Аррозий ўрта махсус билим юрти

КЕЧИРИМЛИЛИК МЎЪМИНЛАР СИФАТИ

 

 

Муқаддас динимизнинг асосий шиорларидан бири кечиримлилик ва бағрикенглик экани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради. Мазкур ояти каримадан маълум бўладики, бизга зарар етказган кимсани афв этсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.

       Халқимиз азал азалдан адашганга йўл кўрсатиб, йиқилганни турғизиб қўйган миллатдир. Бу азалий анъаналар ҳозир ҳам изчил давом этмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз.

Улуғ айём Рамазон ҳайити арафасида Юртбошимиз адашиб содир этган қилмишидан пушаймон бўлган инсонларга яна бир имкон бериш, уларни оиласи бағрига қайтариш мақсадида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонини имзолади.

Фармонга кўра 258 нафар фуқаро авф этилди. Улардан 164 нафари фаолияти тақиқланган ташкилотлар иштирокчисидир. Авф ислом динига хос инсонийлик ифодаси бўлиб, айбдорни жазолаш имконига эга бўла туриб, бағрикенглик билан кечириб юборишни англатади. Қуръони Каримда “Бас, ким авф этиб (ўртани) тузатса, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир” дейилган (Шўро сураси, 40-оят)

Зеро, авф кечирилган шахсни фарзандлари, мўйсафид ота-оналари қучоғига қайтармоқда. Шу билан биргаликда айбдор ҳам ўзига қилинаётган олийжанобларча муомала сабаб ўзини ўнглашга харакат қилади.

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганининг амалий исботи бўлиб, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин намоёни бўлди. 

Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, чопонларидан қаттиқ тортган, ҳатто чопон ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад,  Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол  муомала  қилганида  ҳам Расулуллоҳ  унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақидаги оятларига мувофиқ иш тутгани боис ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб изларини кўзларига сурганлар. Албатта, кечиримлилик инсонни қанчалик улуғлаб қўяр экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар. 

Афв этишнинг нақадар қадрли ва савобли иш экани динимиз таълимотларида жуда кўп таъкидланади. Бу борада Улуғ аждодларимиз, оламга машҳур олиму фақиҳларимиз кўп фойдали насиҳатлар қилганлар. Алишер Навоий ҳазратларининг “Ҳайратул аброр” достонларида ҳикоя қилинишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, базм вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг бошига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса қулнинг аҳволини кўриб, уни озод қилиб юборибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган…”. Президентимизнинг ҳар доим адашиб диний оқимларга кириб қолганлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир қилиб, суднинг қора курсисига ўтириб қолганларнинг айбини яхшилаб ўрганиб, агар улар қилмишларидан пушаймон бўлсалар, уларни кечириш чорасини кўриш тўғрисида гапирганида, “улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз”, деб жон куйдириб гапирадилар. 

Байрам кунларида Аллоҳ таолога севимли ишлардан бири кечиримлилик яқинларга совға-салом улашиш, муҳтожларга мурувват кўрсатишдир. Аллоҳ ҳеч биримизни ўзи кўрсатган тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин эзгулик йўлида мехр мурувватли бўлиш хаммамизга насиб қилсин!

 

 

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 Ислом билим юрти мударриси М.Юнусхўжаев