Аррозий ўрта махсус билим юрти

ИНТЕРНЕТ ОЛАМИДА МУТААССИБЛИК ВА ДИНИМИЗГА ЁТ ҒОЯЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган Ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларни шаклланишига хизмат қилган. Шу сабабли инсоният цивилизациясига тамал тошини қўйган дин Ислом дини ҳисобланади. У туфайли турли-туман ва бепоён мусулмон оламида маънавий-маданий ҳаётга асос солинди. Тарихда инсон ҳуқуқлари кафолатланган илк жамият, бу-мусулмонлар жамияти, деб эътироф этилади. Бу тарихий ҳақиқатдир. Европа давлатларининг  инсон ҳуқуқлари ҳамда “уйғониш даври”нинг асослари ислом дини аҳкомларининг ўзлаштирилиши сабабли эришилгани ҳам Европанинг нуфузли алломалари томонидан эътироф этилган. Агар биз бугун дину диёнатимизни уни бузиб талқин этаётган кимсалардан ҳимоя қилмасак – шундай хатарни яқин тарихимизда ва бугуннинг ўзида ҳам бошимиздан кечирмоқдамиз – одамлар, айниқса, ҳаёт тажрибаси, онгу тафаккури ҳали етарли бўлмаган ёшлар эртага ана шу кучларнинг машъум таъсирига тушиб қолиши мумкин.

Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гуруҳлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар. У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. Зеро, мазкур иллатлар ҳар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.

Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилган ишдир.

Диний мутаассибликнинг минтақамизда намоён бўлиши таҳлил қилинганда, унинг ўтган XX да бир қанча омиллар сабабли янада очиқроқ намоён бўлганлиги кузатилади. Жумладан, Чет элдаги, айрим исломий ташкилотлар билан алоқа боғлаш натижасида Марказий Осиё учун анъанавий ҳанафий мазҳабига қараганда радикал кўринишга эга бўлган салафийликнинг таъсири кучайди. Шубҳасиз, юртимиздаги фаолияти кузатилган диний мутаассиб оқимларнинг халқаро экстремистик ва террорчи ташкилотлар билан узвий занжир ҳосил килганлиги эътиборидан, унинг ички ва ташқи таҳдидлари фақатгина шахс, жамият ва давлатимизга хос бўлмай, балки минтақавий ва глобал таҳдид манбаи сифатида қаралиши ўринлидир. 

Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини тушунишда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф чиқариб, ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Аслида, ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар, яқин бўлинглар...». Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда: «Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн) лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди», – дейилади. (Имом Муслим ривояти).

Ахборот асри деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси – интернетдир. Бироқ бу кибер маконда ҳамма нарса аралаш қуралаш- оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам “ўргимчак тўри”да бузғунчи ғоялар тарғиботи ва террорга, бемазҳабликка, мутаассибликка чақириқлар жуда ҳам кўп учрайди. Бузғунчи тўдалар ва фирқалар томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет орқали кўп намойиш этилмоқда. Жангарилар ва уларнинг ғоявий раҳнамолари интернетдан усталик билан фойдаланмоқда.  Натижада бу тасвирлар, сохта маърузалар, савол-жавоблар ғўр ёшларни ўз домига тортмоқда.

Соғлом ақл эгалари интернет қулайликларидан ўз билимларини ошириш мақсадида оқилони фойдаланади. Лекин баъзи ёшлар эса ушбу тармоқдаги ёвузликка маънавий таназзулга сабаб бўладиган сайтларда “сайр қилиб” ўзлари ва атрофдагиларнинг онгини заҳарлаётгани аниқ. Интернет бозоридан ҳар ким ўзига керакли нарсани олади, деб тарбияни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ярамайди. Шунинг учун бу соҳада чин маънодаги “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя” услубидан фойдаланиш керак. Шунда фикрлар бозорида ҳамиша беҳаёликка қарши ҳаёни, зўравонлик ва мутаассибликка қарши муросани, пасткашликка қарши олижанобликни, миллатчиликка қарши бағрикенгликни, қонунсизликка қарши қонун устиворлигини тарғиб қилувчилар топилади.

Айни пайтда минтақалардаги барқарорликни издан чиқаришни мақсад қилган ва бу орқали турли ғаразли мақсадларни кўзлаган тоифалар ҳам блогглардан “унумли” фойдаланмоқдалар. Бундайлар кўпчиликни ўзига тортадиган сўзларни баён қилиб, инсонларни тўғри йўлдан чалғитишга ҳаракат қиладилар. Бу тўғрида Аллоҳ таоло бундай дейди:  “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи сизга қизиқарли бўлади...” ( Бақара, 204).

Яъни шундай кимсалар борки, гарчи у нотўғри бўлса ҳам ўз мақсадини баён қилишга усталигидан одамлар лол қолади, ҳайратланади ва унинг мухлисига айланади. “Саҳиҳи Бухорий”да “Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Икки киши машриқдан келиб нутқ сўзлади (хутба айтди). Уларнинг ўз фикрини чиройли баён қилиши одамларни мафтун қилиб қўйди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Баёнда ҳам сеҳр мавжуд”, дедилар”. Ҳатто учинчи кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлган, айрим шахслар блогглар очиб, кишилар орасида иккиланишларни юзага келтириш, ҳатто турли минтақаларда тўс-тўполонларни авж олишига ҳам сабабчи бўлишмоқда.

Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб: «Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг», – деган эканлар. (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Кишининг бир фикрда туриб олиши ёки мутаассибона фикр юритиши ҳавойи-нафсга эргашиш ҳисобланади. Юқорида келтириб ўтган оятнинг давомида: ...дилидаги “имони”га Аллоҳни гувоҳ қилади, вахолангки ўзи (исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир” дейилади. (Бақара, 204).  Бундай кимсалар ўзининг ботил эътиқодини ёшларга сингдириш йўлида турли тортишувлар ва уламоларни обрўсизлантириш, мот қилиш орқали фасод ишни қўзғамоқчи бўладилар. Аллоҳ таоло эса фасодни ёмон қўради.  Абу Ҳомид Ғаззолий тортишув-хусуматни: “Баҳс-мунозара орқали ўзингни билимдон кўрсатиб, бошқани таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир, деганлар. Тортишув ўз эътиқодини бошқасидан устун қўйиш ва фикрини маъқуллашдан иборат. Хусумат эса бирор кўзлаган нарсани қўлга киритиш учун айтган гапида мутаассибларча қатъий туришдир. Агар тортишув ҳақиқатга қарши бўлса ёки моҳиятини англамай туриб қилинса гуноҳ бўлади. Имом Ғаззолий айтади: “Билгинки,  ноҳақлик билан, илмсиз бўла туриб, хусуматлашган кимсалар қаттиқ қораланган”. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): “Одамлар тўғри йўлга тушганларидан кейин фақат талашиб-тортишишга берилганлари сабаблигина ҳақ йўлдан озадилар”, дедилар. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан марҳум Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: «Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату, ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайдиган янгича “ислом” туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман».

Шубҳасиз, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишини, ўз фикрида муросасиз бўлишни қаттиқ қоралаган, барча соҳада ҳам меъёрни унутмаслик лозим. Ҳадни билмасак, мутаассибларча иш тутсак, тўғри йўлдан озган бўламиз. Кейинги пайтларда ҳар хил мутассиб фирқа ва оқимлар пайдо бўлиб жамиятда, айниқса ёшларимиз онгини бузишга уринишлари кўзга ташланмоқда. Бундай бузғунчи оқим ва фирқаларни асл мақсади ва улар бошлаган йўлнинг нечоғлик хатарли эканини халқ орасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.   Айни пайтда юртимизда бундай бузғунчи оқимлар ва фирқалар ҳақида батафсил маълумот берувчи кўпгина фойдали асарлар яратилди. Шу билан биргаликда диний мутаассиб оқимлар ва фирқаларни асл башарасини очиб беришда, уларнинг ёшлар онгини бузишга қаратилган мутаассибона суҳбат ва маърузалари ботил эканлигини ёритиб беришда катта уламоларимиз, салоҳиятли ва илм-маърифатли имом-хатибларимизнинг холис, соф эътиқодга йўғрилган ҳужжатлар асосидаги фикр-мулоҳазаларини раддия сифатида ўзимизнинг сайтларда, қолаверса ижтимоий тармоқларда ҳам чиқишларини ташкил қилиш муҳимлик касб этади.

 

У.Рахимов

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ