Аррозий ўрта махсус билим юрти

ОИЛАНИ ҚАДАЙ ҚИЛИБ САҚЛАБ ҚОЛДСА БЎЛАДИ!

Ҳар бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аммо, жон бор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр-хотин орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уриш-жанжаллар чиқиб туриши бор. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш ҳам оиланинг ва унинг аъзоларининг саодатига хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларни яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган ҳаракатлардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга ҳаракат қилишлари керак. Мусулмон мутахассислар эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш учун ўз тавсияларини қуйидагича тақдим қиладилар:

Эр-хотин орасидаги хилофни ҳал қилишнинг бир қатор усуллари мавжуд. Айнан ўша услуб орадаги хилофни йўққа чиқариши ҳам мумкин ёки авж олдириб юбориши ҳам мукин. Шунинг учун бу масалада эр-хотин воқеъликдан келиб чиққан ҳолларида ёндашишлари ва уни ҳал қилиш учун муносиб услубни ишга солишлари керак. Аччиқ сўз, қўполлик ва дўқ-пўписа дард устига чипқон бўлиши, ярани газак олдириши ҳамда ярашиб олгандан кейин ҳам қалб жароҳати шаклида туриши борлигини ҳар ким яхши англаши лозим. Шунингдек, жим туриш, бир-бирини индамасдан «енгиш» ҳам вақтинчалик ечим бўлиб, мазкур нохушликларнинг жамланиб бориши, бир пайти келганда портлаб, ҳаммаси бирданига юзага чиқиши ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда масхара, инкор, бош тортиш ва «меники тўғри»да маҳкам туриб олиб, бир томон иккинчисини енгиши услуби ҳам тўғри эмас. Бунда хилоф янада чуқурлашиши мумкин. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда насаб, мол, жамол ва унвонларни ишга солиш ҳам яхшиликка олиб бормаслигини унутмаслик зарур. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидаги­ларга эътибор бериш тавсия қилинади:

1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки фақатгина тушунмовчиликдан иборатми, шуни аниқлаб олиш керак. Чунки кўпинча орадаги оддий тушун­мовчилик муаммо туғдирган бўлади. Агар ўша англаб етилса ва икки тараф бир-бирини тушунса, иш осон кўчади.

2. Дастлаб ҳар ким ўзига назар солсин, ўзини ўзи тергасин, камчиликларини ўйласин, Аллоҳ кўриб, билиб турганини ёдга олсин. Шунда ҳар ким ўзини англайди ва шеригининг ўзига нисбатан йўл қўйган хатосини арзимас санайди.

3. Ҳар ким, банданинг бошига бало беҳудага тушмаслигини, оиладаги жанжал ҳам бало эканини, ўзи содир этган гуноҳ сабабидан шу ҳолга тушиб турган бўлиши мумкинлигини ўйласин. Улуғ тобеъийн Муҳаммад ибн Сийрийн: «Хотиним ва уловимнинг хулқидан ўзим маъсият содир этганимни биламан», – деганлар.

4. Икки тараф ҳам хилоф авж олиб, ўзларидан бошқаларга ҳам етиб бормаслиги тўғрисида чора кўришлари зарур. Акс ҳолда, орага ота-она ва қариндошлар ҳам қўшилиб, иш жиддийлашиши, ажрашиб кетишгача бориши мумкин.

5. Низо нима ҳақида эканини аниқлаш ва ўша нарсани бартараф этишдаги олдинги тажрибаларни ишга солиш катта фойда беради.

6. Эр-хотиннинг ҳар бири муаммо ҳақидаги ўз тушунчасини очиқ айтиши, гапим тўғри, бошқаси нотўғри, деган фикрдан йироқ бўлиши ва иккинчи тарафни ҳам эътибор билан тинглаши ишни осонлаштиради.

7. Суҳбатнинг аввалида икковлари ораларидаги яхшиликларни эслашлари мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ораларингиздаги фазлни унутманг» – деган. Албатта, эр-хотиннинг ўз ораларидаги фазлни эслашлари шайтонни қувади ва ўрталарини ислоҳ қилишга ёрдам беради.

8. Ҳар ким ўз ҳаққинигина ўйлаши, мазкур ҳақни катталаштириб юбориши ҳам орани ислоҳ қилишга ёрдам бермайди.

9. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда кимнинг хатоси аниқланса, ўшанинг ўз хатосини тан олиши катта жасоратдир.

Шунинг учун икки тараф ҳам ушбу жасоратни кўрса­тишга тайёр туриши даркор. Мазкур жасорат содир бўлганда эса, иккинчи тараф биринчи тарафнинг хатосини эътибор этганига ташаккур билдириши ва раҳмат айтиши лозим.

10. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам бир-бирининг асл табиатида бор нарсаларга сабр қилиши керак. Мисол учун, эр аёлларнинг асли табиатида бор бўлган рашк сифатини доимо ҳисобга олиши ва ундай нарса содир бўлганда сабр қилиши зарур.

11. Хилофни бартараф қилишни аччиғи чиқиб турганда ҳал қилишга киршмаслик керак. Вақт ўтиб, ғазаб босилиб, ақлу хуши жойига тушганда масалани хотиржамлик билан кўрса, яхши бўлади.

12. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда ҳар икки тараф ҳам бир поғана паст тушишга тайёр туришлари керак бўлади. Чунки ҳар ким айтганида туриб олса, муаммони ҳал қилиш чигаллашади.

13. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда икки тараф ҳам шошилмаслиги зарур. Шошилиш шайтондандир. Ўзлари учун умр савдоси ҳисобланган муҳим масала ҳал бўлаётганини эсда тутиб, хотиржамлик билан иш олиб бориш муҳимдир.

14. Эр-хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда эр ҳам, хотин ҳам бахт-саодат молу дунёда, ҳовли жойда ёки бошқа моддий бойликларда эмаслигини бир зум ҳам эсдан чиқармасинлар. Балки, бахт-саодат фаровон турмушда, аҳил-иноқликда ва меҳр-муҳаббатда эканини билсинлар.

15. Бир-бирларининг хатоларини, қоқилиш ва туртинишларини авф этишга доимо тайёр туриш ҳам эр-хотин орасидаги хилофнинг олдини олади.

 Эр-хотин орасидаги ўзаро муомалаларда содир бўладиган тушунмовчиликлар ва майда жанжаллар «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» сифатида ўтиб кетавериши мумкин. Аммо, иш жиддийлашиб, икки тарафдан бирининг бош кўтариши, яъни оилада ўзига юклатилган вазифаларни бажармаслик ҳолати юз берса, оиланинг бирлигига ҳақиқий таҳдид солинган бўлади. Энди жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб қолади. Беш бармоқ баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?

Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади. Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларининг қандай эканлигини билишликларига ҳамда хатоларини тузатишларига сабаб бўлади.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо, кейин ўзлигини англаб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди. Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир.

Ҳозирги воқеълигимизда маҳалла қўмиталарининг оила муаммоларида ҳакамлик қилишлари одат бўлган. Бу ҳам яхши иш. Улар ҳам оилаларнинг бузилишидан кўра ярашиб кетишининг ташвишини қиладилар. Шунингдек, маҳкамалар ҳам. Буларнинг ҳаммаси эр-хотинни яраштириб қўйиш чораларини кўрганлари яхши. Ушбу тарзда оилани сақлаб қолиш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун барча чора ва тадбирлар кўрилади.

 

 

М.Юнусхўжаев
Имом фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси