Аррозий ўрта махсус билим юрти

Бидъат хурофотлардан огоҳ бўлайлик

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

          Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари бўлади. Ва бу одатлар мазкур халқнинг миллати, дини, миллийлиги, маданияти ва илм-маърифатидан хабар беради. Азал-азалдан бизнинг юртимизда ҳам ислом шариатига хилоф бўлмаган одатларга амал қилиниб келинган. Лекин, ҳозирги кунда пайдо бўлаётган баъзи урф-одатларнинг асли йўқ.    Шундай бидъат-хурофот ўлароқ пайдо бўлган урф-одатлар шариат қоидаларига зиддир. Энг ачинарлиси эса ҳали-бери бу бидъатлар бўй кўрсатишдан тўхтайдиганга ўхшамайди. Ҳалқимизни бундай жаҳолат гирдобидан олиб чиқишга харакат қилишиз лозим. Муқаддас динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъналаримиз билан биз қоралаётган бидъат-хурофатларни фарқини ҳалқимизга етказишлигимиз лозим. Бидъат-хурофотларни баъзиларига юртимизга ислом дини кириб келишидан олдин аждодларимиз амал қилиб келган бўлса, баъзиларини ислом дини кириб келгандан сўнг динни яхши тушунмаслик ва ислом динини ниқоб қилиб, баъзилар мусулмончиликда йўқ бўлган янгиликлар киритиб ҳалқни чалғитиб манфаъат манбаига айлантиришган. Ислом динига нисбатан қалбларида муҳаббат юқори бўлган соддадил ҳалқимиз бу бидъат-хурофотларга тушунмай амал қилиб келмоқдалар. Одатда бирор бидъат-хурофотни қилинса, бу иш нотўғри дейилса ото-боболаримиз қилган дейишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Уларга (мушрикларга): «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!» – дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримиз нимани қилган бўлса биз ҳам ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тушунмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган бўлсаларчи?!”[1]
             Ахир ота-боболаримиз тарихига назар ташласак, XIX-аср охирларида ва XX-аср бошларида Чор Россиясини мусталакасига айлантирилиб бутун турмуши, урф-одатлари ва маданий негизлари зўровонлик билан барбод этилгандику, қарийиб XX-асрда шўролар мустабид тузуми остида энди ҳалқимизни дини, тили ва ғурури топталди.  Юртимизда мустақиллик шарофати билан миллий-диний қадриятларимиз тикланди, ҳалқимиз ўзлигини англаб етди.  Бидъат-хурофотни дард деб билсак, ҳар бир дарднинг даъвоси бор, бу дарднинг даъвосини муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимиздан излашимиз керак бўлади.

               Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки:
  “Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир”[2].
Яна Саҳл ибн Абдуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам  айтадиларки:

 “Ким Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, суннатга риоя қилса, Аллоҳ уни бидъат аҳлига бўладиган азобдан қутқаради ва уни жаннатга киргизади”.-деганлар.
               Бидъат амаллар тарқалишига сабаб бўладиган омиллардан бири илмсизликдир. Аввало, илми мукаммал бўлмаган, лекин ўзини ўта илмли ҳисоблайдиган баъзи кимсаларнинг дин номидан гапириши, ўзи ўйлаб топган, кўзига чиройли кўринган ишларни суннат ва савоб билан боғлашга уриниши турли бидъатлар пайдо бўлишига сабаб бўлаяпти. Масалан, шиалар, хорижийлар, жабарийлар, қадарийлар асосчилари мусаффо эътиқод масалаларига бидъатлар киргизди ва кўплаб инсонларни тўғри йўлдан чалғитди. ХХ асрда пайдо бўлган “Ҳизбут-таҳрир” каби оқимлар ҳам Қуръон ва суннатда йўқ масалаларни динда бор деб эълон қилишга интилди.

          Дуохон, азайимхон кабиларнинг ўз олдига келувчиларга савоб бўлади дея “қон чиқариш”, “мозорга эҳсон қилиш”, “оқ қўчқор сўйиш” каби шариат буюрмаган амалларни тавсия қилишлари ва бу тавсияларнинг халқ орасида турли йўллар билан тарқалиши.

            Молу дунё тўплаш ёки обрў орттириш мақсадида савоб ва жаннатни ваъда қилувчи “Нурнома” ва “Мушкул-кушод” каби шаръий асосларга эга бўлмаган рисола ва китобларнинг ёзилиши ва тарқалиши. Кейинги вақтларда диний-маърифий китоблар расталаридан ўрин олишга уринган “Саодатга элитувчи билим” китобини ҳам ўшалар қаторига киритиш мумкин.

             Илмсиз кишилар ўртасида турли сабаблар билан хурофот ишларининг оммалашуви ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаслиги ҳам бидъатларнинг авж олишига сабаб бўлади. Масалан, келин-куёв илк марта кўришганда пичоқ, ойна, тароқ ва Қуръонга қараш одати. Ёки чоршанба куни “тугун оши” қилиниши, Пайшанба куни “қўйнинг калласини” ният билан пиширилиши кабилар ҳам шариатга алоқаси бўлмаган, лекин баъзилар наздида савоб ҳисобланган хурофот ишлардир. Бинобарин, бидъат амаллар ижтимоий ҳаётни мураккаблаштирадиган, кўпинча, ортиқча ҳаракат ва харажатларга сабаб бўладиган жоҳилона одатлардир. Улардан сақланиш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифасидир. 

            Бундай бидъатлар тарқалишини олдини олишда барча мусулмонлар бирлашиб, буни ўзларининг зиммаларидаги вазифаси деб билиб курашмоқликлари яхси самара беради. Бидъатга қарши курашишда мусулмонлар, аввало, Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарани атрофлича, яхши ва пухта ўрганиб унга амал қилишлари, қандайдир гап ёки фикрга нисбатан таассубни тарк қилишлари, ижтиҳодга салоҳияти йўқ кишиларнинг гапини қабул қилмасликлари, Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳаби ва мўътабар фиқҳий мазҳабларга хилоф бўлган тоифа, фирқа ва гуруҳлардан ҳушёр бўлишлари ва мусулмонларнинг раҳбарлари бузуқ йўлдаги фирқаларнинг одамларига насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга бошлашлари зарур.

           Бидъатга қарши курашишнинг асосий йўли илм ва уламолардир. Уламолар деганда илмига амал қилувчиларни тушунмоқ керак. Илмга амал қиладиган уламоларнинг камайиши бидъатнинг ривожланишига олиб келади. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ўрганиб, уларга амал қилиб, фарзандларимизни ушбу йўлда тарбия қилсак, иншааллоҳ, бидъат балосидан халос бўламиз.

           Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоятида бардавом айласин!  Юртимизни турли ҳил аҳли бидъатларнинг зарарларидан омонда сақласин! Барча мусулмонларни соф ислом ақидасида собитқадам қилсин! Амийн!

 

 

[1] Бақара сураси 170-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси «Ҳилол-Нашр» 2019.

[2] Имом Муслим ривояти.