Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Санадсиз ҳадис тунда ўтин терадиган мисолидир”, деганлар. Бинобарин, ҳадис деб зикр этилган ҳар қандай гап олинавермайди, уни ким айтганлигига қаралади. Ўнинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гапларга далил сифатида келтирилган ҳадиснамо ибораларни Мавлоно Алий ул-қори, Имом ас-Саховий, Имом Зайниддин ал-Ироқий, Имом аз-Зарқоний, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, Шайх Абдулазиз Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин сингари ҳадисшунос алломалар мавзуъ-тўқима деб таъкидлаганлар. Мавзуъ ҳадисларни ривоят қилиш ҳам, уларга амал қилиш ҳам ҳаромлиги маълумдир. Шуни таъкидлаш лозимки, Каъбанинг ичида тўрт ракъат намоз ўқиш ҳам умрлик қазоларга каффорат бўлади, деган ҳадиснамо гап ҳам мавзуълигини ҳадисшунос олимлар зикр қилганлар. Баъзи бировлар Масжиди Ҳаром ва Масжиди Набавийда намозлар савоби бир неча бора кўпайиши ҳақидаги саҳиҳ ҳадиси шарифларни ҳам суиистеъмол қилаётганини эшитиб қолмоқдамиз. Яъни, улар ҳажга боришиб бир неча кунлик қазо намозларини ўқишиб: “Мана, намознинг фазилатлари бу ерларда ортади, энди, қазо бўлиб кетган намозларимиздан қутилдик”, деб ҳаждан келишаётган экан. Аҳмоқлик бундан ўтмас! Зотан, ҳадисшунос олимларимиз бундай эътиқод инсонни куфрга олиб боришини ҳам таъкидлаганлар. Шуни унутмаслик керакки, савоб берилиши бошқа нарса, амални қилиш бошқа нарсадир. Қазоларни ўқиш фарздир. Бу аҳли суннат ва жамоатнинг иттифоқи билан бўлган ижмоъдир. Қазоларнинг ҳар бирини ўқимасдан унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди! Буни унутманг! Ҳамидуллоҳ Беруний.