Аррозий ўрта махсус билим юрти

ИСЛОҲОТЛАР САРҲИСОБИ-ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИДИР

Мустақиллик йилларида халқимизнинг эмин-эркин, хотиржам ибодат қилиши, динимиз арконларини тўлиқ адо этиши учун барча қулай шароитлар яратилди. Истибдод даврида қаровсиз қолган, неча йиллар давомида нураб, йўқликка юз тутиб борган юзлаб масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар истиқлол шарофати ила таъмирланиб, ҳавас қилса арзигулик ҳолатга келтирилди. Биргина Хоразм вилояти мисолида Хива шаҳридаги Ичан қалъада ўнлаб обидалар дунё хазинасининг ноёб дурдонлари сафига қўшилди. Энг асосийси, бу мўътабар манзиллар оддий бир зиёратгоҳ эмас, балки халқимиз учун маънавий-руҳий тарбиянинг таъсирчан марказлари вазифасини ўтамоқда. “Ичан қалъа”да халқимизнинг ноёб меъморлик анъаналари, аждодларимизнинг турмуш тарзи, ҳунармандлиги, санъати ва маданияти ўз ҳолича сақланиб қолган. Мажмуадаги 58 та тарихий-маданий мерос объектидан 17 тасида турли музейлар жойлашган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Ичан қалъа”да халқимизнинг бебаҳо маданий мероси мужассам эканини, Амир Тўра мадрасаси каби ноёб обидалар аждодларимизнинг тарихий ўзига хослигини сақлаш ва келажак авлодларга асл ҳолича етказишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. – Тарихий биноларни сақлаш ҳамма даврларда энг катта муаммо бўлиб келган. Хива Ўзбекистонда тарихий обидаларни таъмирловчи реставраторлар мактаби бўлган. Бугун ана шу мактабни қайта тиклаш вақти келди, – деди Президент. – Амир Тўра мадрасаси реставраторларни ўқитадиган мактаб бўлади. Бу ерда усталарга Самарқанд, Фарғона, Қўқон реставрация мактаблари анъаналари ўқитилади. Сайёҳлар кундузи реставраторлар ишини кўрса, кечки пайт бу ерда тарихий саҳналар, хон қабуллари намойиш этилади. Шундай қилсак, бу обидаларда ҳаёт қайнайди. Сўнги йилларда диний-маърифий соҳанинг ҳам ривож топаётгани, уламолар ҳаётига бўлган қизиқишнинг кучайгани, халқнинг маърифат топиб диний расм русмлар ва ибодат қилишга шавқи ошиб бораётгани айни ҳақиқат. Бу борада ҳам кўпгина ислоҳотлар амалга оширилиб, масжидлар таъмирланмоқда, кенгайтирилмоқда, ихлосманд халқимиз учун Ислом билим юртлари қошида Қуръони карим ўргатадиган ўқув курслари фаолият юритмоқда. Ушбу ўқув курсларини тугатиб Қуръони каримни тажвид асосида қийналмасдан қироат қилаётган юзлаб ихлосманд ҳалқимизнинг ҳурсандчилиги беқиёс. Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатиш, ижодий ютуқларга эришиш диний соҳа вакилларининг долзарб ва масъулиятли вазифаларидандир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ушбу йўналишда олиб бораётган кенг қамровли фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Диний-маърифий мавзудаги энг яхши ишларнинг сарҳисоби эса бу борадаги ишларнинг ўзига хос инъикосидир. Мамлакатда ўн олти хил конфессияларни ифодаловчи 2260 та диний ташкилот мавжуд. Мусулмон диний гуруҳлари 2052 масжидни бошқаради, тўрт масжид “шиа” мазҳабига тегишли деб белгиланган, 15 тадқиқот маркази ва 12 та таълим муассасаси мавжуд. 2018 йилда яна 13 та янги масжид очилди. Охирги уч йил мобайнида амалга оширилган ислохотлар самараи ўлароқ, 2018 йил бошида Адлия вазирлиги томонидан Исломни соф ўрганишга бағишланган биринчи олий ўқув юрти – Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси рўйхатдан ўтказилди. Ҳукуматимиз Қуръон ва ҳадис мусобақаларига ҳомийлик қилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикада Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, 9 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар билим юрти фаолият юритиб келади. Мамлакатда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фикҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилган. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилди. Академияда диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилди. Ушбу диний мутахассисликлар бўйича 100 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Айтиш мумкинки, юртимиздаги диний таълим муассасаларида диний фанлар билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий ва табиий фанлар ҳам ўқитилиб келинади. Жумладан, Ўзбекистон тарихи, фуқаролик жамияти, математика, информатика ва ахборот технологиялари, география, педагогика, психология, мантиқ, оила психологияси, ҳуқуқшунослик, фалсафа, иқтисодиёт каби фанлар ўқув дастурига киритилган. Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтда дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар дин ниқоби остида сохта ғояларни тарқатиш, одамларни бузғунчилик ва қўпорувчиликка чорлаш, шу орқали тинчлик ва осойишталикка раҳна солишни мақсад қилган турли адашган гуруҳ ва оқимлар тарғиботчилари кучайганини кўрсатмоқда. Улар ўз мақсадларига эришиш йўлида оммавий ахборот воситалари, айниқса, Интернет орқали одамлар онги ва дунёқарашини заҳарлашга, мусаффо эътиқодимиз асосларини бузиб талқин қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Ана шундай шароитда аҳоли, айниқса, ёшларда дин ҳақида тўғри тасаввурни шакллантириш, аҳли сунна вал жамоа ақидасини зшларимизга сингдириш, уларни аждодларимиз қолдирган ноёб маънавий мерос намуналаридан баҳраманд этиш алоҳида аҳамиятга эга. Биргина 2019 йил давомида имом-хатиблар томонидан 61 мингдан зиёд маърифий тадбир ўтказилган, телевидениеда 1500 та, радиода 600 та, матбуотда 1000 та, Интернетда 17500 та чиқиш қилинганлиги бу борада нақадар самарали ишлар бажарилгани, натижа эса имом-хатиблар фаолияти жамият билан чамбарчас боғлиқ эканини яққол ифода этади. Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида 3000 нафар ушбу соҳа вакилининг билим ва кўникмалари оширилгани соҳадаги ўзгаришлар замон талабларига мос ҳолда кетаётганини билдиради. Улуғ алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган масканда бунёд этилган илмий марказ халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий-маърифий йўналишдаги келишувлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар, мударрис ва талабалар, имом-хатиблар кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳли учун Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125) деган хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатишда янада собитқадам бўлиб, берилган имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келди. Ўзбекистон диний масалалар билан боғлиқ муаммолари бўлган одамлар ва оилаларнинг "қора рўйхати"дан халос бўлди. Ушбу аллақачон танқидга дучор бўлган рўйхатлар, албатта, расмий реестр хусусиятига эга бўлмаган, лекин одамлар ҳаётига, айниқса, иш топишда ва маҳалла кўмагидан баҳраманд бўлишига салбий таъсир кўрсатар эди. Эзгулик намойиши сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор ўзининг афв этиш ҳуқуқидан фойдаланди. Натижада кўпчилиги диний жиноятлар учун маҳкум этилган 3000 дан ортиқ фуқаро афв этилди. Шунингдек, яқинда "Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Унда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, фуқаролар ўртасида тинчлик,диний бағрикенглик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш каби энг муҳим масалалар тартибга солинган. Қонунда Республикада барқарорликни таъминлаш, жамиятимизга экстремистик ва бузғунчилик ғояларининг сингишига йўл қўймасликнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлари назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, экстремизмга қарши барвақт курашиш мамлакатимизда алоҳида қонун билан тартибга солинмаган, бу ҳуқуқни қўллаш соҳасида кўплаб муаммоларга олиб келар эди. Кишининг ўз-ўзини, ўтган умрини қилиши – ўзни сарҳисоб қилиш, деб ҳам аташ мумкин. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Қиёматда) Ҳисоб-китоб қилинмасларингдан олдин ўзларингни сарҳисоб қилинглар», деб марҳамат қилганлар. Киши ўз устида ишлаб, ўзини ҳар кун, ҳар соат аччиқ танқид қилиб борар экан, бундан ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам кўпдан-кўп манфаатлар бор. Аввало, ўзининг хатоларини англаб, унинг устида ишлаб ўзини юксалтиради. Республикада COVID-19 пандемияси шароитида инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишда диний соҳа вакиллари ҳам катта ҳисса қўшишмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси ва унинг жойлардаги етакчи намояндаларининг коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш бўйича аҳолининг кенг қатламлари ўртасида олиб борилаётган фаол тарғибот ва маърифий фаолияти мамлакатдаги санитария-эпидемиологик вазиятга ижобий таъсир этди. Мўъмин мусулмонларимиз карантиш шароитда жорий этилган тартибларга тўла риоя этиб ромазон ойида ибодатларини ўз уйларида хаммага ибрат ўлароқ амалга оширдилар. Шунингдек саҳоватпеша инсонларимиз Президентимизнинг “саҳоват ва кўмак ” ташаббусларини қўллаб қувватлаб карантин шароитида кам таъминланганларга, ногиронларга, етим есирларга, касалмандларга беғараз ёрдам кўрсатдилар. Халқимиз пандемия шароитида янада яқинлашиб бир бирларини қўллаб қувватладилар. Халқимиз янада жипслашди, ўзаро меҳр оқибат равнақ топди. Ҳамма бир ёқдан бош чиқариб юртбошимиз белгилаб берган йўриқномалар асосида коронавирус касаллиги кенг тарқалиб кетиши олди олинди. Ушбу касалликни даволаш бизнинг тиббиёт тизимимиз катта давлатлар эриша олмаган ютуқларга эришиб касалликка чалинганларни яратганнинг инояти билан шифо топишларига сабабчи бўлишди. Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги янги сиёсатининг илк амалий натижаларини фуқароларимиз ўз ҳаётида сезаётгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиши шубҳасиз. Имом Фахриддин ар-Розий УМИБЮ мударриси М. Сабиров