Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЯХШИЛИК ҲАМ САДАҚАДИР!

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси — садақадир» — деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади«, деганлар.

Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, не чора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди» Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Ушбу ҳадисдан англашиладики, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу — бошқалар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишларидир».

Демак, ҳар бир киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилишга ҳаракат қилиши лозимдир.

М.Авезов

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси