Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЛОҚАЙДЛИК ЗАРАДИР!

Тинчлик, осойишталик, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги бу Аллоҳнинг бандаларига берган улкан неъматлари ҳисобланиб, албатта инсон буларнинг шукрини адо қилмоғи лозим бўлади. Шукрлар бўлсинким, узоқ йиллар кутилган бундай улуғ неъматлар ўзбек халқига ҳам чорак аср олдин насиб қилиб, бугун юртимиз кундан-кунга ривожланиб, халқимиз турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Инсонларнинг эртанги кунга ишончлари ва умидлари зиёда бўлиб бормоқда. Буни нафақат халқимиз, балки бутун жаҳон эътироф этмоқда десак ҳеч муболаға бўлмайди. Юртимизда эришилаётган барча соҳалардаги ютуқларимиздан албатта халқимиз жуда ҳам мамнун. Чунки халқимизнинг ишончини оқлаш, уларни рози қилиш учун куну тун тиним билмасдан ғайрату шижоат билан меҳнат қилаётган асл юрт фарзандлари бор. Шу мард ўғлонларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига юртимиз кундан кунга чирой очиб, ривожланиб бормоқда. Юртимизнинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бундай мард юрт ўғлонлари билан биргаликда, минг афсуслар бўлсинким, бунинг зидди бўлганлар ҳам йўқ эмас. Бундай инсонларнинг тоифалари бугунги кунда жуда ҳам кўпайиб бораётганлиги ундан ҳам ачинарли ҳолдир. Жумладан, юртимиздаги яратилган шарт-шароитларни писанд қилмасдан, кенг имкониятлардан унумли фойдаланмасдан чет эллардаги жим-жимадор ҳаётни орзу қилиб чиқиб кетиб, бошига турли балою офатларни сотиб олаётганлар, ўз баданини сотиб пул топаётган аёллар, турли хил экстремистик оқимларнинг таъсирига тушиб террорчилик қилаётганлар, чет элларда юриб ўз юртига тош отаётган ва бошқа шу каби кўплаб инсонийлик меъёрларини бузган тоифаларни санаш мумкин. Лекин уларнинг ичида яна бир шундай тоифа инсонлар борки, у ҳаммасидан ҳам хафлироқдир. Бу лоқайд инсонлар тоифасидир. Машҳур адиблардан бири айтганидек: “Лоқайдлик дунёдаги энг кучли зилзила ва бўронлардан ҳам ёмон душмандир!”. Чунки бу тоифа инсонлар учун Ватанига хужум қилинса ҳам, тинч ва осойишталигига рахна солинса ҳам жим томошабин бўлиб туришдан нарига ўтишмайди. Қўли билан ҳам, тили билан ҳам, ҳатто дили билан ҳам бу ҳолатга қарши курашмайди. “Менга нима” дейишдан бошқага ярамайдиган инсонлардир. Бундай иллатга мубтало бўлган инсонлар юрт равнақи, халқ фаравонлиги, сархадларимиз хавфсизлигини таъминлаш каби буюк ишлар фақатгина шу сохада хизмат қилаётганларнинггина вазифаси деб тушунадилар. Тинчлик осойишталикни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Чунки тинчлик барча ютуқларимизнинг, фаровонлигимизнинг асосидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур. Зеро, бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва хушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, — деб беъжизга таъкидламаганлар. Ҳозирги дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан ўсиб бораётган бир вақтда фарзандларимизни дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, илму-маърифатли, юксак маҳоратли, энг асосийси Ватанга садоқатли қилиб вояга етказишимиз, уларни турли хил ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилшимиз зарурлигини ҳаётни ўзи тақозо қилмоқда. Лоқайдлик иллати нақадар хавфли иллат эканлигини чуқур англаган ҳолда, ҳар-бир юрт фарзандлари авваламбор, бу иллатни ўзларидан садоқат ва фидокорликлари билан даф қилмоқликлари ҳамда келажак авлодга намуна ва ибрат бўлмоқликлари, уларни аждодларимизга мос авлодлар қилиб, Ватанга садоқат руҳида тарбия этмоқликлари шарт ва зарурдир. Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ маънавият ишлари бўйича мудир муовини Р. Учқун