Аррозий ўрта махсус билим юрти

АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ АДАШГАН ФИРҚАЛАРГА РАДДИЯЛАР АҲАМИЯТИ

Абул Мўъийн ан-Насафий калом илмининг мустақил фан сифатида ривожланиши, ислом дунёсида мотуридия таълимотининг кенг тарқалиши йўлида олиб борган улкан ишлари билан ажралиб туради. Аллома қолдирган илмий-маънавий мерос нафақат ўз замонаси, балки турли хил оқимлар, фирқалар ўз бузғунчи ғоя ва мақсадларини давом эттираётган ҳозирги давр учун ҳам долзарб ҳисобланади. У кези келганда Ироқда аҳли сунна доирасида мотуридия билан бир вақтда вужудга келиб, у билан айрим қарашларида жузъий ихтилофларга борган ашъарийларга ҳам асосли раддиялар берган. Шунингдек, аллома асарларида ўрта асрларда кенг ёйилган қадария, хорижия, жаҳмия, қирмития, шиа, мушаббиҳа, муътазилия ва карромия каби адашган оқимларга қарши курашилган. Эътиборли жиҳати, ушбу ғоялар ИШИД, сохта салафийлик, Ҳизбут-таҳрир сингари адашган замонавий тўдаларга ҳам қарши курашиш йўлларини кўрсатиб беради.

Тадқиқотларга кўра, жаҳон кутубхоналарида мазкур асарнинг 7 нусхаси бўлиб, улар Араб давлатлари университетига қарашли арабий қўлёзмалар институтида, Миср китоблар уйи ҳамда Истанбул университетида сақланади. Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, Абул Мўъийн ан-Насафий аксар ақидавий ихтилофлар сабаб вужудга келган хунрезликлар барҳам топиб, барча ишлар аҳли сунна ақидасига кўра қарор топган, турли нотинчликлар, фитна ва курашлардан холи бир даврда яшаган. Абул Мўъийн ан-Насафий китоб муқаддимасида келтиришича, ҳокимлардан бири аҳли сунна вал-жамоат ақидасини ёзиб беришни илтимос қилган. Муаллиф ҳокимнинг кимлигини айтмасдан, уни улуғ сифатлар билан тавсифлайди. Айни пайтда ҳар бир масаланинг кўз юмиб бўлмайдиган асосий жиҳатларини ва улардан энг муҳимлари, ҳужжатларнинг энг тўғрисини келтиришни таъкидлайди. Умуман, Насафий асарларига хос хусусият шуки, уларда мухолиф фирқа ва мазҳабларнинг ноҳақлигини исботлашда кичик – аҳамиятсиз далиллардан воз кечилган, иборалар ўқувчига малол келувчи узундан узоқ ҳам эмас, тушунишга қийин бўладиган жуда қисқа ҳам эмас, балки барчага бирдек англашиладиган ўртача йўл танланган. “Тамҳид” барча замонларда долзарблик касб этган ақидавий масалаларни ўз ичига олган бўлиб, унда таквин, калом сифатлари, пайғамбарлик исботи, амаллар хусусида батафсил баён қилинган. Китобнинг номидан кўринадики, у фақат тамҳид, яъни муқаддима. Шунинг учун унда тавҳиднинг умумий қоидалари баён қилинган. Муаллиф асарни қисм – бобларга ажратиб, фасллар тартиб беради. Шунга кўра, китоб нарсаларнинг ҳақиқатлари ва илмлар ҳақидаги фасл билан бошланади. Бу бўлимда нарсаларнинг ҳақиқатини инкор қилувчи сафсатачилар билан мунозара қилинади. Токи бу инкор уларга фойда бермаслиги, аксинча, шу инкорларнинг ўзи бир ҳақиқатни эътироф этиш эканини англасинлар. Биламизки, инсон зоти илму ҳикматни қабул қилишга тайёр, ўсиш ва камолот даражаларига кўтарилишга лаёқатли қилиб яратилган. Бироқ у турли жоҳиллик ва нодонликлардан ҳам четда эмас, шунинг учун инсоният орасига элчи, яъни пайғамбарлар жўнатилади. Бироқ айрим адашган фирқалар пайғамбарликни рад этишган. Абул Мўъийн ан-Насафий оламни яратишдан мақсад инсон экани, пайғамбарларни юбориш йўли билан халқ учун чиройли оқибат ҳосил бўлиши ва одамлар орасида бекорчилик ва бузғунчиликка чек қўйилишини таъкидлайди.
Аҳли сунна ва муътазилийлар орасида ихтилофли масалалардан бири ризқ бўлиб, бунда қуйидаги саволлар туғилади: “Ҳаром ҳам ризқми?”, “Киши бошқа бировнинг ризқини ейиши мумкинми?” “Ризқ” сўзи “мулк” маъносида шарҳланса, ҳаром ризқ бўлмайди ва киши бошқа бировнинг ҳам ризқини ейиши мумкин бўлади. Бу – муътазилия эътиқоди. Абул Мўъийн ан-Насафий бу тушунчани ботил ҳисоблаб, “ризқ” сўзини фойдаланиладиган (ейиладиган ва ичиладиган) нарса, деб тафсир қилади. Шунга биноан ҳаром ҳам ризқдирки, ҳар ким ўз ризқини – ҳалолми, ҳаромми – тўла қилиб тугатади. Ҳеч ким бошқанинг ризқини еёлмайди.

Насафий рофизийларнинг “Имомлик фақат Ҳошим авлодларига хос ёки фақат Али ва унинг авлодларига хос” деган фикрларини рад этади. Мисол учун, ўз даврида барча Абу Бакрнинг имомлигига иқтидо қилган, ваҳоланки у ҳошимий бўлмаган. Насафий Абу Бакр Сиддиқ қурайший бўлиши билан бирга имомга керак бўлган диндорлик, илм ва парҳезкорлик каби сифатларни ўзида жам қилганини айтади. Ўз навбатида аллома рофизийларнинг “Абу Бакр Алидан имомлик ҳаққини тортиб олган”, деган даъволари асоссиз эканини қайд этади. Чунки Абу Бакр бировнинг ҳаққини тортиб олмас ва ўз ўрнида, Али ҳам зулмга рози бўлиб, жим турмас эди. Яхшиликка буюриш ва 92 ёмонликдан қайтариш билан сифатланган саҳобалар ҳам Абу Бакр зўравонлик қилаётган бўлса, Алига ёрдам беришдан тийилиб турмас эдилар. Абул Мўъийн ан-Насафий ўз китоби ва унинг фасллари, масалаларини жойлаштиришга эътибор билан ёндашган, такрорлар учрамайди. Бир-бирига ўхшаш масалалар чиқиб қолса, гап чўзилишидан қочиб ва мавзудан чиқиб кетмаслик учун бу масалани олдин зикр қилганини айтади. Агар тафсилотга эҳтиёж сезса, “Табсирату-л-адилла” китобига ёки шу мавзуга тегишли бошқа асарларга ҳавола қилади. Мухолифлар билан мунозара қилишда ақлга таянса-да, баъзан луғат билан ҳам далиллар келтиради.

Муътазилийлар ўлим бошқа, ўлдириш бошқа, дейди. Каъбийнинг: “Ўлим – Аллоҳнинг феъли, қатл (ўлдириш) эса банданинг ишидир” деган гапи ҳам нотўғри, дейди Насафий. Аллома фикрича, қатл қилинган киши ҳам ўз ажали билан ўлган. Яъни Аллоҳ банданинг ўлдирилишини ўз илми азалийси билан билиб, шу ўлдирилиш вақтини унга ажал муҳлати қилиб белгилаган. Муаллиф маърифат – билиш йўли билан бўлган илм сабабларини баён қилиб, уларни учга бўлади: беш сезги, тўғри хабар, ақл. Беш сезги (таъм, кўриш, эшитиш, ҳид, сезиш)дан ҳар бирининг ўз вазифаси бўлиб, бошқа вазифага ўтолмайди. Бу сезгилар билан илм ҳосил бўлиши шу даражада аниқки, уни инкор қилувчи ўз қайсарлигини очиқ баён қилувчи мутакаббирдир. Муаллиф тўғри хабарни иккига бўлади: биринчиси – тасдиқланган, кетма-кет келувчи хабар. Унга кўра, ахборот шундай одамлар томонидан етказиладики, аввало, уни етказувчилар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилади. Сўнг уларнинг бир вақтда бир маконда тўпланиши мумкин бўлмагани боис бирор ёлғон маълумотни тарқатиш имкони бўлмайди.

Иккинчиси – мўъжиза билан қувватланган пайғамбарнинг хабари. Тўғри хабарнинг бу тури далилларга қараб ҳосил бўладиган илмни ҳосил қилади.

Насафий золимлик ҳам, нодонлик ҳам одамларнинг ўзи томонидан содир бўлиши, ҳар қандай одам зарур бўлганида, ўзининг нималарга мажбур ва нималарда ихтиёрий эканини ажрата олишини таъкидлайди. Демак, бу масалада жабарийлар билан баҳслашиб ўтиришнинг маъноси йўқ. Чунки уларнинг эътиқодига кўра, баҳслашувчи, сўровчи ва жавоб берувчи яратганнинг ўзи бўлиб қолади, бу эса ақлан ботил. Абул Мўъийн ан-Насафий бу фирқа инқирозга учраб, унинг бирорта ҳам тарафдори қолмаганини айтади. Умуман олганда, буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий томонидан адашган фирқаларга берилган асосли раддиялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганки, алломанинг “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” китобини ўқиган киши бунга яққол ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида.

Абул Муин Насафийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилган:

Фақиҳул ҳанафий, сайфул ҳақ (Ҳанафий фақиҳи, ҳақнинг қиличи);

Қомеул мулҳидийн (даҳрийларнинг шубҳаларини бостирувчи);

Издуд дин (Ислом ҳимоячиси);

Жомеул усул (Аслларни жамловчи);

Раису аҳлис сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи).

Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан - Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд”  номли асарида Абул Муин Насафий ҳақида шундай дейилади:  “Шарқу ғарбнинг олиму уламолари Абу ал-Муъийн ан-Насафий илмининг денгизидин баҳра топиб, ул таратғон зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртғонлар”.

 “Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” (“Тавҳид қоидаларига муқаддима”) номи билан аталган асар дин асослари ҳақида фикр юритади. У “Табсира” китобининг мухтасар, мўъжаз шакли, ёки бошқача айтганда, унинг муфассал фиҳристи кабидир. Чунки бу асарда “Табсира”нинг боблари ва фасллари айнан такрорланган. 

Насафий ҳар бир масалани кўриб чиққандан кейин ўша масалани ўзининг “Тамҳид”ида мухтасар ҳолда баён қилганини сезиб, шундай дейди: “Мана бу масала бўйича гап ва далиллар кўп. Уларнинг баъзилари “Табсирату-л-адилла”да зикр қилинган. Бинобарин, ушбу “Тамҳид” номли китобимизда фақат унинг зикрини мухтасар қилганмиз”. Шунга қарамасдан, “Тамҳид”нинг қиммати “Табсира”дан кам эмас. Чунки бу китоб ақидавий масалаларга чуқур киришмасдан, фақат аҳли сунна вал - жамоанинг қарашлари ҳақида тез ва қулай маълумот олишни хоҳлаган кишилар учун муҳим манба ҳисобланади. “Тамҳид” асарини илк бор 1986 йил араб олими Жибуллоҳ Ҳасан Аҳмад Мисрнинг “Дору-л-табиъати-л-Муҳаммадия” нашриётида чоп эттирди. Умумий ҳажми 33 бобдан иборат асарнинг дунёдаги турли мамлакатлари қўлёзмалар фондида 15 дан ортиқ нодир нусхаси сақланаётгани маълум. Уларнинг аксарияти Туркия кутубхоналаридадир.  Шунингдек, “Тамҳид”нинг тўртта нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида мавжуд. 

“Тамҳид” ҳажм жиҳатидан “Табсира”дан кичик, шунинг билан бирга, фаслларини айнан такрорлагани боис, мазкур асар “Табсира”нинг “Чўнтакбоп шакли” номини олган. Асарнинг кўплаб нусхаларига эгалиги, шунингдек, Ҳусаний ибн Али Сифноқий (ваф. 710/1310) каби олимлар томонидан ёзилган бир қанча шарҳларга ҳам эгалиги унинг калом илми тарихи, ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади.

 “Баҳрул   калом” асари аллома ижодининг гултожи ҳисобланиб, ислом дини асосларини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбалардандир. Абу ал-Муъийн ан-Насафий ўз китобини яратишда асосий манба сифатида Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Ат-Тавҳид”, Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг “Ал-Ламъа”, “Мақолот ал-Исломиййин”, Имом ал-Ҳарамайн, Имом Абул - Маолий Абдулмалий ал-Жувайнийнинг “ал-Иршод” асарларидан фойдаланган. Ушбу асар калом илми бўйича ал-мотуридиййа мактабининг асосийларидан бири ҳисобланади. Чунончи бу асар аш-шайх Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган исломий ақиданинг энг бош манбаларидан саналади. 

Бу китобнинг бир қанча қўлёзма ва китобий нашрларининг мавжудлиги ҳам унинг муҳим манбалардан эканлигидан далолат беради ва унинг қимматли қўлёзма нусхалари Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, (1167 ҳижрий йилда кўчирилган), Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида, Бағдоддаги “Мактабат ал-Авқоф”да, Қоҳирадаги машҳур “Дорул – кутуб”нинг қўлёзмалар бўлимида сақланади. Асар муҳим манба сифатида икки марта нашр ҳам этилган. Жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада чоп этилган.

“Баҳрул – калом”га айрим шарҳлар ҳам битилган. Жумладан, Олим Бадруддин Ҳасан Ибн Абу Бакр Аҳмад ал-Макдиси (1415 йили вафот этган) асарга бағишлаган шарҳини “Ғоят ал-маром фи шарҳи “Баҳрул-калом” деб атаган. Таниқли араб олими Ҳожи Халифа ҳам ўзининг машҳур “Кашфуз – зунун” асарида “Баҳрул – калом”га ёзилган фақат шу шарҳ ҳақида зикр қилган, холос.

Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом бўйича асосий манбаларидан биридир. У ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган. Олимнинг ушбу асари учта катта асари орасида (“Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид”, “Баҳрул калом”) биринчи бўлиб нашр этилган.

“Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш). Ушбу асар Абул Муин Насафийнинг энг салмоқли асари ҳисобланади. Зеро бу асар муаллифнинг ақида илмига оид асарлари орасида энг аҳамиятлиси, энг  ҳажми каттаси ва уламолар ўртасида энг машҳури ҳисобланади. Кўплаб уламоларнинг Абул Муин Насафийни “Табсиратул адилла соҳиби” деб атаганлари бунинг исботидир. Уламолар Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” асарини “Табсиротул адилла”нинг мундарижаси кабидир, деганлар.

Ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади. 

Айниқса, Абул Муин Насафий асарлари ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафия мазҳабидаги мотуридия таълимотига хос ечими билан юртимиздаги барқарор тинчлик, шу билан бирга четдан кириб келаётган турли “ғоя”ларга раддиялар беришда алоҳида ўрин эгаллайди.

Ғ.Толибжон. М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси