Аррозий ўрта махсус билим юрти

БИДЪАТНИНГ ТАЪРИФИ ВА ТУРЛАРИ. (биринчи мақола)

«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб таҳлил қилган мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.
           Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шома, моликийлардан Қурофий ва Зарқоний, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар киради.
Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдилар. Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

        Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Бидъат шариатда асоси йўқ нарсани пайдо қилишдир, аммо шариатда далилли асосга эга нарсалар бидъат бўлмайди”. Бу маънодаги таърифлар бошқа ишончли олимлар томонидан ҳам қилинган бўлиб, уларнинг хулосасига кўра бидъат – пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келмаган амал бўлишдан ташқари, ўша амалга шаръий асоснинг йўқлиги ҳам талаб этилади.

        Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:
1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш, мутакаллимларни далилларини, кофирлар ва аҳли бидъатларга раддия бўлиш учун, назм қилиб китоб ҳолига келтириш ва шунга ўхшаш нарсалар  бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмларни билмасдан Қуръон ва Суннатни яхши тушуниб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун мазкурларни ўрганиш вожиб.  Масалан наҳв илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.

2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.

4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.
5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ, киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.
Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатни мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:

1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар»[1].

2. Абдурраҳмон ибн ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча ана уларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб номоз ўқишар эди. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди»[2].

 3. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, “Бидъат” деди»[3].
           Кўпчилик мазкур таърифга биноан бидъатни иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва бидъат икки хил: яхши ва ёмон бидъат, дейдилар.
Иккинчи йўналишдаги уламолар имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийладан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

 

[1] Имом Муслим ривоят қилган.

[2] Имом Молик ривоят қилган.

[3] Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
 

М.Юнусхўжаев 

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ