Аррозий ўрта махсус билим юрти

Ватанни севиш иймондандир!

Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.

Ватан (араб. – “она юрт”) кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод
ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакат. Ватан бир-бирини тақозо этувчи (уй, маҳалла, шаҳар, қишлоқ, мамлакат каби) бир қатор ҳудудларни ўзида ифодалайдиган, ижтимоий муҳит ва инсон, унинг ҳаёти каби кўплаб маънавий тушунчаларни ўз ичига олади, авлодлар туғилиб ўсган ва камол топган жой, замин, ўлкани англатади. Шу боисдан Ватан бу – бир замин, ўлкада яшаётган кишиларни миллати ёки динидан қатъи назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчадир.

Мусулмон мутаффакири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир” деб таъриф берган.

Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: “Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) сизлардан “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз” (“Бақара” сураси, 84-оят)”.

Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).

Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламида Абу Бакир Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ Мадина шаҳрида иситмалаб қолиб, юртларини соғинчларини армон билан баён қилганликлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Мадинани Макка каби маҳбуб этишни сўраб дуо қилганлари ҳақида ҳадис ривоят қилинган.

Ушбу ҳадис икки буюк саҳоба Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида юриш, ваҳийлардан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлишлари баробарида Ватанини соғиниб яшаганларидан далолат беради.

Атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби ва саркардаси, ислом мутафаккири Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни ёзган:

Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,

Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.

....

Ватанни дўст тутиш иймонидин эрмиш,

Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.

Ватанни севмаганлар биздан эрмас,

Буни ким билмаса иймонга кирмас.

Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо қилиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади.

Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос колган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”. Шунингдек, Бош Қомуснинг 49-моддасига “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар”, деб қайд этилган.

Ватанни ардоқлаш азалдан ўзбек халқига хос хусусият бўлиб келган. Қадимда юрт учун донғи кетган Форс қўшинини маҳв этиш мақсадида жонини фидо қилган оддий массагет чўпон йигити Широқ, Малика Тўмарис ва бошқа юзлаб фидоийлар ватанпарварикнинг юксак намунаси ҳисобланадилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табрикларида таъкидлаганларидек: “Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишимиз шарт”.

Ватанни сергак қўриқлайдиган ва ҳимоя қиладиган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетганда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб (ухламаган) кишини”, - деб марҳамат қилганларини (Сунани Термизий, 1639-ҳадис) қайд этиш жоиз.

Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Жумҳур уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ўз ифодасини топиши лозим эканини таъкидлайдилар:

- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъ яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);

- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Иккинчи жаҳон уруши даврида 538 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетган. 200 мингдан зиёд ўзбекистонликлар жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Улардан 301 нафари Қаҳрамон унвонига, 70 нафари учта даражадаги “Слава (Шуҳрат)” орденига сазовор бўлган.

Юқорида қайд этилганлар ватанпарварлик, юрт ҳимояси муҳим ва муқаддас бурч, улкан савоб экани, шунингдек, бундай фазилатга эга бўлиш мусулмонларнинг асосий хусусиятларидан бири эканидан далолат қилади.

Аксинча, қадимдан ўзбек халқи ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: мамлакат манфаатларига хиёнат килиш, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш, душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш, турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи, Ватанидан воз кечиш, киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш ва ҳоказолар.

Ватанфурушлик заминида моддий, сиёсий ёки бошқа кўринишдаги шахсий манфаатлар ётади. Тарих далолат берадики, ватанфурушлар ҳамма вақт ўз юрти ва халқининг нафратига дучор бўлган.

Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).

Ислом тарихида “Ҳандақ жанги” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган маккаликлар етакчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ жазо берганлар. Уларнинг раҳбарлари қатл этилган, эргашганлари Мадина шаҳридан бадарға этилган. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.

Ҳеч шубҳасиз, барчамиз биргаликда Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаймиз.

Шундай экан, она-Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонни гуллаб яшнашига, юртимиз тинч-осуда бўлишига барча шу юртда, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши керак.

 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Манбалар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги. Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти. https://president.uz/uz/lists/view/4078
  2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи. ЎзА сайти, 09.05.2020 й., uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-buyu-09-05-2020.
  3. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: “Ўзбекистон” НМИУ, 2017, 2018. – 17,18 б.
  4. Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети; таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012. – 13 б.
  5. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2-китоб. 1-китоб. 3188-ҳадис. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 563 б.
  6. Имом Абу Исо Ат-Термизий. Сунани Термизий. – Байрут: Дору иҳё ат-туросул арабий нашриёти, 2000 й. 4-жуз. – 93-б.
  7. Имом Абу Исо Ат-Термизий. – Байрут: Дору иҳё ат-туросул арабий нашриёти, 2000. 5-жуз, 3926-ҳадис. – 723-б.
  8. Миллий ғоя: тарғибот технологиялари ва атамалар луғати. – Т.: “Akademiya”, 2007. – 108-109, 111-112 б.
  9. Ислом маърифати: аслият ва талқин./Ўқув қўлланма/. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2011. – 16-18, 20-21-б.