Аррозий ўрта махсус билим юрти

МАЪНАВИЙ ТАҲДИД

Мамлакатмизда ёшларнинг манфаатларини таъминлашга йўналтирилган, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини кафолатлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий тадбирлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда.

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Динга нисбатан соғлом муносабатни шакллантириш бугунги кунда таълим тизимининг барча бўғинлари олдида турган энг мураккаб ва муҳим вазифалардан биридир.

Ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви кузатилаётган шароитида инсон маънавиятига қарши қаратилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Диний-экстремистик ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ташвиқотлар эса ёшларнинг сохта ғояга алданиб қолиши, юрт равнақи йўлидаги фаолиятдан чалғиши, жамиятдаги маънавий-руҳий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, диний-экстремистик ташкилотлар фаолияти, шунингдек, мусулмон бўлмаган мамлакатлар аҳолиси ўртасида исломни “ёвузлик салтанати” ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, “исломофобия”нинг турли кўринишлари пайдо бўлишига ҳам замин яратмоқда. Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидлар таъсирига бардош бериши амримаҳол.

Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун уларни доимо сергакликка, огоҳликка ва ҳушёрликка чақириш, бундай тахдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин.

Илм инсоннинг ҳаёт сўқмоқларида адашмаслиги, ўз умрини оқилона ташкил этиши учун асосий восита бўлиб хизмат қилади. Ваҳоланки, “Пайғамбар (с.а.в.): “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ёшларимизни Ватанимизга муҳаббат, ота-боболаримизнинг муқаддас ислом динига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш борасида янада кўпроқ амалий ишларни кучайтириш зарур. Токи улар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.

У. Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ

маънавият ишлари бўйича мудир муовини