Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЧИРОЙЛИ ХУЛҚ-ГЎЗАЛЛИКДИР

 Инсон жасад ва нафсдан иборатдир. Жасад тана кўзи ила, нафс қалб кўзи билан идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл шамоили, чиройли ва хунук сурати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам амаллар яхши бўлса, “яхши хулқ” деб, ёмон бўлса, “ёмон хулқ” деб аталади.

Бадан еб ичиш ва тарбия билан мукаммал бўлгани каби, нафс ҳам тўлдирилишга мухтож ҳолда яратилган. Агар бадан соғлом бўлса, табибнинг вазифаси кишининг соғлиғини сақлаш бўлади. Агар у бемор бўлса, соғлигини тиклашга ҳаракат қилиши керак бўлади.

Баданнинг хасталигига сабаб бўлган иллатни унинг зидди билан даволанади. Иссиқлик сабабидан хаста бўлган бўлса, унга совуқлик берилади. Тескариси бўлса аксинча даволанади.

Шунинндек ахлоқнинг бузуқ бўлишига сабаб бўлган қалб ҳасталиклари ҳам ўзининг зидди ила даволанади. Мисол учун, жохиллик дарди илму-маърифат билан даволанади. Бахиллик дарди сахийлик билан, кибр эса тавозуълик билан даволанади.

Пайғамбаримиз(сав) ҳам хулқ борасида ўрнак бўлганлар ва пайғамбар бўлиб келишларидан кўзланган асл мақсад ҳам камоли хулқни тиклаш эди. У зот (сав) бу ҳақида шундай деганлар: “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим ”, деганлар.

Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. мисол учун, “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти” дейилади.

Одоб масаласи исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Шунинг учун машойиҳларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблиги билан қулайди”, деганлар.

Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобга амал қилган кишиларга ажр савоб ваъа қилинган.

Барча замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Ҳусни хулқ ҳақида хадиси шарифларда қуйидагича ривоятлар келган:

Абу Дардо р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в: “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир” дедилар. Умар ибн Хаттоб р.а. “Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар ”, деб айтганлар.

Саҳл ибн Ҳанзалийядан ривоят қилинади: Бизга Расулуллоҳ с.а.в: “Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. бас, либосингизни тузатинг, эгар юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг ” дедилар.

Демак мўминликни даъво қилган ҳар бир киши чиройли хулқ эгаси бўлиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши керак.

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси