Аррозий ўрта махсус билим юрти

КАЛОМ ИЛМИ РИВОЖИДА НАСАФИЙ АЛЛОМАЛАРНИНГ ЎРНИ

Юртимизни – алломалар юрти дейдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Қадимдан бу заминда не-не алломалару донишмандлар ўтган. Манбаларда қайд этилишича, Қашқадарё воҳаси ва Насаф шаҳрида 300 га яқин машҳур алломалар, муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар яшаб ижод қилган.

IX асрда Насафда ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Х асрда яшаган Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абул Муъйин ан-Насафий каби ўнлаб ижодкорлар номлари маълум. Шу боис Х-ХII асрларда Мовароуннаҳрдагина эмас, балки бутун Шарқда “Насафий” нисбаси анча машҳур бўлган. Бу даврда фиқҳ, ҳадис, тафсир ва ислом динининг асоси бўлган ақоид илми ривожланган. Амир Темур ва темурийлар даврида Насафда илм-фан, маданият ва санъат янада ривожланган. Абу Саъд Абул Карим ас-Самонийнинг “Китоб ал-Ансоб” асарида VIII-ХII асрларда яшаб ўтган 180 га яқин насафлик олим ва шоирнинг номлари қайд этилган. 

Улар орасидан калом илми ривожига ҳисса қўшган кўпгина бобокалонларимизни мисол қилиб келтириб ўтишимиз мумкин. Аввало калом илми нималиги билан танишсак, “Калом – ислом илоҳиётининг илми ҳисобланиб, XII-асрда пайдо бўлган. Калом тарафдорлари мутакаллимлар деб аталади. Ушбу илм турли диний-сиёсий гуруҳлар, мисол учун, хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиийлар кабилар пайдо бўлиши билан боғлиқ баҳслар натижасида вужудга келди ва тарқалди. Калом илми вақт ўтган сари тараққий топди. Айниқса, Насафий яшаган XI асрнинг иккинчи ярми ва XII аср бошларида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди.

Ақоид илми инсонни адашишдан тўсади. Ақоид илми  қатъий далиллар билан диний эътиқодларни мустаҳкамлайди ва улардан  шубҳаларни рад этади. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақ йўлни далил ва ҳужжатлар билан баён қилади. Тўғри йўлдан  бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилади. Диннинг соф  эътиқодларини бузуқ фикрлар ва ботил шубҳалардан муҳофаза қилади. Энг  асосийси, ақоид илмини ўрганиш икки дунё саодатига етаклайди. Қилган  амаллари учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам савоб олади.

Замонлар ўтиши билан одамлар ислом ақидасида адашиб, турфа хил ихтилофлар пайдо бўлди. Айнан мана шундай даврда тортишувлар “Калом илми” яъни Ақида илми пайдо бўлишига замин бўлди. 

Аҳли сунна вал жамоа ақидаси уламолари  Ашъарийя мактабининг асосчиси Бағдодлик олим Абул Ҳасан ал-Ашъарий (873-935), Мотуридийя мактабининг асосчиси эса Самарқандлик таниқли олим Абу Мансур ал-Мотуридий (870-944) бўладилар. 

Мотуридия ақидасини кенг таратган Мовароуннаҳр олимларидан Абу Муъийн ан-Насафийдир. 

Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалардан бири Абул Муъин ан-Насафий ҳазратлари бўлиб, у зоти бобаракотнинг тўлиқ исмлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафийдир. Ҳижрий 418 ёки 438 йил, милодий 1027 ёки 1028 йилда Мавороуннаҳр диёрида Насаф шаҳрида дунёга келганлар. Абдулкарим Самъоний Абул Муъин исмига «Ибсоний»ни ҳам қўшиб айтади ва Ибсон қишлоғи Қарши шаҳридан бир фарсаҳ (тахминан 5–6 чақирим) узоқликда жойлашганини таъкидлайди. Абул Муъин Насафий шу қишлоқда туғилган. Бу кишининг кунялари Абул-Муъийн, лақаблари эса «Аҳли сунна вал жамоанинг раиси», «Ҳақ ва дин қиличи», «Динсизларга зарба берувчи», «Мутакаллимлар (Ақоидшунослар) тили», «Зоҳид», «Фақиҳул Имом» бўлган. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан эди. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлари орасида машҳур эди. Абул Муин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд бўлади.

Абул Муъин ан-Насафийнинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин отасидан Абу Ҳанифанинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган.
Абу Муъийн Насафий ҳаёти давомида Мўтазилия, Карромия, Жаҳмия ва Ботинийлар каби фирқаларга раддия берганлар.

У киши қуйидаги китобларни таълиф этганлар:

1. “Ал-Умда фи усулил-фиқҳ” (“Фиқҳ усуллари таянчи”).

2. “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”).

3. “Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”).

4. “Олим ва мутааллим” (“Олим ва илм ўрганувчи”).

5. “Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан” (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш”).

6. “Маноҳижул-аимма фил-фуруъ” (“Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари”).

7. “Муътақидот” (Эътиқодлар). Бу асарнинг бир қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

8. “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”). Бу асар аллома ижодининг гултожи ҳисобланади. Асар ислом фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбадир. Унинг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.

Абул Муъин ан-Насафий ҳаѐтининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода илмий ижодий ишлар билан ўтказган. Шу даврлар орасида 15га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, жумладан: “Табсиратул адилла”“Аттамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари шулардан энг машҳурлари саналади.

Ҳаёти давомида кўплаб шогирдларни тарбияладилар. Шогирдларининг энг машҳурлари қуйидагилар:

Нажмиддин Умар Насафий, Оловуддин Самарқандий, Абу Бакр Кошоний, Абу Музаффар Толқоний, Аҳмад Баздавий, Абул Ҳасан Балхий, Абул Фатҳ Халамийлар.

Бу киши Имом Мотурудийнинг «Тавҳид» номли китобларига асосланиб шогирларига дарслар ўтганлар. Ушбу китобга дарс мобайнида «Табсиратул адилла» китоби таълиф этилди. Ушбу китобни «Тавҳид» китобига шарх десак ҳам бўлади. Зеро, бу китобда «Тавҳид»да ёзилган оддий халқ учун нотаниш баъзи сўзлар шарҳланган.

Абул Муин Насафий аббосийлар ҳукмронлиги заифлашиб, инқирозга юз тутаёган даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда сиёсий аҳвол анча кескинлашди. Бу ҳолат илм соҳасига салбий таъсир қилмади. Аксинча, юксак маданият маркази бўлган пойтахт Бағдодга беллашадиган Қуртуба, Қоҳира, Бухоро каби маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Шундай илм-ирфон марказларида Абул Муин Насафийдек буюк олимлар етишиб чиқди.

Яқин-яқинларгача калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий ҳаёти ва фаолияти тўғрисида деярли ҳеч нарса билмасдик. Ваҳоланки, хорижда аллома асарларини ўрганиш анча аввал бошланган бўлиб, ҳатто унинг баъзи асарлари француз, олмон, турк тилларига таржима қилинган. Сурия, Миср, Франция ва Германия олимлари мазкур манбалар бўйича магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишган.

Бу зот Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб кенг тарқалишида муҳим роль ўйнаган. Исломий эътиқод поклиги масаласида ўндан ортиқ китоблар ёзган ва улардан “Табсира”, “Тамҳид” ва “Баҳр ул-калом” асарлари бизгача етиб келган. Бу асарларда дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатилган. Ақида масалалари чуқур илмий таҳлил этилиб, мотуридия таълимоти моҳияти очиб берилган.  Шу нуқтаи назардан, бугун ёшларни турли диний оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муъйин ан-Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. 

Ушбу бобокалонимиз мотуридия таълимоти вакилларининг энг ёрқин вакили бўлган. Бу зотнинг шонли тарихимиздаги иккита улкан хизматини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Биринчидан, унинг мотуридия таълимотининг диёримизда сақланиб қолишидаги энг катта хизмати бўлса, иккинчи жиҳатдан, ўша даврда диёримизда турли бузғунчи оқимларнинг ривожига катта қаршилик кўрсатганлиги туфайлидир.

Аллома бобомиз ўз асарларида турли бузғунчи, адашган оқимларга кескин раддиялар бериб, уларнинг диёримизда ривожланишига қаршилик қилган. Ўша давр уламолари Абу Муин Насафийнинг ўз асарларида иллатларни фош этиб, ҳақиқатни баён қилгани учун унга араб тилида “Сайф ул-ҳақ”, яъни “Ҳақиқат қиличи” деган шарафли ном берганлар.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафи солиҳларнинг фикрларини мустаҳкамлади, ўша пайтда фитна уруғини сочишга уринаётган мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Исломий соғлом ақидани мудофаа қилиш учун инсонлар орасида ҳидоятчи бўлиб, илм тарқатиш мақсадида қалам тебратди.

Абу Муин Насафий яшаган давр аббосийлар ҳукмронлигининг заифлашган даврига тўғри келиб, бу пайтда ислом олами тарқоқ ҳолда мустақил мамлакатларга бўлиниб шаклланаётган эди. Мовароуннаҳрда дастлаб сиёсий барқарорлик кузатилган бўлса-да, кейинчалик очлик, қаҳатчилик ва тарқалган вабо офатлари билан ёнма-ён, мўътазилий, маздакий, жаҳмий ва мўшаббиҳ фирқалари орасидаги зиддиятлар кузатилди. Ана шундай кескин ва сиёсий беқарор вазиятда ақидавий зиддиятларни чуқур таҳлил қилиб, ўз фикрларини Қуръон ва суннадан аниқ далиллар келтириб асослаган. Абу Муин Насафийни унинг шогирди Абу Ҳафс Умар Насафий: “илми денгиздек ҳовучлаб ичиладиган зот, Шарқу Ғарбнинг олими” деб таърифлаган эди.

Фақат Насафий “Олим ва мутааллим” китобини отаси Муҳаммаддан ривоят қилганини айтади. Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган асосий манбаларидан биридир. 

Асарнинг кўплаб нусхаларга эгалиги, унинг калом илми ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади.

Унинг асарларига эътибор бериб қарасак, кўплаб тортишувларга сабаб бўлган масалаларни танлаб, уларни ёритиб беришга ҳаракат қилган. Бу ақидавий масалаларга алоҳида тўхталишдан мақсад, мусулмонлар мусаффо ақидани англаб, тушуниб, унга амал қилган ҳолда тинч-тотув, фаровон ва бахтли ҳаёт кечирсинлар. Адашган фирқаларга қарши ҳимоя воситасини яратишсинлар.

Абу Муъин Насафий ақидавий мавзуларни очиб беришда баҳс-мунозара услубидан кенг фойдаланган, яъни  муаллиф аввал бошқа адашган фирқаларнинг ақидадаги фикр ва қарашларини ифодалаб, кейин ўзининг (мотуридия) ақидасини баён қилиб ва уни исботлаган, кейин уларнинг гаплари асоссиз эканлигини ўз раддияларида бирма-бир келтириб ўтган.

Абу Муъин ан-Насафий мана шундай оқимлар кўпайиб, нотўғри ақидалари ҳар жойда илдиз отиб бораётган бир пайтда ижод қилиб, уларнинг илдизларига болта урдилар. Уларга қарши раддиялар бериб, уларни мот этдилар. Юқоридаги китобларнинг барчаси мана шундай оқимларга берилган раддиялар билан бурканган.

Мутакаллим олимлар Абу Муъин ан-Насафий раҳматуллоҳи алaйҳининг ақоид китобларини аъло баҳолаб, уларга турли хил шархлар битганлар. Ҳозирги кунда бу кишининг ёзган асарлари билан бутун олам мусулмонлари фойдаланиб бормоқдалар.

Шуни эътироф этиш керакки, буюк мутакаллим Абу Мансур ал-Мотурудий асос солган  таълимотнинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига дастлабкилардан бўлиб ўз ҳиссасини қўшган аллома имом Абул Мўъийн ан-Насафий ўзининг бебаҳо асарлари билан калом илмининг кейинги тараққиёти учун беқиёс хизмат қилган. Алломанинг илмий мероси ўз даврида қанчалик муҳим бўлган бўлса, орадан минг йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Айниқса, улар тўғри йўлдан адашган инсонлар учун ёруғ йўлчи юлдуз бўлади.

Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобида Имом Мотуридий таълимоти ниҳоят даражада мукаммал ва тушунарли тарзда баён этилган. Шу сабабли у асрлар давомида калом илми бўйича асосий қўлланмалардан бири сифатида эъзозлаб келинади. Имом Насафий муаллифлик қилган энг катта манба бу – “Табсиратул адилла” китобидир. У калом илмида энг муҳим манба, кенг ҳажмли, илму калом олимлари орасида машҳур бўлган кучли китобдир. “Кашфуз зунун” соҳиби шундай баҳо беради: “Табсиратул адилла – Имом Насафийнинг эътиқодий масалаларда ҳужжатлари энг аниқ келтирилган китобдир. Бу китоб аҳли сунна вал жамоа билан унга хусуматлашган бошқа фирқаларнинг орасини яққол ажрата олган. Далиллар ўта дақиқ. Итноб ва ишоралар орасидаги ибораларни (терминларни) оддий ва тушунарли қилиб кўрсатган. Ғоятда фойдали китоб”.

Абу Муин Насафийнинг катта бобоси Макҳул ан-Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан, алломанинг бобоси Муътамид ибн Макҳул ан-Насафий эса ҳанафийлар орасида катта обрў-эътибор қозонган зотлардан бўлган.

Абу Муъин Насафийнинг илмга қизиқишига сабабчи бўлган киши унинг отасидир. Отаси Муҳаммад ибн Мўътамад ўз шаҳрининг пешво олимларидан ҳисобланган. Ҳатто Имом Насафий баъзи ривоятларнинг санадини айтганда отасининг номи зикр қилинган. Муҳаммад ибн Муътамад бир неча китоблар ва раддиялар ёзган. Хусусан, “Луълуъёт фил мавоиз”, “Лубоб”, “Радду аъла аҳли бидаъи вал аҳваи” (Бидъатчи ва хаёлпарастларга раддия) китобларидир. У ҳижрий 318, милодий 930 йилда вафот этди. Шунингдек, Имом Насафийнинг бобоси ҳам Ҳанафийлик мазҳабини ва Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини турли бидътчи ва хурофотчилардан ҳимоя қилган олимлар бўлган.

Яна бир улуғ боболаримиздан бирлари  “Ал-Ақоид ан-насафия” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (462-537/1068-1142) Самарқандда фаолият олиб борган ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва мутакаллимидир. Унинг юздан ортиқ асарлар ёзганлиги манбаларда таъкидланган.

“ал-Ақоид ан-насафия” асари ғоятда машҳур ва ақида борасида асарларнинг энг эътиборлиларидан бири ҳисобланади. Мазкур рисола кичик ҳажмда бўлишига қарамасдан, 9 (тўққиз) асардан буён Марказий Осиё ва ислом оламида мотуридийлик ақидаси бўйича энг машҳур қўлланмалардан бири вазифасини бажариб келмоқда.

Яна бир буюк Насафийлардан бири Абул Баракот Аҳмад ибн Аҳмад Насафий машҳур «Тафсири Насафий»нинг муаллифларидир. “Умдат ал-ақоид” (“Ақидалар асоси”) – калом илмига оид.

Ёшлик даври илм олиш истагида илм марказлари бўлган шаҳарларга сафар қилиш, риёзат чекиш билан ўтган. Олим кўп шаҳарларга борган бўлсада, асосий таълимни Бухорода олган. Насафий Кирмон, Бағдод каби шаҳарларда дарс бериш билан шуғулланган. Абдулҳай Лакнавий уни "...замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усулул фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган" деган бўлса, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773/1372-852/1449) эса "Алломаи дунё", деб таърифлаган.

Аллома ҳақида кўплаб манбаларда бир-бирини такрорлайдиган маълумотлар келтирилади: “Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, ер аҳлининг устози, суннат ва фарзнинг жонлантирувчиси, Қуръон маъноларини очиб берувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, Илоҳий калом таржимони, маъони ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усулул фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмлари меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури”. Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (“Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари”) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир.

Бугун униб-ўсаётган фарзандларимиз тафаккурини ақоид масаласида Насафийлар каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш – ёшлар, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишда энг оқилона маърифий йўлдир. Табиийки, буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, вояга етаётган баркамол авлодимиз онгу шуурига соф эътиқодни сингдириш, ёшларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашда бевосита кўмак беради.

М.Эшполатов

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти 116- курс талабаси