Аррозий ўрта махсус билим юрти

Абул Баракот ал – Ғуззий ёҳуд Таомланишдаги мусулмон кишининг одоблари хақидаги рисола

Абул Баракот Муҳаммад ибн Муҳаммад  ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бадр ибн Усмон ибн Жобир ал – Ғуззий ал – Омирий ал – Қураший аш – Шофеъийдир. Абул Баракот ал – Ғуззий 904 – 984 ҳижрий йилларда яшаб ўтган. У аҳли сунна вал жамоа уламоларидан бири ҳисобланади.

Абул Баракот ал – Ғуззий 904 ҳижрий сана 14 – зулқаъда душанба кечаси туғилди. У ёшлигидан илм талаб қилиб, Муҳаммад ал – Бағдодий, Муҳаммад ибн Сабкий, Муҳаммад Нашоий, Муҳаммад Ямоний каби замонасининг улуғ шайхлардан Қуръони Каримни ўрганди.

Шайх Сумъатул Қорий унга  Қуръони Карим тажвидини ўргатди. Ўнта қироатнинг ривоятларини эса, Шайх Бадриддин Али ибн Муҳаммад Санҳудий, Шайх Нуриддин Али Ашмуний ал – Муқриъ ва Шайх Шамсиддин Муҳаммад Даҳшурийдан олди.

Фиқҳ, араб тили ва мантиқни отаси Шайх Розийюддиндан ўрганди. Отасидан кейин фиқҳни кўпроқ Шайхул – ислом Тақиюддин Абу Бакр ибн   ал – Қозий  Ажлундандан таълим олди. Ва ундан ҳадис ҳам эшитди. Сўнгра ҳадис ва тасаввуфни  Шайх Бадриддин Ҳасан ибн Шувайх ал - Мақдисийдан ўрганди.

Кейин отаси билан бирга Қоҳирага кўчиб келиб, у ерда Шайхул ислом Закариё ал – Ансорий, Бурҳон ибн Абу Юсуф, Бурҳон ал – Қолқашандий, ал – Қисталоний ва бошқалардан илм олди.

Абул Баракот ал – Ғуззий илм билан машғул бўлиб отаси билан Мисрда 5 йил қолди. Ўшандан олдин отаси унга Ҳофиз Жалолиддин ас – Суютийдан ижозат олиб берганди. У шайхлари тириклигидаёқ илмда моҳир бўлди, дарс берди, фатво берди ва китоблар таълиф қила бошлади.

Кейин у отаси билан Қоҳирадан Дамашққа  қайтди. Қоҳирадан қайтганидан кейин дарс бериш билан шуғулланди ва унинг атрофига кўпгина талабалар тўпланди. У ўша пайтда 17 ёшда эди.

Абул Баракот ал – Ғуззий умрининг охиригача дарс бериш ва китоблар таълиф қилиш билан машғул бўлди. Талабаларга кўп хайр – эҳсонлар қиларди ва уларни кийинтирарди.

Агар у бирор китобни дарс бериб ёки тасниф қилиб тугатса, зиёфат қилиб берарди ва тантанали хатм қиларди. Унга улуғ инсонларни ва қориларни чақириб, уларни меҳмон қиларди. Сўфийларни яхши кўрарди ва уларни икром қиларди. Агар улардан шариат ман қилган бирор нарсани эшитса, уларга танбеҳ берар ва насиҳат қиларди.

Абул Баракот ал – Ғуззий 984 ҳижрий йил 16 – шаввол  чоршанба куни вафот қилди. У зотнинг жанозаси Умавий жомеъсида пайшанба куни пешиндан кейин кўп жамоат билан ўқилди. Унинг жаноза намозини Дамашқдаги шофеъийларнинг бош муфтийси Шайх Шиҳобиддин Айсовий ўқиди. У зот Дамашқдаги шайх Арслон қабристонига дафн қилинди. 

(Аллоҳ таоло Абул Баракот ал – Ғуззийни ўз раҳматига олсин).

М.Собиров
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси