Аррозий ўрта махсус билим юрти

Соҳта-салафийларга ва Содиқ Самарқандийга раддия !

Мусулмонлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти ҳақида фикр юритмасликка буюрилган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: لا تفكروا فى الله و لكن تفكروا فيما خلق الله – “Аллоҳ ҳақида фикр юритманглар! Лекин унинг яратган нарсалари ҳақида фикр қилинглар!”, деган ривоят мавжуд (“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”, 16/4705; “Жомеъ ал-аҳодис”, 16/16700). Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Шуаб ал-имон” асарида: تفكروا فى آلاء الله و لا تفكروا فى الله – “Аллоҳнинг неъматлари борасида фикр юритинглар, Аллоҳ ҳақида фикр юритманглар!”, деган ривоятни келтирганлар (“Шуаб ал-имон”, 1/120). Бошқа ривоятда эса уч марта такрор-такрор: ألا، فلا تفكروا فى الله فتفكروا فى عظم خلق الله – “Эй, огоҳ бўлинг! Аллоҳ ҳақида фикр қилманглар. Аллоҳнинг яратган нарсаларининг улуғлиги борасида фикр қилинглар!”, дейилган (“Канз ал-уммол”, 27/5713). Яна бошқа ривоятда эса: تفكروا فى كلّ شئ و لا تفكروا فى ذات الله تعالى – “Ҳар бир нарса тўғрисида фикр қилаверинг, аммо Аллоҳ таолонинг зоти тўғрисида фикр юритманг!”, дейилган (“ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/3345). Яна бир бошқа ривоятда эса: تفكروا فى الخلق و لا تفكروا فى الخالق – “Халқ ҳақида фикрланг, холиқ ҳақида фикрламанг!”, дейилган (“Канз ал-уммол”, 29/5706).
Динда, айниқса, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида баҳс ва мунозара қилмоқлик ўта хатарлидир. Шунинг учун аксар уламолар, жумла муфассирлар Аллоҳ таолонинг “муташобеҳ” деб аталадиган сифатлари ҳақида, яъни зоҳиран қараганда яралмишларнинг сифатларига ўхшаш қилиб айтилган оятлар тўғрисида: “Бунинг асил маъносини Аллоҳ таоло билади. Бу Аллоҳ таолонинг ўзига лойиқ сифат”, деб кетаверганлар. Жумладан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “Тоҳо” сурасининг 5-оятидаги “истиво” сўзи ҳақида: “Истиво” маълум, лекин қандайлиги номаълум. У ҳақида баҳс (сўз) юритиш бидъатдир!”, деганлари машҳур.
Чунки, бизга аниқ ва равшан далиллар орқали маълумки, қадим – абадий ва азалий бўлган Зот Аллоҳ таолонинг ўзидир! Агар Аллоҳ таолога макон исбот қилинса, ўша маконнинг ҳам қадимийлиги келиб чиқади. Бу ақида эса ботил ва нотўғридир! Бироқ, бизнинг давримизда пайдо бўлган салафийлар айнан Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида фикрлашни, улар ҳақида кўп гапиришни, баҳс-мунозара қилишни хуш кўрадилар. Шунинг учун ҳам, “Аллоҳ осмонда!” дейиш замонавий салафийликнинг энг яққол кўриниши бўлиб қолган. Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган бу тоифа вакиллари ҳар қандай нарсадан беҳожат бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони осмонда деб бот-бот таъкидлаб келадилар ва шундай дейишни ақиданинг устувор рукни сифатида кўрадилар. Бунинг учун аҳли суннат ва жамоатнинг мужтаҳидларини ҳам “Аллоҳ осмонда!” деганлар, деб туҳмат ва бўҳтон қилиб, оммани чалғитиб келадилар. Албатта, мужтаҳид имомларимизнинг бундай деганлари борасида ҳеч қандай ишончли ва аниқ далил йўқ. Бироқ, бунинг учун салафийлар ҳар қандай ишончсиз манбадан фойдаланаверадилар ва айни шу манбалардаги салафийларнинг хатоларини фош қилувчи кўпгина маълумотларни оммадан яшириб келадилар, ўзлари фойдаланаётган манба ва маълумотларнинг асли йўқ, заиф ва тўқима эканлиги борасида эса лом-мим демайдилар. Мақола шу ҳақида:
“Аллоҳ осмонда!” дегувчи салафийларнинг мотуридийларга билдирадиган раддиялари орасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинувчи “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли китобларидан ҳамда муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” номли асарларидан келтирадиган иқтибослари марказий ўринда туради. Салафийлар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига далил қилиб мана шу икки жойдан олинган иқтибосни келтираверадилар. Иқтибосларни келтириб қўявермасдан, ҳақиқий ҳанафийларга, ҳаққоний мотуридийларга таъна қилаверадилар, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деган туҳматни айтаверадилар. Минг йиллардан бери ҳанафий олимларининг мутақаддимлари – олдингилари ва мутааххирлари – кейингилари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма-бир, батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб чиққанлар. Кейинги давр уламоларини ўтган салафларига, ўзларидан олдин ўтган уламоларга эргашмайди, дейиш ҳақиқатдан ҳам уларга нисбатан бўҳтон ва жуда катта туҳмат ҳисобланади. Зотан, аниқки, улар ўз салафи солиҳинлари, ўзларидан олдин ўтган уламолари, мазҳаббошилари, мужтаҳидларининг гапларини, фикрларини ва фатволарини анави салафийлардан кўра минг чандон яхши билишарди, тўғри тушунишарди.
Анави салафийлар бизнинг уламоларимизни, мутааххирин – кейинги давр ҳанафийларини ва бизни ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деб туҳмат қилар эканлар, уларнинг ўзлари у зотнинг ақидадаги ва фиқҳдаги қанча фоиз фатволари ва фикрларига эргашар эканлар?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Имон тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқ қилмоқдир! Амал қилмоқ имоннинг шартларидан эмас! Инсон амал қилмаса ҳам имонли бўлаверади!”, деган гапларига кўнадиларми ва қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Мусулмон киши: “Мен ҳақиқатда ҳам мўъминман!” демоғи лозим, “Мен, иншаАллоҳ, мўъминман!”, дейиш (имонда истисно масаласи) эса нотўғридир”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Аллоҳ таоло восита ва ҳарфларсиз сўзлайди”, деган гапларига ҳам кўнадиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Еру осмон аҳлининг имони озаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи учун, гарчи у катта гуноҳ қилган бўлса ҳам, уни ҳалол ҳисобламаса, кофирга чиқармаймиз, ундан имон номини олиб ташламаймиз ва уни ҳақиқатда мўъмин деб атаймиз”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Ахир,уларга эргашганлар бенамозларни, золимларни, давлат қонунларига амал қилувчиларни кофирга чиқармаяптиларми?! Бу ақидадаги гаплар. Уларнинг ўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳдаги минглаб фатволарини хатога чиқариб, улардан тескарисини айтиб, минг йиллардан бери у зотнинг мазҳабларига ихлос билан амал қилиб келаётган мусулмонлар орасида ихтилоф ва шубҳалар қўзғамаяптиларми?! Уларнинг ўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг минг-минглаб фатво ва масалаларига амал қилмаяптилар-у, бир-иккита айтган-айтмаган масаласига кейинги даврнинг жумҳур уламолари қўшилмагани учун амал қилмаётган ихлосли ҳанафийларни ҳанафийликдан ташқари чиққан деб даъво қилмаяптиларми?! Энди, уларнинг хатоларини айтувчилар фитначи бўлиб қолдими, уларнинг бораётган йўли ва айтаётган ақидалари нотўғрилигини айтганлар мутаассиб бўлдими?!…
Аслида, салафийлар доим келтираётган “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан ва “ал-Асмо ва-с-Сифот”дан олинган иқтибослардаги гапни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган эмаслар! Таъкидлаб айтаманки, “Аллоҳ осмонда!”, деб тўрт мазҳабнинг мужтаҳид имомларининг бирорталари айтганлиги ҳақида саҳиҳ ривоят йўқ! Улар бу иқтибосларни ўзларининг иддиоларини ҳаспўшлаш мақсадида келтирадилар, холос. Аслида, ушбу гапларнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбати шубҳали эканлигини уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Биз эса бошқа мўъмин-мусулмонлар, салафий бўлмаган ва ваҳҳобийликка мойил бўлмаган ватандошларимиз уларнинг бу ҳийлаларидан огоҳ бўлишлари ва ҳақиқатни билиб қўйишлари учун мазкур мавзуни алоҳида кўриб чиқишга мажбур бўлдик.


Манба Fecbook саҳифасидаги Толиби илм номли профилдан олинди.