Аррозий ўрта махсус билим юрти

БИДЪАТНИНГ ТАЪРИФИ ВА ТУРЛАРИ. (Иккинчи мақола)

Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифи ҳисобланади. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган: 

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади. Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгартиш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.
           Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.
         Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан ва бидъатга қарши турувчилардан биридир. Ҳақли равишда, нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, имом Шотибий: “Бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган”, деб жавоб берганлар.  Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса, бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.  Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

            Иккинчи йўланишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.
Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши экан. Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

1. Оиша розияллоҳу анҳодан имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар томонидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг  бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар»[1].  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир. 

2. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги  чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар»[2]. "Бу ҳадисни лафзи умумий ва маъноси хусусийдир". Пайғамбаримиз алайҳиссаломни «пайдо қилинган нарса» деган сўзларидан мурод, китоб, суннат, ижмо ва асарга хилоф бўлган нарсадир.

            Имом Нававий раҳматуллоҳ алайҳ, Имом Муслим рохматуллохи аълайх ривоятидаги «Ҳар бир бидъат, залолатдир», ҳадисни шундай шарҳладилар:

         Пайғамбаримиз алайҳиссаломни: «Ҳар бир бидъат залолатдир», сўзлари, хосланган ом яъни, умумийдир. Бу сўзларидан мақсад, кўпроқ  бидъатлар ирода қилингандир.(Яъни, хамма бидъат умумий ҳолда залолат эмас, балки бу ҳадисдан мурод кўпроқ бидъатларга хослангандир. Агар умумий бўлганда эди, Умар розияллоҳу анҳу таровиҳ намоз ҳақида «Бу, қандаям гўзал бидъат бўлди», демар эдилар.)

            Пайғамбаримиз алайҳиссалом «гўзал одатни қилганга савобни ваъда қилиб : «Кимки гўзал одатни қилса савоб олади, у одатга ким амал қилса савоби етиб туради», дедилар. Буни зиддига (яъни, гўзал одатни зиддига) амал қилган кимсага гунохни ваъда қилиб : «Ким ёмон одатни одат қилса, гунох бўлади ва ким бу одатга амалса гунохи унга етиб туради», дедилар. Бу ёмон одат, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу аълайҳи ва саллам амр қилган нарсаларга тескари амал қилишдир. Умар розияллоҳу анҳуни «Бу нақадар гўзал бидъат бўлди», деган сўзлари, гўзал навлардандир. Чунки (таровиҳ намози) яхши амаллардан бўлгани учун ва мақтов ўрнига кирганлиги учун, уни бидъат деб номлади ва бу амални мақтадилар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом таровиҳ намозини уларга суннат қилган эмас. Пайғамбаримиз аълайхиссалом фақат таровиҳ намозни тунларда ўқиб, кейин тарк қилганлар.

Ибни Асир «Ан-Ниҳояту фий ғарибил ҳадис» номли китобида, Рамазон кечасидаги Умар розияллоҳу аънҳуни «Қандайям гўзал бидъатдир» деган сўзлари ҳақида шундай дедилар:

“Бидъат икки ҳилдир. Ҳидоятга бошловчи бидъат ва адаштирувчи бидъат. Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларига хилоф бўлгани, хорланган ва инкор қилинган бидъат ўрнида бўлади. Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам васият ва қизиқтирган нарсаларни умумийлигини асосида келган нарсалар, мақталган бидъат ўрнида бўлади. Маъруф ишлар ва сахийлик навлари каби мавжуд нарсалар, мақталган амаллардандир. Булар, шариатда келган нарсаларга ҳилоф бўлмаслиги керак. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни : «Мени ва мендан кейинги ҳидоятда бўлган Халифаларимни суннатини махкам ушланглар», деган сўзини ҳақиқатига кўра таровиҳ намози суннатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни : «Мендан кейин Абу Бакр, Умар ва Алийга эргашинглар!», деган сўзларини таъвили, бошқа : «Хар бир пайдо бўлган нарсалар бидъат», деган ҳадисга юклатилиб, бундан фақат Шариъат аслларига хилоф бўлган нарсалар ва суннатга мувофиқ бўлмаган нарсалар ирода қилингандир.

            Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди?  Пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди.  Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.

 

 

[1] Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

[2] Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.
 

 

М.Юнусхўжаев. 

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ