Аррозий ўрта махсус билим юрти

МЎМИН ОГОХ ВА ТАДБИРЛИ БЎЛМОҒИ КЕРАК

21 асрда дунё халқлари ҳаётида глобаллашув жараёнида жуда катта оламшумул ўзгаришлар кузатилиб, инсон томонидан кўплаб янги кашфиётлар қилинди, ер ости ва ер усти бойликларининг мисли кўрилмаган қисми ўзлаштирилди. Айниқса, техника мислсиз даражада тараққий этди. Бу ишлар албатта инсонлар учун кўп имкониятлар ва қулайликларни яратиб берди. Лекин шу билан биргаликда глобал миқёсдаги кўплаб муаммоларни ҳам келтириб чиқарди.

Жумладан, озиқ-овқат тақчиллигининг кучайиши, тоза сувнинг етишмаслиги, тикланмайдиган ресурслар захирасининг камайиши, энергетика захираларига эҳтиёжнинг ортиб бориши, сайёрамиз минтақаларининг нотекис ривожланиши, атроф муҳит ҳолатининг ёмонлашуви, Ер сайёраси ҳароратининг кўтарилиб бораётганлиги, завод, фабрика ва автомобиллардан чиқаётган ис гази миқдорининг ошиб кетиши, ҳайвонот ва наботот оламининг инсон омили сабабли инқирозга учраб бораётганлиги, бедаво касалликларнинг кўпайиб бораётганлиги, маданий ва маънавий қадриятларнинг инқирози, фахш бозорининг кенгайиши, одам савдоси, гиёҳвандлик, терроризм ва ҳоказоларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Хусусан, 1 — Президентимиз Ислом Каримов томонидан 2015 йил 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўлланган байрам табригида “Бугунги кунда бизнинг яқин ва олис ён-атрофимизда вужудга келаётган вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётганини, яъни пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни ҳал этишда куч ишлатишга зўр бериш устунлик қилаётгани, хомашё ресурслари ва коммуникациялар устидан назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобатнинг ошгани, ядро технологиялари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизмнинг кенг тарқалаётган экспансиясининг фаоллашуви, миллатлар ва конфессиялараро можароларнинг кучаяётганини эътироф этмаслик мумкин эмас” – деган фикрларида ҳам дунёдаги кўплаб глобал муаммолар айтиб ўтилганлигини кўришимиз мумкин.

Ўтган асрда дунё мамлакатлари учун ядро полигонлари катта хавф туғдирган бўлса, бугунга келиб, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги ривожи маҳсули ўлароқ мафкуравий полигонлар, улар воситасида амалга оширилаётган ахборот ҳуружлари инсонлар бошига кулфат ёғдираётган, давлатларни инқирозга учратаётган, нотинчликни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим ғаразли ниятдаги кучлар томонидан моддий манфаатдорлик ҳамда ҳукмрон бўлиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тизими орқали кўпроқ ёшларнинг онгини захарлаб, уларни ўзларига сўзсиз итоат этувчи манқуртлар қўшинига айлантиришга бўлган уринишлар тинимсиз тарзда олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмасдан, яъни динга мойиллиги борларни дин билан, дунёга мойиллиги борларни пул билан, енгил елпи ҳаётни маъқул кўрувчиларни ҳар хил кўнгил очар дастурлар билан ўзлари томонга оғдириб олиб, улар орқали ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қилишмоқда.

Бундай кучлар томонидан амалга оширилаётган ахборот хуружлари халқлар, давлатлар, минтақалар ҳаётига ва келажак тақдирига жуда катта таҳдид солмоқда. Инсон қалби ва онги учун бўлган бундай курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасида дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Бугунги кунда дунё бўйича дин ниқобидаги террористик ташкилотлар тахминан 800 дан зиёдни ташкил қилса, шулардан 90% дан зиёди муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб олган гурухлардир.

Аслида Ислом дини дунёдаги бошқа динларга нисбатан олганда ҳам энг зулмга, зўравонликка ва унинг ҳар қандай каттаю-кичик кўринишига қарши курашганлиги, кишилар ва халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этганлиги нафақат мусулмонлар, балки бошқа эътиқод вакиллари томонидан ҳам эътироф этилган айни ҳақиқатдир.

«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка — зулм қилмасликка чақиради: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208).

Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205).

Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32).

Лекин минг афсуски, XXI асрда Ислом динини инқоб қилиб олган, асли Исломдан жуда узоқ бўлган гуруҳлар томонидан амалга оширилган хуружлар оқибатида минг-минглаган бегуноҳ инсонлар даҳшатли тарзда бевақт оламдан ўтди ва ўтмоқда. Яқин Шарқ ерларидаги бу хунрезликларнинг муқаддас Ислом динимиз номидан ҳамон давом эттирилаётганлиги барчамиз учун аччиқ ҳақиқатдир.

Уларнинг амалга ошираётган хунрезликларидан хулоса чиқарган ҳар бир теран фикрли инсон яхши биладики, уларнинг асл мақсадлари динни қоим қилиш эмас, балки инсонларнинг молига ва жонига ноҳақ эгалик қилишдир.

Шундай экан, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун ёшларда энг аввало, огохлик, хушёрлик, дахлдорлик ҳиссини кучайтириш даркор. Уларнинг лоқайдликка берилиб қолишларининг олдини олишимиз зарур. Хушёрлик ва дахлдорлик бу шахснинг ён-атрофида бирор нохушликни кўрганида бепарво бўлмаслиги, бу кўнгилсизлик бугун унга зарар келтирмаётган бўлса, балки эртага ўзининг ҳам бошига тушиши мумкин эканини ҳис қилган ҳолда яшаши демакдир.

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси