Аррозий ўрта махсус билим юрти

ДОИМ ИЛМ ИЗЛА!

Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган: “Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”, (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир.
Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди  шулар кабидир. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.
Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир. Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир.
Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Фақат илм билангина Аллоҳ таолодан бошпана сўралади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, деган маънода машҳур сўзлари ҳам бор.
Шундай экан, доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган ва унга ташаббус кўрсатаётган барча раҳбар ва ходимларимизни, устоз ва мураббийларимизни эзгу мақсадларига муваффақ қилсин!

Т.Ғофуров

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси