Аррозий ўрта махсус билим юрти

ЖАҲОННИ ТАНАЗЗУЛГА УЧРАТГАН МАДАНИЯТ

Жаҳонда ривожланиш жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан кириб келиши, ҳозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда.  Бу эса Ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” ва “ эркинлик ва демократия” деган ниқоблар остида ахлоқий беҳаёлик, индивудиализм ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, Ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда.

Бундай ёвуз мақсадлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг муқаддас маънавий фазилатлари бўлган ибо ва ҳаё, оила муқаддаслиги каби қадриятларимизга салбий таъсир қилиши шубҳасиздир. Ҳақиқатдан ҳам “оммавий маданият” деб аталмиш ғоялар турли йўллар билан мамлакатимизга, яъни кинолар, турли хил жинсий беҳаёликни акс эттирувчи кассеталар, радио, телевидение, китоблар ва ҳатто қўл телефонларига ёзиб бериш орқали ёшларимиз онгига таъсир қилмоқда.

Оммавий маданият нима ўзи? Бу энг катта авратлар (уят жой)дан бошқа жойини очиб юришми, ёки ўзбек аёлларининг тор шим, калта юбка, енги йўқ кўйлаклар кийиб, сочларини сап-сариққа бўяб, ёйиб юришими? Ёки бўлмасам ўзига бек, ўзбек йигитларининг қулоқларига сирға осиб сочини кўзигача ўстириб аёллар қаторидан жой олишими? Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай деб марҳамат қиладилар: “Кимки ўзини бир қавмга ўхшатса у ўшалардандир”. Қаранг-а, биз ўзимизни ўшаларга ўхшатиш билан қандоқ оғир гуноҳга ботяпмиз. Одамлар “Замон ўзгардида” деган нотўғри фикрни айтишади. Замон ўзгаргани йўқ, замон Аллоҳники. Лекин оммавий маданият туфайли одамлар ўзгарди. Бундаги энг катта айбдорлик, албатта ота-онага, яъни оилага юкланади. Қиз ўз отаси, ака-укалари олдида бемалол, хоҳлаганча кийиниб юради. Отасидан, ака-укаларидан ҳаё қилмаган қиз, кўчада бегона эркаклар олдида қандай қилиб ҳаё қилсин? Ахир биз ота – оналар қиёматда фарзандларимиз тарбиясидан сўраламизку.
Тарбияда лоқайдлик ва эътиборсизлик сабаб, баъзи ёшлар бугунги кунда лаззатни турли нарсалардан ахтара бошлашди. Айниқса, гиёҳвандликдан, ундай бўлмаса интернетдан. Интернетдаги турли хил фаҳш ва бузуқ сайтларнинг ёки диний экстремизм ғояларининг нотўғри тарғиб, ташвиқотларига қизиқиб, шу йўлга кириб қолаётганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Юқоридаги кўнгилсиз касалликларни (буларни касаллик деб атасак ҳам бўлади. Чунки “Оммавий Маданият” турли-хил касалликарни юқтирмоқда) олдини олиш учун аввало ўзимизга қарайлик, кейин оиламизда ўсиб улғайиб келаётган қизларимизни одобли, ахлоқли қилиб тарбиялайлик. Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳдан (с.а.в) сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ! Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: ,,Аллоҳ таоло инсонларга инъом қилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”.
Кечаларнинг бирида Абу Дардо (р.а) намоз ўқиш учун ўринларидан турдиларда, тонг отгунча: “Эй Аллоҳ! Мени чиройли қилиб яратганингдек ахлоқимни ҳам чиройли қил!” деб йиғлаб чиқдилар. Шунда аёллари ундан: “Эй Абу Дардо! Нима учун тун бўйи қилган дуоингиз фақат аҳлоқингизни чиройли ва яхши қилиш ҳақида бўлди”, деб сўраганларида, У киши: “бир мусулмон банда ўз аҳлоқини яхшилашга ҳаракат қилавериб, охири шу яхши ахлоқи уни жаннатга киритди. Агар у аҳлоқини ёмон қилаверса, шу ёмон ахлоқи уни дўззахга киритади”, дедилар.

Бизнинг аждодларимиз қадим-қадимдан комил инсон ҳақидаги шарқона аҳлоқий мезонларни ва комил шахснинг маънавий қирраларини ишлаб чиқиб ҳалқимиз онгу тафаккурида асрлар давомида сайқал топган ору-номус, уят  ва андиша, шарму-ҳаё, ибо ва иффат, камтарлик, катта-кичикларга ҳурмат каби юксак маънавий хислатлар ҳаётимизда амал қилиб келмоқда. Бундай халқимизга мос эзгу ва гўзал аҳлоқий фазилатлар муқаддас маънавий қадриятларимизнинг асл мазмунини  ва моҳиятини ташкил этади. Бу каби ҳалқимизнинг гўзал миллий фазилатларимиз ўрнини ғарбона беҳаё, беибо аҳлоқий урф-одатлар эгаллашига асло йўл қўйиб бўлмайди. Оммавий маданият ниқоби остидаги мураккаб мафкуравий жараёнларни чуқур илмий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиб, миллий маънавиятимиз маданиятимиз ва манфаатларимизга зид бўлган зарарли урф-одат ва мафкуравий хуружларнинг асл мақсад ва моҳиятини очиб бериш асосида, ёшларни ўзининг мустақил фикрига эга турли ибо ва ҳаёсиз маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи, ўзбек халқига хос миллий ғурурли, ватанпарвар, ғоявий чиниққан инсонлар қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.Мамлакатимизда ёшлар аҳолининг энг кўп қисмини ташкил этиб турибди. Уларни “оммавий маданият” глобаллашуви даврида ғарбнинг ана шундай одатларига томон тобора тойиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди. Негаки, айрим жузъий одатга ва урфга айланган ҳолатларнинг тез илдиз отаётганини томошабин бўлганимизча кузатиб ҳам турибмиз.  Олайлик оддийгина қадриятимиз-ёшларнинг маълум бир тоифаси гўзал одатимиз бўлган ўзбекона сўрашиш, саломлашиш одатининг “янгиқирралари” ни аллақачон ўзлаштириб олишди-ку. Ёш йигитчалар бошни бошга теккизиб, ҳол-аҳвол сўрашиш ҳолатини ўзларининг саломлашиш одатига айлантириб олишди.

М.Авезов
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси