Аррозий ўрта махсус билим юрти

Шайх Абдулҳамид Кишк раҳимаҳуллоҳнинг хотималари қандай бўлганини биласизми?

20-асрнинг таниқли воизларидан бири, ўзидан 2 мингдан ортиқ ёзувли мавъизалар, 108 та китоб қолдирган, "Минбарлар чавандози" лақабини олган мисрлик Абдулҳамид Кишк раҳимаҳуллоҳ бўлиб, Қуръони Каримга ўн жилддан иборат "Фий риҳаабит тафсийр" номли тафсир ёзганлар.

Шайхнинг вафоти жуда ибратли бўлганини кўплаб кишилар таъкидлашади. Шайхнинг фарзандлари, Шайх Муҳаммад Ҳассан, Шайх Абдулазим Бадавий ва бошқалар Шайх Абдулҳамиднинг гўзал хотима топганларини айтишган. 

1996 йил 6 декабр Жума куни эди. Шайх бомдодни ўқигач, Қуръони Каримдан ўқийдиган вазифаларини ўқиб, зикрларни айтадилар. У киши бу вазифани доим бажариб юрар, вазият қандай бўлишидан қатъи назар уларни қолдирмасдилар. Вазифаларни бажариб, зуҳо намозини ҳам ўқиб бўлганларидан сўнг бироз ухлайдилар ва уйқудан "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар" деб уйғонадилар. Кейин аёли ва фарзандларини ёнларига чорлаб, "Бугун тушимда кимни кўрганимни биласизларми? Тушимда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Умар розияллоҳу анҳуни кўрдим. Мен хонтахта устида ётибман, Умар розияллоҳу анҳу мени ўтқизиб қўйдилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени муборак қўллари билан юва бошладилар, Умар розияллоҳу анҳу эса сув қуйиб берар эдилар" деб кўрган тушларини айтиб берадилар. Кейин Шайх қўлларини кўтариб, "Аллоҳдан бугунги кунимни Унга йўлиқадиган кун қилишини сўрайман" деб дуо қиладилар. 

Шайхнинг яна бир дуолари ҳам бор эдики, у овозли мавъизаларда ҳам ёзилиб қолган. Бу "Ё Аллоҳ, мени имом ҳолимда яшатгин ва имом ҳолимда вафот эттиргин. Эй оламларнинг Робби, менинг жонимни ҳузурингда сажда қилиб турганимда қабз этгин" деган дуодир. 

Шайх Жумъа намозига таҳорат олиб, масжидга чиқиш олдидан 2 ракат нафл ўқимоқчи бўладилар. Намозни ўқиб, 2-ракатнинг 2-саждасида узоқ қолиб кетадилар. Фарзандларидан бири отасининг нафас олаётганини текшириш учун яқинларига келади, Шайх қимир этмасдилар. Яна бир ўғиллари отасининг қулоғига яқин келиб пичирласа ҳам у кишидан жавоб бўлмайди. Ўғиллари ножам бўлиб, "Отажон, отажон" деб чақиради. Аммо оталари индамайдилар. Омонатни топширган эдилар. Шайх ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмай, сажда ҳолатида турардилар. 

У кишининг айтиб юрадиган дуоларидан бири "Ё Аллоҳ, Сендан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларида ўлишимни сўрайман" дуоси эди. Буни қарангки, ўша куни Шайх 63 ёшда эдилар. 

Аллоҳ таолонинг халқлари устида жорий қилиб қўйган суннатларидан бири шуки, ким ниманинг устида яшаса, ўшанинг устида ўлади, ким ниманинг устида ўлса, ўшанинг устида тирилади. 

Аллоҳ таоло ўтган барча уламоларни, жумладан, Шайх Абдулҳамид Кишкни раҳматига олсин! Хато, камчиликларини мағфират этиб, Исломга, Қуръони Каримга ва мусулмонларга қилган хизматларини муносиб тақдирласин!

https://t.me/nozimjonuz