Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЯХШИЛИК ЗУЛМАТДАН НУРГА ЕТАКЛАЙДИ

Халқимиз азал-азалдан меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва меҳру саховати билан дунёга донг таратган. Айниқса, Аллоҳ назар қилган жаннатмакон юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг қисқа давр ичида мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида жуда катта ижобий ўзгаришлар юз берди, асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Яқин Шарқ мамлакатларида бўлаётган нотинчликларни кўриб, мустақиллик ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъмат эканини янада чуқурроқ англаб етмоқдамиз.
Юртимизда Истиқлол қуёши порлаганидан сўнг халқимизнинг азалий орзулари рўёбга чиқди. Миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Айниқса, динимизга, фуқароларимизнинг эркин эътиқод қилишларига берилган эътибор ва эъзоз таҳсинга лойиқдир. Авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида виждон эркинлиги алоҳида кўрсатилган бўлиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга, деб алоҳида бандлар билан белгилаб қўйилганлиги қувонарлидир.

Турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамиятдаги маданий, диний, лисоний хилма-хилликнинг табиий ҳолат ва инсоний бойлик экани ижтимоий онгда устивор мавқеъ касб этади. Ҳозирда миллий ва диний мансублигидан қатъий назар, ҳар бир инсон ўзини Ўзбекистон фуқароси деб билиб, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида бир хил ва тенг имкониятларга эга бўлган ҳолда фаол қатнашиб келмоқда.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган. Жумладан, Моида сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади: “Сизларни Масжиди Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин! Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.”

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А. Каримов шундай деган эдилар: “Яхшилик нур келтиради, ёмонлик зулмат, дейди доно халқимиз. Ўзбекистоннинг келажаги яхшилик пойдеворига қурилмоғи шарт. Чунки фақат яхшилик боқий яшайди. Одамларнинг одамларга яхшилиги! Юртдошларнинг юртдошларга яхшилиги! Миллатдошларнинг миллатдошларга яхшилиги! Бу Ўзбекистоннинг шиоригина эмас, даъватига, чақириғига, хислатига айлансин. Яхшилик қилган миллатни ҳурматлаш, яхшилик қилган авлодни эъзозлаш тафаккур оламининг қуёшига айлансин. Менинг орзуим ҳам, истагим ҳам, тутар йўлим, асосий қайғу-ташвишим, қувончу севинчимнинг боиси ҳам шу”.
Хулоса қилиб айтганда, тинчлик-осойишталик, халқ фаровонлиги учун ҳар бир киши қўлидан келганича хизмат қилмоғи лозим. Аввало, оилада ота-она ўзаро аҳил-иноқ бўлиб, фарзандларининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишса, унинг соф эътиқод билан ўсиб улғайишини таъминлашса, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, дўст-биродарлар ҳам ўзаро аҳил бўлса, ҳар бир киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўриб, яхши ишларда ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватласа мана шундагина уларнинг ўртасига ҳеч ким адоват сололмайди, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ватан равнақи йўлида хизмат қилинган бўлади.
Юртимизни ҳасадгўйларнинг ёмонлигидан Ўзи сақласин. Берган неъматларининг шукрини адо этишга тавфиқ берсин.